Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Зарбдор ойликда астойдил ишлайлик!

Зарбдор ойликда астойдил ишлайлик!

Аҳолини  озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бандликка ҳисса қўшиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш баробарида реал даромадни ошириш ва одамларнинг турмушини фаровонлаштиришда аграр соҳанинг имкониятлари беқиёс. Қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил етиштириш айнан бугунги агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишга боғлиқдир.

Жорий йилда вилоятимиз деҳқонлари 78,5 минг гектар майдонда ғалла ўстирмоқда. Мутахассисларнинг маълумотига  кўра, ўтган йил кузида экилган буғдойзорларнинг ҳолати ёмон эмас. 86,7 минг гектардаги ғаллазор найчалаган, 8,2 минг гектар майдондаги буғдой бошоқлаган. Аммо ривождан орқада қолаётган ғаллазорлар 4 минг гектардан ортиқдир. Ана шу майдонларда ўсимлик парваришини кучайтириш учун қўшимча суспензия ўтказилиши лозим.

Ғаллани баргидан озиқлантириш минерал ўғитлар самарадорлигини оширади ва ўсимликнинг  сувга бўлган талабини 25  фоизгача камайтиради.  Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Ғалла ҳосилдорлигини ошириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари апрель ойида ғаллазорларда камида 2 марта суспензия сепишни ташкил этилишига алоҳида эътибор беришлари шарт.

Март ойининг биринчи ярмида ёққан ёмғирлар туфайли айрим тажрибасиз фермерлар “ғаллани суғормаса ҳам бўлади”,  деган фикрда юришибди, бу эса ўсимлик ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Фермер хўжаликлари раҳбарлари бепарволикдан воз кечиб, канал ва ариқларда оқиб турган сувдан тежаб фойдаланиш ва ғаллазорларни қондириб суғоришни ташкил этишлари талаб этилади. Афсуски, назорат сусайтирилгани учун лимит асосида ажратилаётган оби ҳаётнинг 25 фоизи зовурларга оқаяпти. Ҳар бир контурдаги ғаллазор бошига маҳаллий ўғит чиқариб, майсаларни шарбат усулида суғоришни ташкил этиб, ҳосилдорликни ошириш чоралари кўрилиши лозим.

Ҳавонинг исиб кетиши ва ёғиб ўтган ёмғирлар натижасида ғалла майдонларида бегона ўт, айниқса, оқбош, сули, рапс кўпаймоқда. Бегона ўтларга қарши зудлик билан гербицидлар сепиш ва барча аъзоларни жалб қилган ҳолда оқбош ва ҳар хил ўтларни юлиб чиқиш лозим. Акс ҳолда, бегона ўт ғалла озуқасига шерик бўлади, зараркунандаларни кўпайтиради ва энг асосийси, ўрим даврида комбайнлар иш унумини пасайтиради.

Бугун вилоят қишлоқ хўжалигидаги долзарб вазифалардан яна бири чигитни қулай муддатда экиш ва уруғни ернинг табиий намида ундириб олишдан иборат. Шундай қилинса, сув ҳар томонлама тежалади. Жорий йилдан эътиборан тўртинчи, бешинчи сортга сотиладиган пахта ҳеч кимга керак эмас. Ҳар бир фермер хўжалиги етиштирадиган ҳосилининг 90 фоизини олий навларга сотишни бугундан ўйламоғи ва шунга яраша зарбдорчасига меҳнат қилмоғи зарур. Бунинг учун чигит экишни қисқа фурсатда якунлаб, уруғни тўлиқ кўкартириб олиб,  эртачи ишлов бериш ва эртачи ҳосил етиштириш талаб қилинади. Ғалла, ғўза парваришида зарбдор ойлик эълон қилиб, бутун ишчи кучи ва техникани дала ишларига сафарбар этишимиз лозим.

Қишлоқ аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бири бу — то-морқадир. Воҳада томор-қадан унумли фойдаланаётган, бир мавсумда икки-уч ҳосил етиштириб, мўъжазгина жойдан 15 миллион сўмлаб даромад топаётган тадбиркор деҳқонлар жуда кўп.  Жойларда ташкил этилаётган штаб ва ишчи гуруҳ вакиллари апрель ойини томорқага экин экиш ойлиги деб эълон қилиб, бўш турган томорқаларга ҳар хил экинлар экилишини ташкил этишлари, “Томорқа-хизмат” корхоналари аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиб, ҳар қарич ердан сама-рали фойдаланиш чораларини кўришга бош- қош бўлишлари шарт. Томорқалар  ҳосили мўл бўлса, турмушимиз фаровонлашиши, бозорларимиз арзон бўлишини унутмайлик.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE