Бош саҳифа / Сиёсат / Ёшларга ишониб хато қилмаяпмиз

Ёшларга ишониб хато қилмаяпмиз

Ўзбекистон эртанги кунини ёшларда кўрадиган мамлакат. Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошираётганимизнинг боиси ҳам шунда. Давлатимиз келгуси режа-мақсадларини навқирон авлод манфаатларидан келиб чиқиб тузмоқда. Ўғил-қизларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бирламчи вазифалар қаторида кўриляпти. Бу қуруқ сўзлар эмас, балки амалий ишлар асносида яққол намоён бўлаётган жараёндир. Жумладан, 2016 йил 14 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ёшлар масалаларини ҳал этишда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро узвий ҳамкорлик қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугун Сурхондарё вилоятида ушбу механизм мурватлари нечоғлик мустаҳкам? Тенгдошларимиз ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини теран англаяптими? Унинг самарасини ҳаётида ҳис қиляптими?
Шу каби долзарб саволларга атрофлича жавоб олиш мақсадида вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рўзимурод Чориев билан суҳбатда бўлдик.

— Рўзимурод Қўнғиротович, вилоят ёшларининг бугунги ҳолатию кайфиятидан кўнглингиз тўляптими?

— Қисман ҳа. Бугунги Сурхон ёшлари ўзгарган. Уларнинг            онги-шуури, орзу-умидлари, интилишлари бошқача. Ёшларимизда ислоҳотларга дахлдорлик, яратувчанлик ҳисси ошганини ҳам кузатаман.

Уларга кўрсатма бериш шарт эмас. Аксарияти юртга керакли инсон бўлишни, воҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишни хоҳлайди. Бу ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик намунаси, менимча.

Шу ўринда аччиқ бир ҳақиқатни эслатиб ўтсам. Илгари Сурхондарё вилояти ва Сурхон ёшларига паст назар билан қараб келинган. “Сурхондарёми? Сурхондарёга бўлаверади” қабилидаги камситишларни кўп эшитардим ва бундай муносабатлардан жуда ранжирдим. Энди-чи? Давр ўзгарди, талаб ўзгарди! Сурхондарё вилояти бошқа ҳудудлардан кам кўрилаётгани йўқ. Аксинча, ҳукумат томонидан бизга эътибор кундан-кунга кучаймоқда. Ёшларимиз эса ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботлай оляпти.

 Ёшлар тадбиркорликка интилаётгани ҳам мени қувонтиради. Чунки бунга ҳозир кенг шароит яратилган. Президентимиз фармони асосида “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилиниб, шу номдаги жамғарма ташкил қилинди. Мазкур ташаббус асосида ёшларимизнинг истиқболли бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда ва бир вақтнинг ўзида бандлиги таъминланмоқда. Жорий йилда “Yoshlar — kelajagimiz” жам ғармаси маблағлари ҳисобидан 308 нафар ёшга йиллик 7 фоиз ставкада 28 миллиард 708 миллион сўмлик кредит ажратилди.

— Президентимиз “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV-қурултойидаги нутқида раҳбарларга қарата: “Биз энди сизларнинг фаолиятингизни пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз”, — деган эди. Бугун вилоятда ёшлар билан бевосита ишлаш, муаммоларни ҳал этишга нечоғлик эътибор қаратилмоқда?

 — Ёшлар билан ишлашда ота-онасига кўпроқ аҳамият беришимиз керак. Ота-оналарига шундай тушунтиришимиз керакки, улар бугун боласига бераётган меҳри, билими, тарбияси, ҳунарини келажак учун сармоя, деб қабул қилсин.

Ота-оналар онгига, “келажакда яхши яшашим учун фарзандимга тўғри таълим-тарбия беришим ва касб-ҳунар эгаллашига шароит яратишим керак”, деган ғоя муқим ўрнашсин.

Тўғри, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратилган. Айниқса, кейинги икки йил мобайнида Сурхондарё вилояти ёшлари ҳаётида катта ўзгаришлар рўй берди. Шундай бўлсада, ёшларга оид давлат сиёсатида кенг жамоатчиликнинг иштироки суст.

Тан олиш керак, яқин-яқинларгача ёшларнинг фикри билан ҳисоблашиш тугул, уларни тайинли тинглашни билмасдик. Шу туфайли жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналариташкил этилганда ёшлар ёппасига мурожаат қила бошлади. Кўпчилик ишсизлик ва уй-жой таъминотидан шикоят қилди.

Мана энди, барча ҳудудларда бўлгани каби Сурхондарё вилоятида ҳам “Ёшлар уйлари” қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 91 та ёш оила янги хонадонларга кўчиб ўтди. 2019 йилда яна 128 та оила имтиёзли кредит асосида ўз уйига эга бўлади. Янги уйлар калитларини олаётган юртдошларимизнинг юз-кўзларига боқинг. Уларнинг орзу-мақсадлари янада юксалиб, эртанги кунга ишончи ортганини кўрасиз. Демак, биз шу йўналишдаги ишларни изчил давом эттиришимиз керак.

 — Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор ёшлар қатламини қўллаб-қувватлаш борасида нима дея оласиз?

 — Фикримча, ногирон одам нима сабабдан шу ҳолга келиб қолганини аниқлаш керак. Жамият учун ногирон фарзанд туғилишининг олди олингани маъқул. Тез орада вилоятимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳудудлар кесимида хатловдан ўтказилиб, мониторингини юритиш йўлга қўйилади. Шунда қайси туман ёки шаҳарда ногирон болалар кўпроқ туғилаётганини аниқлаш, сабабларини билиш имконига эга бўламиз. Мазкур ҳолат учун шифокорлар ҳам жавоб бериш керак, назаримда.

Яна бир жиҳат мени таажжубга солмоқда. Авваллари оилада ногирон фарзанд дунёга келса, уни кўрсатишдан уялишган, ор билишган. Энди-чи, айрим ота-оналар ногирон боласини кўз-кўз қилиб, ташкилотлар эшигидан бери келмайди. Боқиманда бўлиб қолган, ҳадеб ёрдам сўрашдан уялмайди, аммо ўзи ишлаб пул топгиси йўқ!

 Хайриятки, юртимизда ногиронлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Масалан, биргина Сурхондарё вилоятида қандли диабет касаллигига чалинган ёшлар сони 200 нафарни ташкил этади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши билан биргаликда ана шу беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга қон таркибини ўлчайдиган аппарат ва керакли дори-дармонлар етказиб бердик.

 Айтиш керакки, кўпгина хорижий мамлакатларда қандли диабет касаллик сифатида қабул қилинмайди. Чунки ўзига қараб юрган бемор узоқ умр кўриши мумкин. Одамларимиз руҳиятига мана шундай ишончни сингдиришимиз керак.

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сурхондарёлик 67 нафар жисмоний имконияти чекланган йигит-қиз ногиронлик аравачаси, 4 нафар заиф эшитувчи ёшни эшитиш мосламаси ва 36 нафар ногиронни эса дори-дармонлар билан таъминланди. Шунингдек, 6 нафар ногиронга жарроҳлик амалиёти ўтказишга кўмак берди. Кам таъминланган оилаларнинг 584 нафар фарзандига ўқув қуроллари бепул етказилган бўлса, 5 нафар талабага шартнома пули тўлаб берилди.

— Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарб. Нега? Меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммоларни қандай бартараф этиш мумкин, деб ҳисоблайсиз?

 — Яқинда вилоятимизга чет элдан меҳмонлар келди. Улар воҳада бир неча йил олдин ҳам бўлгани, ўтган қисқа вақт ичида амалга оширилган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини кўриб ҳайратланганини айтди. Бу сўзларда жон бор. Ҳақиқатдан ҳам, охирги икки йилда Сурхондарё вилоятида кескин ўзгаришлар рўй берди. Илгари чегара вилояти деб, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилинмасди. Ҳатто кўп қаватли иморатларнинг қурилишига рухсат берилмаган. Бугун вилоятда бир-биридан кўркам иншоотлар, йирик саноат корхоналари, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилаётганини кўриб, “мана, бўларкан-ку!” дегинг келади. Янги корхоналар очилаётгани ҳисобига воҳада қанчадан-қанча иш ўринлари яратилмоқда. Биргина Термиз шаҳрининг ўзида “Амударё Текс”, Жарқўрғонда “NortexStyle”, “Сурхонтекс”, Шўрчида “Мўминтекстиль” корхоналари, Шерободда цемент заводи ва тўқимачилик фабрикаси ишга тушган. Шу объектларда меҳнат қилаётганларнинг 70-80 фоизини ёшлар ташкил қилади. Ҳозир кўпгина ёшлар ўзимизда ҳам иш борлиги, ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилмоқда. Улар четга чиқиб ишлашга ҳожат йўқлигини тушиниб етяпти. Буни меҳнат мигрантларининг оқими анча пасайганида ҳам кўриш мумкин. Айрим маҳаллаларда четга бориб ишлайдиганлар кузатилмаяпти.

 Вилоятимизда йирик саноат корхоналари ишга тушаётгани қувонарли, албатта. Лекин уларни малакали маҳаллий кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам бор-да.

— Тўғри айтдингиз. Баъзи йўналишлар бўйича вилоятимизда ёшларга иш йўқ. Баъзи соҳалар бўйича эса аксинча, мутахассис излаб эсинг кетади. Менимча, муаммонинг ечими эса жуда оддий. Мана масалан, келаси йили вилоятимизда нечта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, қанча корхона ташкил қилиниши олдиндан маълум. Одатда корхона қурилиб битказилгандан кейингина унда ким ишлайди, кадрларни қаердан топасиз, деган масалалар кўндаланг қўйилади. Ваҳоланки, бунинг ташвишини олдиндан қилиш керак. Ахир, йирик саноат объекти бир йилда қурилмайди-ку! Шу вақт мобайнида кадрларга буюртма бериш мумкин. Шунда танқислик юзага келмайди.

Яқинда Шеробод туманида йирик цемент заводи ишга туширилди. Ўзимизнинг ёшлар орасида муносиб кадрлар топилмади. Хориждан фалон пул эвазига таклиф қилишга мажбур бўлдик. Очиғи, шу ҳолатдан уялдим.

— Хўш, сиз айтаётган муаммо қачон ечим топади?

— Саволингизга узил-кесил жавоб беришим қийин. Бир нарсани аниқ биламан: Сурхондарё вилояти учун мутахассисларни имкон қадар шу ернинг ўзида тайёрлаш керак. Чунки Тошкент ёки Самарқанддаги олийгоҳни битирган йигит-қиз воҳамизга келиб ишлаши даргумон. Шу туфайли жорий йилнинг ўзида 4 та олий ўқув юртининг филиали очилди. Жумладан, Термиз туманидаги ташландиқ жой обод этилиб, Тошкент аграр университетининг Термиз филиали биноси барпо этилди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари очиқ, ёпиқ майдонларда етиштирилаётганлигини кўриб кўзингиз қувнайди. Талабалар назарияни амалиёт билан уйғунлаштирмоқда. 40 нафари хорижга тажриба ўрганиш учун юборилган.

Тошкент давлат техника университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент тиббиёт академияси филиалларига ўқишга кирган талабалар бир неча йилдан кейин меҳнат бозорига қўшилгач, воҳамизда кадрлар танқислиги билан боғлиқ вазият бироз юмшайди, деган умиддаман.

— Ёшларимиз учун имтиёзлар тизими, рағбатлантириш механизмлари жорий қилинган. Имкониятларга муносиб бўлаётганлар оз эмас. Лекин боқимандалик кайфиятида юрганлар ҳам бор…

— Яқинда шўрчилик ўспирин билан танишдим. Ота-онасининг кўзи ожиз экан. У менга ҳаётда ўз йўлини топишда қийналаётганини айтди. Суҳбат давомида унга ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб бердим. Шунда йигит: “Ногирон ота-онамни давлат эмас, мен боқишим керак”, — деган қатъий фикрни айтди. Демак, ёшлар билан доимий мулоқот қилиш керак экан.

Тўғри, тайёрига айёр бўлиб, фақат бер, бер, деб турган ёшларни ҳам учратяпмиз. Аммо инсон боқиманда бўлиб бир-икки йил юриши мумкин. Кейин барибир бошқалар қатори ишламаса, ҳаракат қилмаса ҳаёти яхшиланмаслигини тушуниб етади.

Давлат, боқиманда ёшларни қайсидир маънода қайта тарбиялашга ҳаракат қиляпти. Бекорчиларга иш топиб бермоқда, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратмоқда.

— Вилоят ёшларининг яқин истиқболини қандай кўраяпсиз?

— Табиатан оптимист одамман. Сурхон ёшларининг жўшқин ҳаракати менда келажагимиз ҳақида фақат ижобий тасаввурлар уйғотмоқда. Янги корхоналар очиб, тенгдошларини иш билан таъминлаган, чет элдан ҳамкор топиб, бизнесини кенгайтираётган йигит-қизларга қойил қолмай иложинг йўқ! Эртага улар мамлакатни, албатта, тараққиётнинг янги поғонасига олиб чиқади. Менимча, ёшларга ишониб хато қилаётганимиз йўқ. Натижасини эса вақт кўрсатади.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Электрон рўйхат афзаллиги нимада?

Бугун давлат ва жамият ҳаёти ахборот технологияларидан айри ҳолда ривожлана олмайди. Замонавий ахборот техноло-гияларидан фойдаланиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan