Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Замонавий агрономлар

Замонавий агрономлар

энди хориж тажрибасини ҳам ўрганишади

Бугун воҳада аграр соҳада рақобатдош, етук мутахассисларни тайёрлаш муҳим вазифалардан саналади. Бу борада Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида ҳам самарали ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2018-2019 ўқув йилининг бошидан мазкур олий ўқув юрти кафедраларида ривожланган хорижий мамалакатларнинг илғор тажрибалари, соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари ўз аксини топган давлат таълим стандартлари, малака талаблари ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Бу борада амалий ва лаборатория машғулотларининг бевосита ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида ташкил этилиши аҳамиятлидир. Филиал кафедралари республика пахтачилик илмий-текшириш институти Сурхондарё тажриба станциясида — агрокимё, тупроқшунослик фанларидан, республика сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий текшириш институти Сурхондарё тажриба станциясида — деҳқончилик илмий асослари, кам тарқалган сабзавот экинлари, биология, генетика каби мутахассислик фанларидан амалий ва лаборатория дарсларини ташкил қилишди. Тажриба ва экспериментлар вилоят ҳудудида аграр соҳанинг устувор йўналишларини ривожлантириш инобатга олинган ҳолда амалга оширилмоқда.

 Жорий ўқув йилида вилоятимиз ҳудудида жойлашган 50 га яқин корхона, марказлар, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилган бўлиб, уларда талабаларнинг малакавий амалиётларини илғор технологияларга эга бўлган корхона,ташкилот ва фермер хўжаликларда ташкил этиш кўзда тутилган. Мисол учун вилоят қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги бошқармалари, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси вилоят бўлими, “Ўзпахтасаноат” АЖ ҳудудий филиали, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси, Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” АЖ, “Сурхондарё агрокимёҳимоя” ҳудудий АЖ, вилоят “Агропилла” МЧЖ, “Ўзагроэкспорт” АЖ, вилоят пахта уруғчилиги бирлашмаси, “Замонавий иссиқхона” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа кўплаб корхоналарни санаб ўтиш мумкин. Ушбу корхона ва ташкилотлар буюртмачи сифатида инновацион технологиялар билан қуролланган, рақобатдош, кенг фикрловчи кадрларга муҳтож.

Филиалнинг “Мева сабзавотчилик, узумчилик, селекция ва уруғчилик” кафедраси олимлари талабалар билан биргаликда тажриба оширишмоқда. Масалан, профессор М. Арамов томат, бақлажон, ширин қалампир, райҳон, ловия, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Н. Нурматов томат, У. Қодиров эса пиёз, катта ўқитувчи Б. Алиев артишок каби ўсимликларнинг селекцияси ва янги навларини вилоят иқлимига мослаштириш бўйича бир қатор илмий иш олиб бормоқдалар.

Соҳада малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш ва тор ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш учун филиал ўқитувчилари ҳамда талабаларни Россия, Германия, Жанубий Корея, Хитой давлатларига юбориш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Масалан, 2018 йил 12-22 октябрь кунлари ўрмончилик, доривор ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш кафедраси мудири С. Бойназарова ва кафедра ўқитувчиси Р.Муродовлар Хитойда сафарда бўлиб қайтдилар.

Ноябрь ойида Германиянинг “PRAXX” ва “AZ GERMANY” компаниялари томонидан талабаларни ҳам амалиётга жўнатиш бўйича танлов имтиҳонлари ўтказилиб, 41 нафар талабамиз ёзги амалиётларини 6 ой давомида Германиянинг турли аграр соҳасидаги фермер хўжаликларида ўтайдилар ва тегишли сертификатга эга бўладилар.

Олийгоҳимиз мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароит яратилишини таъминлаш асосий мақсад қилиб олган. Ривожланган хорижий мамлакатлар университетларида кадрлар тайёрлашнинг норматив-ҳуқуқий базасини ўрганиш, ўқув режалар, фан дастурларини замонавий ишлаб чиқариш технологиялари жорий этилган, иш берувчиларнинг талаб ҳамда таклифларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш кўзда тутилган. Шу ўринда айтиб ўтмоқ жоизки, олимларимиз томонидан яратилаётган дарсликлар, монографиялар, услубий қўлланмалар, тавсиялар инновацион технологиялар, хорижий тажрибалар йўғрилган даражада нашр эттирилмоқда. Бунга қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ч. Бегимқуловнинг “Суғориладиган ҳудудларда сабзавот экинлари ҳосилдорлигини ва тупроқ унумдорлингини оширишнинг агробиологик асослари”, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Н.Нурматовнинг “Исходный материал для селекции гетерозисных гибридов томата” монографияси, К. Шайманов, Х. Бўриевларнинг “Кучсиз ўсувчи пайвандтагларида етиштирилган олма (malus domestika) кўчатларининг биологик ҳусусиялари” монографиялари, Ш.Каримовнинг “Чорва молларининг айрим турларида учрайдиган ирсий нуқсон, майиб-мажруҳлик ва касалликларнинг келиб чиқишида экологик ҳамда селекцион-генетик омилларнинг таъсири ва уларни бартараф этиш йўллари ” тавсияномаларини мисол қилиш мумкин.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали ҳукуматимиз томонидан аграр соҳа вакилларига ва олий таълим муассасалари олдига қўйилаётган вазифа ва талабларга жавобан ўқув жараёнини, ўқув-услубий, маънавий-маърифий ва илмий тадқиқот ишларини сифатли ва самарали ташкил этишда бир қатор ишларни амалга оширишга киришди. Кафедраларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида магистр ва илмий изланувчиларни хорижий муассасаларга докторантура ва стажировакага юбориш чоралари кўрилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар эса қисқа фурсат ичида таълим муассасаси вилоятдаги олий ўқув юртлари орасида юқори рейтингга эга бўлишига замин яратади.

Нигора БАБАХОДЖАЕВА,
Тошкент давлат аграр университети
Термиз филиали кафедра мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan