Бош саҳифа / Жамият / Юксак эътибор намунаси

Юксак эътибор намунаси

Вилоятимизда уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган фуқаролардан бир гуруҳига муҳтарам Президентимизнинг совғаси — янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар тантанали равишда топширилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳолининг турмуш тарзига эътибор, уларга ғамхўрлик қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ишларини янада кенгайтириш мақсади ҳам мужассам. Муҳтарам Президентимиз томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда намунали уй-жойлар билан таъминлашда бир қатор имтиёзлар яратилди. Бу эса мамлакатимизда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Давлатимиз томонидан ушбу уй-жойлар учун бошланғич тўловнинг тўлаб берилиши ва замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланиши юртдошларимизни янада қувонтирди. Узун туманининг “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган биринчи гуруҳ ногирони Музаффар Бахтиёров турмуш ўртоғи Зуҳра Ёдгорова ва бир нафар қизи билан “Янги куч” маҳалласида қад ростлаган 3 хонали, 2 сотих ҳовлили уйга кўчиб ўтишди.

Шунингдек, 2-гуруҳ ногирони Моҳира Ашуралиева ҳам ана шундай бахтга муяссар бўлди. Узун туманидаги “Эркинлик” маҳалласида яшаб келган Моҳира 2-гуруҳ ногирони бўлиб, турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан қайнотасига тегишли, 3 та оила истиқомат қиладиган уйнинг бир хонасида яшарди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, хонадон соҳибларини самимий табриклади. Таъкидландики, қайси мамлакат муслималарни, ёш болаларни, кам таъминланган оилаларни ва ўзгалар парваришига муҳтожларни қаноти остига олиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлар экан, ҳеч қачон завол кўрмайди. Айнан бизнинг юртда ҳам ана шундай олижаноб анъаналар бобомерос бўлиб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Шу боис фарзандларимизда она Ватанга бўлган меҳру муҳаббат шунчалик барқарор.

Ўз навбатида барча қулайликларга эга бўлган хонадон эгалари Президентимиздан мамнун бўлиб, Юртбошимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, юртимизга осойишталик тилашди.

* * *

Шунингдек, яқинлари кўмагида бўлган воҳадошларимизга  ҳам ногиронлик аравачалари топширилди. Тадбирга ташриф буюрган нуронийлар, қўни-қўшнилар мамлакатимизда ҳеч бир инсон меҳр-эътибордан четда қолмаслигини бир олам ҳаяжон билан ифодалашди.

Ҳақиқатдан ҳам вилоятимизда имконияти чекланган инсонларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жуда кўплаб оммавий ва маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ва муносабати билан бу каби хайрли ишларимиз кўлами янада кенгайди.

Вилоят ҳокимининг жойларда ташкил этган сайёр қабулларида кам таъминланган оилаларнинг, аёлларнинг, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилди. Шунга мувофиқ, уй-жойга эҳтиёжманд фуқаролар,  хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлаш, имкониятларидан келиб чиқиб, бандлигини таъминлаш, ҳомийликка олиш чора-тадбирлари белгилаб олинган.

Шу куни вилоятимизнинг Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўр- ғон, Жарқўрғон, Термиз, Ангор, Шеробод туманларида ногирон, уй-жойга муҳтож оилалардан 32 нафари имтиёзли кредит асосида янги хонадон эгалари бўлиш бахтига муяссар бўлишди. Бу кемтик қалб эгаларининг ҳаяжонли, бахтиёр  дамларини кузатар экансиз, уларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликлар чин маънода инсонпарварлик намунаси эканлигини ҳис этасиз.

— Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига алоҳида эътибор қаратиш аслида халқимизнинг энг гўзал фазилатларидан. Чунки улар бошқалардан кўра кўпроқ ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтож бўлишади. Айниқса, “Наврўз”, “Хотира ва қадрлаш куни”, “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”, Ҳайит байрамлари олдидан қариялар, ёлғиз, боқувчисини йўқотган инсонлар, ҳимояга муҳтож болаларга мурувват совғалари улашамиз. Бундай эзгу ишлар замирида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб – қувватлаш масалалари ётибди.—дейди Узун туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Сафарова.

Бугун эса вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларида замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани ҳам халқимизга муносиб байрам совғаси бўлмоқда. Муҳими, пишиқ, мустаҳкам маҳаллий қурилиш материалларидан барпо этилаётган хонадонлар яшаш учун қулайлиги билан ажралиб туради.

–Тўғриси, ҳозир ҳам ҳаяжондаман. Шинам, барча қулайликларга эга уйнинг соҳиби бўлдим. Бизларга кўрсатилаётган чинакам оталарча ғамхўрликнинг чеки йўқ. Давлатимиздан минг бор миннатдорман. Кўримсизгина уйда яшардик. Қумқўрғон туманидаги 16 хўжаликка мўлжалланган 2 қаватли чиройли уйдан бирига кўчиб кирдик. Турмуш ўртоғим  Раънонинг, айниқса, тўрт нафар фарзандимнинг қувончи чексиз. Биз каби имконияти чекланган оилаларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга ташаккур айтамиз. Ҳеч бир мамлакатда бундай меҳрибонлик намунаси бўлмаса керак, — дейди 1- гуруҳ ногирони Бахтиёр Мирзаев.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллик шодиёналарини янги уйларда қарши олишдек бахтга муяссар бўлган воҳадошларимиз мамнуниятини, қалбида кечаётган энг ширин ҳаяжонларни сўз билан ифодалаш мушкул.

* * *

Вилоятимиз бўйлаб ўтган, ўзида инсонлар ўртасида хайр-саховат, меҳр-муҳаббат ришталарини янада мустаҳкам тутган тадбирлар доирасида бир гуруҳ кам таъминланган оилаларга ҳам замонавий тикув машиналари, 300 нафардан ортиқ юриш имконияти чекланган воҳадошларимизга ногиронлик аравачалари ҳадя этилди.

Мухтасар қилиб айтганда, бу воҳадошларимизга кўрсатилган эътибордан, кўмакдан бир шингил, яъни дарёдан томчи, холос. Мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасидаги давлат дастурлари қамровида аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли хайрли ишларимиз ҳам ўз ифодасини топган. Президентимиз таъбири билан айтганда “…халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш – бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас.”

 

Алиёр РАЖАБОВ,
муаллиф олган суратлар

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE