Бош саҳифа / Жамият / Зангори олов қадри

Зангори олов қадри

Яқинда ёғиб ўтган ёмғир одамларни бироз огоҳликка чақириб қўйди. Қиш остонада эшик қоқиб турганда хаёлингиздан биринчи уй-жойингиз, бу йил қишни қандай ўтказар эканмиз, деган фикр ўтади. Хонадонингизда газ, электр бўлса-ку бир нави, бўлмаса-чи? Унда ҳар доимгидай ўтин ёки тезак ёқиб қишни қаршилашга тўғри келади.

Қишлоқда-ку бир иложини қилса бўлади. Аммо шаҳарда электр ёки газ бўлмаса, ўйлаб кўринг, қандай манзара зоҳир бўлади.

Яқин ўтган ҳафталар мобайнида Термиз шаҳрида табиий газнинг вақтинча ўчирилиши аҳоли учун кўплаб муаммоларни юзага келтирди. Нон цехлари, новвойхоналар ишламаганлиги боис бозорда бир дона нон 5 мингга чиқиб кетди. Ўрни келса, пулга ҳам нон топилмади. Шундай кезларда аҳолида, “Ахир газ идорасидагилар олдиндан аҳолини огоҳлантиришса бўлмасмикан?” деган ҳақли савол пайдо бўлади. Ростдан ҳам, газ ва электр тармоқлари корхоналари қачон истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инобатга олишади? Таъминотчилар қачон истеъмолчиларнинг иззатига етишади? Шу каби саволлар билан Сурхондарё газ таъминоти вилоят ҳудудий филиали бошлиғи Эркин Муродовга мурожаат қилдик.

—Хоҳлаймизми йўқми, кунлар совий бошлаши билан аҳолида бу йил қиш қандай келаркин, газ бўладими йўқми, деган ҳадик пайдо бўлади. Айтингчи, корхона томонидан бу йилги куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилди?

— Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзтрансгаз” акционерлик жамияти бошқаруви томонидан жорий йилда аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида тасдиқланган режа-топшириқлар бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Вилоят бўйича газ тақсимлаш шахобчалари, газ қувурларининг ҳаво босими остида зичликка синаш ва тозалаш, ер ости газ қувурларининг ҳолати махсус техникалар ёрдамида тўлиқ текширувдан ўтказилди.

Шунингдек, газ қувурларини бўёқлаш, мукаммал таъмирлаш режаси 4,5 километр режалаштирилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 8,16 километр масофани ташкил этди. Ер усти ва ер ости газ қувурлари тўлиқ ва мукаммал таъмирланди. Вилоят бўйича 2018 йилда газ қувурларини реконструкция қилиш режаси 4,1 километр белгиланган бўлиб, амалда 6,95 километрни ташкил этди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги 23 та қишлоқдаги 1382 та уй-жой қурилишини инобатга олиб, шундан 1194 та уй-жойни табиий, 188 та уй-жойни суюлтирилган газ билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар ушбу уй-жойларни табиий газ билан таъминлаш учун 3,06 километр газ қувурлари тортилиб, 280 миллион сўм маблағ сарфланди.

— Газ таъминоти тизимида аҳолига яратилаётган қулайликлар ҳақида гапирсангиз?

— Суюлтирилган газ билан таъминланадиган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун жорий йилда 62 170 дона маиший газ баллонлари етказиб берилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 66 602 дона маиший газ баллонлари олиб келиниб, хонадонларга етказиб берилди.

Суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш ва узлуксиз етказиб бериш мақсадида 20 дона “ISUZU” русумли махсус автомашина олиб келинди. Шунингдек, Термиз ва Денов шаҳарларида 3 та стационар газ тақсимлаш қурилмаларининг бинолари мавсумга шай ҳолга келтирилди.

— Сўнгги йилларда Термиз шаҳрида кўп қаватли турар-жой бинолари қурилмоқда. Ушбу уй-жойларни узлуксиз табиий газ билан таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Термиз шаҳридаги барча турдаги истеъмолчилар, жумладан, янгидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида жорий йилда L-1,2 километр ер усти ва ер ости газ қувурлари мукаммал таъмирланди ва L-1,75 километри реконструкция қилинди. Бундан ташқари, L-4,8 километр ҳар хил диаметрдаги газ қувурлари янгидан тортилмоқда.

— Кейинги пайтларда Термиз шаҳрида табиий газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бунинг сабаби нима?

— Ўзингизга маълум, бутун мамлакатимиз миқёсида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 2018 йил 13 сентябрь ҳамда 4-5 октябрь кунлари Музработ — Душанбе магис- траль газ қувурларининг Термизга келувчи қисмида куз-қиш мавсумига барқарор тайёргарлик кўриш ишлари олиб борилганлиги сабабли табиий газ таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилди. Аммо бугунги кунда Термиз шаҳрининг барча турдаги истеъмолчилари узлуксиз ва бир маромда табиий газ билан таъминланмоқда.

— Туманларда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашдаги узилишларнинг сабаби нимада?

— Бугунги кунда суюлтирилган газ баллонларини ташувчи “ISUZU” русумли махсус автомашиналар сони 97 тага етди. Натижада, ойлик суюлтирилган газ миқдорининг ташиш қуввати 5 500 тоннага етказилди. Вилоят бўйича жами газ баллонлари сони 613 минг донани ташкил этади, лекин ҳали маиший газ баллонларига эҳтиёж катта.

Ангор, Шеробод, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон, Денов, Термиз, Олтинсой ва Узун туманларида жами 9 та қабул қилиш ва суюлтирилган газ билан тўлдирилган маиший газ баллонларни сақлаш ва аҳолига тарқатишга мўлжалланган сервис марказлари қуриб фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, ўтган йилда қурилиши якунланмаган 5 та сервис маркази ишга тушди. Натижада, жорий йилда сервис марказлари сони 14 тага етди.

Таъминотдаги узилишларнинг сабабларидан бири, суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи заводларда жорий йил май-июль ойларида таъмирлаш ишлари олиб борилди ва газ олиш ҳажми сезиларли равишда камайди. Шу сабабли, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда бир муддат узилиш кузатилди.

— Қишлоқ аҳолисининг гувоҳлик беришича, суюлтирилган газ таъминоти фақат нақд шаклда амалга оширилар экан. Тўловларни терминал орқали амалга ошириш имкони борми?

— Ҳозирги кунда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда асосан, нақд пул кўринишида 1 килограмм суюлтирилган газ учун 800 сўмдан (1 та катта газ баллони учун 16 000 сўм) маблағ ундирилмоқда. Агар фуқаролар истаса, банк шахобчаларида пластик карталар орқали тўловни амалга ошириб, патталарни тақдим қилишлари ҳам мумкин.

— Куз-қиш мавсумида, умуман, аҳоли хонадонлари ва бошқа турдаги истеъмолчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида нималар қилинмоқда?

— Расмий маълумотларда сўнгги пайтларда республикамизнинг айрим ҳудудларида аҳоли орасида табиий ва ис газидан заҳарланиш, газ чақнаши натижасида оғир тан жароҳати олиш ҳолатлари кўпайганлиги кузатилмоқда. Биз бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларидан ташқари, вилоят ЁХБ билан ҳамкорликда қўшма қарор ишлаб чиқиб, хонадонлардаги мавжуд дудбўронлар, мўриконлар ва шахта винтеляцияларини тозалаш ва кўрикдан ўтказиш ишларини йўлга қўйганмиз.

Ушбу тадбирлар тўлиқ амалга оширилган тақдирда ҳам агар инсонларнинг ўзлари газдан фойдаланишда эҳтиёткор, эътиборли ва ҳушёр бўлмасалар кўнгилсиз ҳодисалар такрорланаверади. Негаки, салбий ҳолатлар воқеа жойида таҳлил қилинганда, шу нарса ойдин бўлдики, айрим фуқаролар газ таъминотида тақиқланган резина шланглар ва ностандарт жиҳозлардан фойдаланган.

Хуллас, куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш нафақат газ таъминоти ходимлари, балки барча фуқароларнинг истеъмолчилик маданиятига боғлиқ эканлигини асло эсдан чиқармаслик керак.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ
суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan