Ёшларимиз зафари

0
63

Халқимизда хушхабарнинг қаноти бор, деб бежиз айтишмайди. Ўзбекистон ёшларининг Болгариянинг Бургас шаҳрида бўлиб ўтган мактаб ўқувчи-лари ўртасидаги халқаро математика мусобақасида эришган ютуқлари бир зумда бутун дунё бўйлаб тарқалди.

Маълумки, турли нуфузли давлатларда ўтказиладиган халқаро математика мусобақасида ҳар йили ўттиз мамлакатдан келган ёшлар беллашадилар. Шуни қувонч билан айтиш лозимки, 2014-2017 йилларда мамлакатимиз ёшлари ушбу нуфузли хал- қаро мусобақаларда иштирок этиб, иккита олтин, олтита кумуш, иккита бронза ва турли кўринишдаги жамоа совринларини қўлга киритишган.

Навбатдаги мусобақа эса жорий йил 1-6 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздан 8 нафар иқтидорли ёш иштирок этди.  Мактаб ўқувчилари ўртасидаги хал қаро математика мусобақасида шахсий беллашувда якка тартибда ечиш учун 15 та масала, жамоа беллашувида биргаликда ечиш учун 10 та масала тақдим этилди. Ўзбекистонлик ўқувчилар дунё мамлакатларидан келган 600 нафардан ортиқ тенгдошлари орасида математиканинг  комбинаторика, сонлар назарияси, алгебра, анализ асослари ва геометрия бўлимларига оид мураккаб масалаларни ечишда ўз билим ва иқтидорларини яққол намоён этишди.

Шахсий беллашувлар натижаларига кўра, ўзбекистонлик ёшлар юқори кўрсаткичларни қайд этишди. Дониёр Исмоилов  олтин, Лазизбек Ражаббоев, Жаҳонгир Норбоев кумуш, Искандар Бўриев, Муҳаммадризо Мажидов бронза, Севарахон Остонова, Элдор Нейматов, Саидали Миродуллаевлар фахрий диплом билан тақдирланишди. Халқаро математика мусобақаси ғолиблари орасида воҳадошимиз борлиги кўпчиликни қувонтирди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, сенатор Шоҳида Орипова раҳбарлик қилаётган Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Искандар Бўриевнинг фахрли ўрин олиши нафақат унинг ота-онаси, мактаб жамоаси, балки Сурхон воҳаси халқ таълими ходимларининг қувончига сабаб бўлди. Айтиш лозимки, бу таълим даргоҳида ўқиган кўплаб ёшлар нуфузли олийгоҳларда билим олишмоқда.

Биз мактаб ўқувчилари ўртасидаги халқаро математика мусобақаси ғолиби, ҳамшаҳаримиз Искандар Бўриевни, унинг ота-онасини, мактаб маъмуриятини, ўқитувчи ва мураббийларини  ушбу ютуқ билан самимий табриклаб,  келгусидаги фан сирларини ўрганишдек машаққатли ишларида юксак парвозлар тилаб қоламиз.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг