Бош саҳифа / Жамият / Йўловчи ноласи

Йўловчи ноласи

ёхуд хўжакўрсинга қурилган “Ақлли бекат”лар ва йўловчи ташувчи уюшмалар фаолиятига танқидий назар

Яшасанг – шаҳарда яша, ишласанг – шаҳарда ишла экан-да. Бундай дейишимизга боис, шаҳарда кўплаб қулайликлар, имкониятлар мавжуд.

Зеро, вилоят маркази — Термиз шаҳрида сўнгги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларининг бориши ҳамда шаҳар инфратузилмаси тубдан ўзгараётганлиги негизида кишиларнинг яшаш ва турмуш тарзи, фаровонлик индекси кун сайин ошаётганлиги, албатта, яхши. Ахир, шунча имконият, енгиллик, осойишталик, барқарорлик ва фаровонликни кўриб, шаҳарга интилади-да одам. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкин, сўнгги 2-3 йил ичида Термиз шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгариб, кўркам қиёфа касб этди. Буни эътироф этмасликнинг асло иложи йўқ. Агар 1-2 ой мобайнида шаҳарга келмасангиз, ўзгаришлар сабаб, адашиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Нима бўлганда ҳам, бу сингари қулай шарт-шароит инсонни ўзига жалб этмай қўймайди. Шу сабабли бўлса керак, кўпчилик шаҳарга интилади.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг август ойида Термиз шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, киракашлик билан шуғулланадиган “Дамас” енгил автомашиналари қатновдан олиб қўйилган эди. Ва бу қарор аксарият аҳоли томонидан мамнуният билан қарши олинди.

 Аммо танганинг иккинчи томонини кўра билмаган содда шаҳар аҳолисининг бу хурсандчилиги, айнан “Дамас”лар тўхтатилган илк кунлардан, яъниким, автобуслар қатнови сийрак, тиқилинч, баъзан йўловчилар, баъзида эса ҳайдовчиларнинг бироз қўпол муомала-муносабати сабаб, бир мунча асаббузарликни келтириб чиқарадиган ва ноқулайлик туғдиргувчи ҳолат билан дарров хотима топди.

Шу тариқа аҳоли ҳали йўловчи ташиш хизмати соҳасида улкан бўшлиқ борилигини пайқаб қолди. Аммо ана шу оддийгина ҳақиқатни уюшма раҳбарлари негадир ҳалигача англаб етишмаётганлиги ажабланарли ҳолат. Тўғри, айни пайтда автобуслар қатнови анча-мунча тартибга келиб қолди, аммо, “ҳар тўкисда бир айб бор”, деганларидек бу борада ҳам камчиликлар “ярқ” этиб кўзга чалина бошлади. Биласизми, кўчанинг чангини чиқариб, катта тезликда кимўзарга автомобиль бошқарадиган ўша тартиббузар “Дамас” чиларнинг қатнамагани нечоғлик маъқулдек кўринса-да, иккинчи томондан, ўқишга, ишга, борингки, поезд ёки аэропортга шошаётган, дейлик, кекса, саломатлиги автобусда юришга монелик қиладиган йўловчилар учун бу хизмат тури ҳеч ҳам ўзини оқламайди.

Ҳар куни шаҳар автобуси хизматидан фойдаланганимиз учун шарт-шароит, айрим ноқулайлик ва камчиликлар дарров кўзга ташланади. Шаҳарда тартиб-интизом бўлгани яхши, аммо транспорт хизмати кўрсатиш тизимида рақобатнинг йўқлиги кишини ўйлантиради. Тошкент сингари катта мегаполисларга нисбатан солиштирганда, эҳтимол, Термиз жимитдай бир шаҳардир, аммо шуни унутмаслик керакки, катта шаҳарларда йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг бир қанча муқобил турлари бор, масалан, метро, трамвай, троллейбус, автобус, йўналишли такси ва ҳоказо. Шаҳарда фақат автобуслар якка ҳукмронга айлангач, монополия юзага келмаятими, деган фикр уйғонади кишида.

Марҳамат, шаҳар ҳокими ёки юқори лавозимли раҳбарлар жилла қурса, бир кунгина шаҳар жамоат транспортидан фойдланиб кўришсин-чи! Сабр-тоқатлари етармикан? Шаҳардаги автобус қатновларида юзага келаётган тартибсизликлар, қоида бузилиш ҳолатларини кўриб, рости, асабинг бузилади. Шаҳар ҳокими, муҳтарам ДАН ходимлари, йўналишга эга-ю, аслида эса йўналиш ҳақида кўпда маълумотлардан бехабар уюшма раҳбарларининг эътиборсизлиги сабаб, бугунги кунда йўловчиларнинг автобус ҳайдовчиларига нисбатан эътирозлари кун сайин ошиб бормоқда.

 Хабарингиз бор, Термиз шаҳрида жорий йил бошидан бери қурилган ўнлаб “Ақлли бекат” эгалари ялтир-юлтур қилиб, дўконларда савдо фаолиятини амалга оширишмоқда. Аввалбошда шаҳар ҳокимлиги томонидан “Дамас”лар олиниб, автобуслар қатнови йўлга қўйилгач, ўша “ақлли бекат”лар ишлай бошлаши ҳақида хом-хатала ваъдалар берилган эди.“ақлли бекат”лар йўловчига эмас,“тадбиркор”га хизмат қилаётгани ори-рост-ку! Баъзан ҳайдовчилардан ҳам, бепарво йўловчилардан ҳам ҳафсаланг пир бўлади. Бирлари автобус 10 қадам юрар-юрмас, “тўхтатинг!” деса, яна бири сал нари юриб, тушмоқчи бўлади. Бунга эътиборсиз ҳайдовчилар ҳам йўл ҳаракати қоидаларига тўғри келса-келмаса айтилган, дуч келган жойда автобусни тўхтатаверишади. Юзага келган бу эътиборсизлик, хизмат кўрсатиш сифатининг ўта даражада пастлиги, енгил автомашиналарда ноқонуний киракашлик қиладиганларнинг “кетмонини учирди”. Натижада, улар ўзлари истаган нархда, гарчи, аксарияти ноқонуний бўлса ҳам киракашлик қилишмоқда. Бундай вазиятда шошилиб турган йўловчилар қиммат бўлса ҳам киракашларнинг хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Автобуслар ҳар 50-100 метр оралиғида тўхтайвергани боис, унчалик узоқ бўлмаса-да, шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасигача бориш учун бир соатга яқин вақт сарфлашга тўғри келади. Бу вақт оралиғида бўларингиз бўлади.

— Бошқа муқобили бўлмаганлиги учун автобуслар хизматидан фойдаланамиз. Тўғрисини айтиш керак, бу хизматлар асло бизни қаноатлантираётгани йўқ. Негаки, йўловчиларда йўловчилик маданияти етишмаганидек, ҳайдовчилар ҳам бир мунча қўрс, қўпол. Баъзан оддийгина йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишмайди. Айрим ҳайдовчиларнинг йўловчиларга очиқдан-очиқ қўпол муносабатда бўлаётганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Автобус салонига осилган йўл кира нархи ҳақидаги ёзувнинг ўзида ғиж-ғиж хатолик бор. Яъни, “Йул кира хаки” тарзида ёзилган. Ахир, бу ўзбек тилига нисбатан ҳақорат, ҳурматсизлик эмасми? Қайсидир репетиторлик ўқув курсини реклама қилгунча, “Илтимос, ўзингиздан катталарга жой беринг!”, “Тартиб-қоидага амал қилинг!” сингари чақириқларни осиб қўйишса бўлмайдими. Автобусларда контролёр, чиптачи йўқ. Бу ҳам етмагандек, йўловчиларга чипта берилмайди. Пул тушумларини ким назорат қилади, ким ҳисоб-китоб қилади? Бизнинг фикримизча, автобусдан ташқари яна муқобиллик асосида “Дамас” автомобиллари қатнови йўлга қўйилса, яхши бўлар эди, — дейди Термиз давлат университети ўқитувчиси Соатмўмин Бўриев.

 Ўйлаб кўрадиган бўлсак, йўловчи ташишда ҳам рақобат бўлгани, хизмат кўрсатиш тизими таснифлангани яхши. Токи йўловчилар ўзи истаган уловда манзилига сиҳат-саломат етиб олсин!

Барча ривожланган давлатларда аҳолига хизмат кўрсатишнинг сифатига қараб, соҳага баҳо берилади. Ривожланган давлатларда ўзини оқламаган, кишилар ишончига сазовор бўлмаган ҳар қандай тизим инқирозга маҳкум. Бизда эса рақобатнинг йўқлиги, раҳбариятнинг эътиборсизлиги баъзи бир англашилмовчиликлар, дилхираликларга сабаб бўлмоқда. Ўз эътирозларини кимга айтишни билмаган аҳоли эса “бўлгани шу экан-да” қабилида юрибди.

Август ойининг ўрталари эди. 2-йўналишли автобусга чиқдим. Ёш автобус ҳайдовчиси бироз тажангроқ эканми, арзимаган сабаб туфайли менга қараб, улов шахсий эканлигини таъкидларкан, “Автобусдан тушинг!” дея ўшқирди. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида 2-йўналиш раҳбарига қўнғироқ қилиб, изоҳ сўрадим. У киши эса, бундай автобусчини танимаслиги, бугун йўналишда нечта ва қайси автобуслар ҳаракатланаётганини билмаслигини афсус билан таъкидлади. Раҳбариятнинг эътиборсизлиги, ўз вазифасига нисбатан совуққонлиги мени ҳайрон қолдирди. Кабинетида ястаниб ўтириб олиб, ўз йўналишини назорат қилмайдиган, йўловчилар тақдири билан қизиқмайдиган амалдорларни ким назорат қилади? Халқимизда “Ранг кўр, ҳол сўр!” деган пурҳикмат мақол бор. Токи ўзини хон, кўланкасини майдон санайдиган раҳбарлар ўз вазифасига нисбатан масъулият ҳис қилмас экан, ҳали бери соҳада ижобий силжиш бўлмайди. Вақт – олий ҳакам, яна ким билади, дейсиз?

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE