Бош саҳифа / Адабиёт / Юлдузи сўнмаган адиб

Юлдузи сўнмаган адиб

ХХ аср ўзбек адабиётини таниқли ёзувчи Тоғай Мурод ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Унинг бир қатор ҳикоялари, “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Момо ер қўшиғи”  каби  бетакрор  қиссалари,  “Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”  каби романлари аллақачон китобхон-лар қалбини забт этиб улгурган.

Ушбу асарлар бугунги кунда адабиётшунослигимизда ҳам ўзининг муносиб баҳосини олиб келмоқда.

3 февраль  —Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай  Мурод  таваллудига 70 йил  тўлиши  муносабати  билан  Олтинсой туманида  бир қатор тадбирлар ташкил  этилди. Ана шундай хотира тадбирларидан бири  тумандаги мусиқа ва санъат мактабида  бўлиб ўтди. Вилоят ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар ва журналистлар  уюшмалари  аъзолари, адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар, адибнинг синфдош дўстлари, яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок  этган тадбирда  Тоғай Мурод ўз асарларида миллий қаҳрамонлар, миллий дунёқараш, маънавият ва қадриятларга   доир долзарб мавзу-муаммоларни ўз вақтида дадил кўтариб чиққани  ҳақида  сўз  юритилди.

Тадбирда  мактабўқитувчи ва ўқувчилари ижросида адибнинг “От  кишнаган оқшом”  асари  асосида саҳналаштирилган кўриниш ҳам намойиш этилди.

—    Адибнинг бир қатор асарлари устида катта илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, чет тилларига таржима қилинаяпти. 2016 йили француз тилида  “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романи чоп этилган бўлса, “От кишнаган оқшом” ва “Ойдинда юрган одамлар” қиссалари эса  яқинда Москвада рус тилида “Тарлан” номи билан чоп этилди. Бу ҳам адиб  ижодининг  залвори кун сайин ошиб бораётганлигидан далолатдир, — дейди Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси  аъзоси,  шоир Шодмонқул  Салом.

Тоғай Мурод  таҳсил олган  43 – ўрта таълим  мактабида  ва  буюк истеъдод эгаси туғилган  ҳамда яшаган уйда ҳам тадбир ташкил этилди.

—    Бундай хотира тадбирларини ўтказиш жуда қувонарлидир. Йиллар давомида бу каби тадбирлар ўтказилмас эди. Давлатимиз раҳбарига, вилоятимиз  ҳокимига  катта  раҳмат, акамни бу қадар қадрлашаётганликлари учун —  дейди ёзувчининг синглиси, 68 ёшли онахон  Орзигул Менгнорова.

Ноёб истеъдоди,  бетакрорқисса ва романлари билан ўзбек адабиётига беқиёс ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан вилоятимизда икки ой давомида кенг миқёсли тадбирлар  ўтказиш  белгиланган. Жумладан Олтинсой туманида  адиб Тоғай Мурод  боғи, ёзувчининг уй-музейини  ташкил  этиш  режалаштирилмоқда.

Сарвар ТЎРАЕВ,
“Сурхон тонги”
мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Адабиётшунослар анжумани

Адабиёт барча замонларда ҳар бир миллатнинг бадиий-эстетик тафаккурини, дунёқараши, миллий ўзлигини белгилайдиган санъат тури ҳисобланади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan