Юртнинг қадрини бил, халқнинг дардини

0
65

“Халқ рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади” — давлат раҳбарининг ушбу сўзлари бугун барчамизга ёд бўлиб улгурган.

Зеро, унинг замирида моҳиятида назарда тутилган эзгу ишларнинг нафақат сўзда, балки сизу биз яшаётган ҳаётда ҳам амалий натижасини кўраяпмиз. Қандай дейсизми, қуйида бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, назорат тадбирлари натижалари бўйича қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли орасидаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси бошчилигида 16 кишидан иборат ишчи гуруҳ Шўрчи туманида бўлди.

Аҳоли билан мулоқот жараёнида палата вакиллари тумандаги мавжуд 55 та маҳалладаги 32 минг 898 та хонадоннинг барчасида бўлиб, одамларнинг кайфияти, бугунги жараёнларга муносабатини ўрганишди. Мазкур жараёнда аҳоли томонидан кўтарилган 9 444 та турли мавзулардаги масаланинг 8 971 таси жойида ҳал этилди. Айни пайтда эса қолган 473 тасининг ҳам ижобий ҳал этилиши бўйича иш олиб бориляпти.

Туман аҳли орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ташаббускорлар кўп. Улар билан суҳбатлашиш орқали умумий қиймати 253 миллиард сўм бўлган 135 та ана шундай лойиҳалар аниқланди. Лойиҳалар асосан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларига тўғри келади. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 177 та талабгорга тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилди.

Бугун ишга кираман, ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратаман, деган борки, бўш иш ўринларига эҳтиёжманд. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида жорий йил 31 май ва 1-3 июнь кунлари тумандаги истироҳат боғида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 64 та корхона 757 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Натижада, 251 нафар фуқаро ишга жойлашиш бўйича йўлланмага эга бўлди. Бундан таш- қари, ишчи гуруҳ томонидан 29-31 май кунлари хонадонларда юриш вақтида иш сўраб мурожаат қилган фуқаролардан 59 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди. Айниқса, 30 нафар ишсиз ёшларни касбга қайта тайёрлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги “КОIКА” ўқув марказига йўлланма берилиши, 9 нафар ёшнинг эса “Устоз-шогирд”лик асосида тумандаги 2 та сартарошхонага шартнома асосида бириктирилиши иш излаб сарсон бўлиб юрган ўғил-қизларимизда ҳаётга, эртанги кунга бўлган ишонч, умид уй- ғотди.

— Рўзғор тебратиш осон эмас, бунинг учун муқим иш жойига эга бўлиш керак, — дейди Холмамат Холмўминов. — Мен ҳам бир муддат ишсизликдан қийналдим. Бу ерда туман ободонлаштириш бўлимига мурожаат қилгандим, ишга қабул қилишди. Энди фарзандларим олдида уятли бўлмайман, меҳнатим эвазига уларнинг кам-кўстини тўлдираман.

Шунингдек, чет элда ишлаш истагини билдирган 25 нафар фуқарога имтиёзли чипта олишлари учун вилоят Бандлик бош бошқармаси ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси агентлигига йўлланма берилди.

Маҳаллаларда бўлганимизда яроқсиз ҳолга келиб қолган электр симлар, симёғочлар бўйича аҳолидан кўплаб шикоятлар эшитдик. Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги “Зарбдор”, “Ёш ғайрат”, “Эзгулик” маҳаллаларига 52 та сим- ёғоч ўрнатилиб, “Бахшитепа”, “Тўла” маҳаллаларида 2 та трансформатор алмаштирилиб, 2,1 километрдан зиёд электр симлар тортилди. Узун туманидаги “Энергоқурилишмаҳсулот” масъулияти чекланган жамиятига эса Бекободдаги металлургия комбинатидан 2 вагон 130 тонна 747,5 миллион сўмлик арматура олиб келинди ва ишлаб чиқариш бошланди. Бундан ташқари, 46 дона энергия тежамкор чироқлар ёритиш тизимига ўрнатилди. Энди шўрчиликлар тунда ҳам кундузгидай ёруғ кўчаларда юрадиган бўлишди.

Бундан ташқари, туманда аҳоли газ таъминотини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2 248 та суюлтирилган газ баллони олиб келиниб, унинг 1527 таси 35 та маҳаллага тарқатилди.

Воҳада аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш энг долзарб масала саналади. Бу борада вилоятда “Йўл харитаси” бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилаётган бўлса-да, ичимлик суви таъминоти, канализация қувурларини таъмирлаш борасида ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг сони умумий мурожаатларнинг энг катта қисмини, яъни 1196 тани ташкил қилди. Шундан 506 таси ўша ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Мисол учун, “Ёш ғайрат” ва “Катта савур” маҳалла фуқаролари йиғинида 1 та янги сув насоси ўрнатилгач, 250 та хонадонга ичимлик суви кириб борадиган бўлди. “Ёш ғайрат” маҳалласида 300 метр қувур ётқизилиши учун котлован қазилди, “Гўзаллик” ва “Ҳурлик”, “Боботоғ” маҳаллаларида ишламай турган ичимлик сув қудуғига янги насослар ўрнатилди.

Албатта, бугунги замон шиддати ўзимизда бор имкониятни ишга солиш, мавжуд бўш турган объектлардан оқилона фойдаланишни талаб этади. Шу боис, ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудда мавжуд 43 та бўш турган объектга қўшимча равишда яна умумий ер майдони 94,3 гектар ва бино майдони 74,9 м2 минг бўлган 173 та бўш турган объектларни аниқлашди. Шундан 6 таси давлат тасарруфидаги объектлар эканлиги маълум бўлди. Эндиликда мазкур объектлардан тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа эзгу мақсадларда фойдаланиш мумкин.

Хабарингиз бор, Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси вазифалари сирасига солиқ фаолиятини ўрганиш ҳамда уни яхшилаш бўйича таклифлар беришни ҳам киритганди. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ аъзолари туманда мазкур соҳа фаолиятини ҳам ўрганишди. Дастлабки, маълумотларга кўра, маҳаллий бюджетга қўшимча захира манбаларни аниқлаш мақсадида 38 та якка тартибдаги тадбиркор, 12 та ёлланма ходим рўйхатдан ўтказилиб, 384 та турар жой ва ер участкаси давлат солиқ инспекциясида ҳисобга олинди. 306,6 миллион сўм камерал назорат натижасида қўшимча солиқ ҳисобланиб, 1 ойда қўшимча 410,5 миллион сўм (йиллик 5 миллиард сўм) миқдорда қўшимча даромад манбаи белгиланди.

Ергеодезкадастр қўмитаси туман бўлими томонидан турар-жой биноларини хатловдан ўтказиш давомида 30 мингдан ортиқ турар-жой бинолари аниқланган бўлиб, 21 мингдан ортиғи давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан 356 та уй-жой ва ер майдонларини рўйхатга олиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди, жумладан, 241 тасига туман ҳокими қарори чиқариб берилди. 46 таси бўйича қарор лойиҳаси тайёрланди ва 68 таси ер комиссиясига киритилди. Қолган турар-жой биноларининг ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни давом этяпти.

— Ўтган йилда менга туман ҳокимлиги 64 сотих ер участкаси ажратган эди, — дейди “Олатемир” маҳалласида яшовчи Ойтўла Чориева. — Кейин билсам, менга ажратилган жой Музаффар Эшмуродовга ҳам расмийлаштирилиб берилган экан. Ушбу масала юзасидан ишчи гуруҳ аъзоларига мурожаат қилган эдим, хайрият муаммомни ҳал қилишди. 64 сотих ер участкаси М.Эшмуродовдан олиниб менинг номимга расмийлаштирилиб берилди.

Ички йўллар носозлиги аҳолини кўп йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолардан бири. Ўрганишлар натижасида, мазкур туманда йўл транспорт ва ижтимоий соҳа объектлари учун жами 45,8 миллиард сўмга талаб борлиги аниқланди. Шундан сўнг, тезда биринчи даражали харажатлар учун 15,7 миллиард сўм ҳисоб-китоб қилиниб, Молия вазирлигига тақдим этилгач, 5 миллиард сўм маблағ Шўрчи тумани учун ажратилди. Ҳозирда ички йўлларни равон қилиш ишлари қизғин паллага кирган. Таъмирталаб аҳволда бўлган, 7 та маҳалла ҳудудида жойлашган 8,1 км автомобиль йўли таъмирланди.

Айни пайтда 3 та умумфойдаланишдаги туман марказидаги йўллар бўйича ишлар бошлаб юборилган. Яна 109 та муаммоли ички йўл туман ободонлаштириш бошқармаси балансидалиги муносабати билан молиялаштириш манбаларига аниқлик киритилмоқда. 4Р105 давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлининг 2 километрдан ортиқ қисми, 4К591 маҳаллий автомобиль йўлининг 1 километрдан ортиқ қисми жорий таъмирланиб, 4К592 маҳаллий автомобиль йўлига 1000 тонна асфальт ётқизилди. 1,5 минг метрга 44 та тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди.

Қолаверса, ҳудуддаги 20 та ижтимоий соҳа объектларида умумий санитария ҳолатлари ўрганилди ва 10 та ижтимоий соҳа объектларида узоқ вақтдан буён тўпланиб қолган чиқиндилар олиб чиқилиб, махсус печи таъмирланди ва ўралари кўмиб ташланди. 32 та савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларидан 27 тасида “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамда 24 тасида хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станцияси билан шартномалар туздирилди. Ушбу объектларда ишловчи ишчи ходимларнинг 60 нафари тиббий профлактик кўрикдан ўтказилди. Қисқа фурсатда бундай ўзгаришларни кўрган туман аҳлининг ҳам кайфияти ўзгача. “Энди бизнинг кўчаларимиз ҳам озода, текис бўларкан-да”, дея хушхабарни бир-бирига етказишмоқда.

Аҳолининг мурожаатлари орасида 25 йилдан ортиқ стажга эга ўқитувчиларнинг олий таълим муассасасига сиртқи бўлимига ўқишга кириш бўйича ҳам аризалари тинг ланди. Мурожаатларга асосан 36 нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчини махсус сиртқи бўлимга қабул қилишда амалий ёрдам беришни сўраб, Термиз давлат университети ректори номига хат юбориш учун туман ҳокими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси билан келишилди.

Саломатлик — энг катта бойликдир. Шунинг учун уни асрашимиз, соғ лом турмуш тарзига амал қилишимиз, вақтида тиббий кўриклардан ўтиб туришимиз лозим. Буни айниқса, аҳолига тушунтириш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, ўз саломатлиги учун қайғуришга ўргатиш учун тумандаги тиббий кўрикка муҳтож 17 070 нафар кишининг 1 963 нафари 28-30 май кунлари тор доирадаги вилоятдан жалб қилинган мутахассислар кўригидан ўтказилди. Шунингдек, туманда талаб қилинган 100 та ногиронлар аравачаси учун 114 миллион сўм вилоят молия бошқармасидан қўшимча маблағ ажратилди ва тўлиқ молиялаштирилди.

Саховатпешалик халқимизга хос одат. Буни ижтимоий кўмакка муҳтожларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш учун қилинаётган ишларда ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида 985 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 086 нафарига 60,4 миллион сўмлик дори-дармонлар, ёзги, қишги кийим кечаклар, рўзғор буюмлари, 18 та хонадонга 5 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Оилавий ажримлар масаласида ҳам йиғилиш ўтказилиб, 7 та оиланинг ажралишининг олди олингани эса шунча оила фарзандларининг тўкис оилада, ота-она меҳрига қониб ўсишларини таъминлади.

Бундан ташқари, биометрик паспорт олиш жараёнида ҳам амалий ишлар бажарилиб, кун давомида 256 нафар фуқарони паспорт алмаштиришлари учун ҳужжатлар расмийлаштирилди ва шундан 170 нафар фуқаро биометрик паспортга суратга туширилди. 64 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилди. Вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, БИО мобиль қурилмаси билан биргаликда Шўрчи туманида 8 нафар ётиб қолган қария ва ногироннинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, яшаш хонадонларига бориб, биометрик паспорт олиш учун суратга туширилди.

Албатта, битта туманнинг ўзида шунча амалий иш қилинишининг ўзи эътирофга лойиқ. Чунки анча вақтдан бери шўрчиликларни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топди. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбарининг халқнинг яхши турмуш кечириши, давлатдан ва ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун қилинаётган эзгу ҳаракатлар натижасидир. Энг муҳими, ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳали давом этади.

Конфуцийнинг шундай гапи бор. “Мақсад йўли ўхшаш бўлмаган кишилар билан маслаҳатлашиб, кенгашиб бўлмайди.” Халқимизнинг мақсадлари эса давлат раҳбарининг ўйлари билан уйқаш. Ана шу муштаракликнинг ўзиёқ одамларни давлатга, давлатни халққа яқинлаштиради. Демак, бундай юртнинг эртаси ёруғ бўлишига шубҳа йўқ.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг