Бош саҳифа / Жамият / Ёшларга тузоқ

Ёшларга тузоқ

Биз тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган мамлакатда яшаяпмиз. Унинг ўтмиши, бугуни ва келажаги билан ғурурланамиз, фахрланамиз. Бироқ, бугун тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, шиддатли ва мураккаб замонда умр кечираётганимизни ҳам унутмаслигимиз лозим.

Интернетдан, оммавий ахборот воситаларидан нотўғри фойдаланиш, ҳар хил зарарли ахборотларни қабул қилиш ёшларнинг ўзи билмаган ҳолда диний экстремизм, терроризм, фундаментализм каби оқимларга кириб қолишига, ҳали онги-тафаккури шаклланмаган болаларнинг порнографияга ишқибоз бўлиб қолишига сабаб бўлаётир. Бу эса, инсонларнинг маънавий дунёқараши қашшоқлашишига, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзлигини унутиб, ман- қуртга айланиб қолишига замин яратмоқда. Ўз навбатида, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмир-ёшларни миллий қадриятларимизга содиқ инсон сифатида тарбиялаш масалаларида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Халқаро майдондаги янгиликларни кузатиб бораётган киши борки, ҳар икки хабарнинг бирида МДҲ нинг қатор мамлакатларида ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги ҳақидаги маълумотларга тўқнаш келиши шубҳасиз. Ҳозирги кунда ёшлар эътиборини тортаётган ана шундай ўйинлардан бири “Кўк кит” ҳисобланади. Энг ачинарлиси, ёшлар бу ўйиннинг қурбонига айланишмоқда. Бу ўйинга кириш учун ўйин маъмурлари энг аввало “18 га тўлганмисиз?” ёки “18 ёшдан каттамисиз?” деган савол беради. Бундан кўриниб турибдики, модераторлар онги ва маънавий дунёси энди ривожланаётган, ҳаётнинг аччиқ чучуги нима эканини билмайдиган ва дунёқараши шаклланиш арафасида бўлган ёшларни бу ўйинга жалб этишни ният қилганлар. ”Кўк кит” ижтимоий тармоқдаги энг хавфли ўйинлардан бўлиб, у асосан 14-18 ёшдаги ўсмирларни ўзига жалб қилмоқда.

“КЎК КИТ” ҚАНДАЙ ЎЙИН?

Хўш, аслида у қандай ўйин ва нима учун айнан ўсмирларга тузоқ ташламоқда? Юқорида таъкидлаганимиз каби “ўлим гуруҳлари”нинг номини санаб адоғига етиб бўлмайди. Аммо фожиага чорловчи оригинал гуруҳ аллақачон ёпилган, гуруҳ яратувчиси эса ҳибсга олиниб, жазосини олган бўлсада, унинг “ихтироси” жуда кўп издошларини пайдо қилди. Айни пайтда улар турли номлар билан “ўлим гуруҳлари” сифатида ижтимоий тармоқларда фаолиятини давом эттираяпти. “Ўлим гуруҳлари”да хавфли ўйинлар “Мени тонгги 4:20 да уйғот” буйруғи билан бошланади. Аксарият ўсмирлар айнан ана шу буйруқ асосида хавфли гуруҳнинг қармоғига илинишади.

Нега бу “ўлим гуруҳлари” айнан “кўк кит”ни рамз сифатида танлашган? Чунки кўк китлар тез-тез депрессия сабаб ўзини қирғоққа, қуруқликка ташлаб жонига қасд қилади. Мазкур ўйинга айнан ўсмир-ёшларнинг жалб этилишига сабаб улар бу ёшда атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади. Ижтимоий тармоқлардаги “ўлим гуруҳлари” ўсмирларнинг ана шу нозик жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда улардан фойдаланишади ва хавфли ўйин якунидаги “ғолиблик”ка етаклайди. Ўйин шартлари эса 50 қисмдан иборат ва 50 кун давом этиб, охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиш ҳодисаси билан якунланади. Ўйинга қизиқиб кириб қолган интернет фойдаланувчиси ўз-ўзидан унинг домига тушиб қолганини билмайди. Боиси ўйинни бошлаганларга бу ўйин зарарсиз экани уқтирилади.

Ўйин бошида топшириқлар оддий бўлади, масалан, гуруҳнинг рамзини чизиш каби. Аммо, кейинчалик бу шартлар мураккаблашиб, ҳатто қўлига “Синий кит” деб тилиб ёзишга, серқатнов кўчадан автомобиллар яқин қолганида югуриб ўтиш, улар юборган мусиқани уч кеча-кундуз тинглаб юришга ундашади. Иштирокчи берилган топшириқнинг бажарилганини суратга тушириб, гуруҳ етакчисига кўрсатиши керак. Ўйин шартларининг энг сўнгги 50-босқичида ўсмир ўз жонига суиқасд қилишга мажбур қилинади. Бу ишга ундаш учун эса “У дунё борлигига ишонсанг, билки, сен гуноҳкорсан, агар сен ўзингни ўлдирмасанг, сен учун ота-онанг жазоланади, ўзингни ўлдирсанг, улар қутулиб қолишади, наҳотки, сен уларни ёмон кўрсанг!” каби сўзлар билан авраб, уларни гипноз қилишади. Агар бу вазифани бажармаса, унга таҳдид қилишади. Хўш, таҳдид қандай амалга оширилади? Улар ўсмирга ҳавола юборади ва уни очишни таклиф этади. Бу “ўлим гуруҳлари”нинг яна бир тузоғи эканлигини қизиқиши устун келиб ҳаволага кирган ўсмир билмайди. Ҳаволага киргани заҳоти “ўлим гуруҳлари” етакчиси махсус дастур орқали ўсмирнинг “IP” манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олади ва шу орқали, сўнгги хавфли шартни, яъни худкушликни бажаришга мажбурлашади, акс ҳолда яқинларини йўқ қилиши мумкинлиги билан таҳдид қилишади. Ҳали ҳеч қандай қарорни мустақил қабул қилиш салоҳиятига эга бўлмаган ўсмир эса бу таҳдидлардан ваҳимага тушади ва 50-кунда 50-шартни бажаришга кўнади. Оқибатда эса…

КИТОБ БИЛАН МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ САРИ…

Маълумотларга қараганда, мазкур хавфли ўйин ҳамдўстлик мамлакатлари орасида кенг тарқалмоқда. 2016 йилда Россияда 320 нафар, Қирғизистонда 95 нафар ва Қозоғистонда 90 нафар ўсмирлар шу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилган. Уларга сўнгги вазифа берилишида, шунингдек, “бу туш экани, шартни бажариши билан уйғониши ва натижаси қандай бўлганини билиш мумкин”лиги каби гипноз усулларидан фойдаланишган.

Албатта, бундайлар сафига юртимиз ёшларининг кириб қолмаслиги ва бунинг олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари ўсмирлар орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Профилактика инспекторлари бизнинг мактабга ҳам ташриф буюриб, ёшларга интенет тармоғидаги “Кўк кит” ўйининг салбий оқибатлари ҳақида гапириб беришди. Улар бундай хатарли тармоқ ўйинларининг “манқурти”га айланаётган ёшларнинг аксарияти носоғлом муҳитда яшаётган болалар эканлиги, ”Ўлим гуруҳлари”нинг домига тушган болаларнинг дўстлари ва дугоналарига қўшилмай қўйиши, кўпроқ ёлғиз юриши ёки аввал таниш бўлмаган мутлақо бегона шахслар билан алоқа қилиши, оилада ҳам ўзини бегонадек тутиши, асосий вақтини интернет тармоғида ўтказиши ёки қаердалигини изоҳламаган ҳолда узоқ вақт йўқ бўлиб кетадиган одатлари пайдо бўлиши ҳақида бизни огоҳлантиришди.

Бугун, душман қурол кўтариб, бизга ҳамла қилиши шарт эмас. Барча уруш полигонлари энди тўхтовсиз ахборотлар оқимида, маънавиятда ўзини намоён қилмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов таъбири билан айтганда, “Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга”. Бу пурмаъно фикрлар бизни ҳамиша ҳушёрликка ундайди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан эса биз ҳам имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юртимиз келажаги, халқимизнинг эртанги фаравонлиги йўлида ўз ҳиссамизни қўша оладиган етук кадр бўлиб етишишимиз шарт ва зарур. Бунинг учун энг аввало, китоб билан дўст тутинишимиз керак, деб ўйлайман. Чунки китоб бизнинг нафақат яқин дўстимиз, балки маънавиятимиздаги бўшлиқни тўлдира оладиган ягона нажоткоримиздир.

Умида АБДУРАЗОҚОВА,
 ўқувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE