Бош саҳифа / Жамият / Ёшлар тарбиясига янгича ёндашув

Ёшлар тарбиясига янгича ёндашув

Инсон жамитда яшар экан, унда ўзига хос ўрин ва мустақил мавқе эгаллашга ҳаракат қилади. Бу йўлда интилиш, лаёқат ва фаоллик намойиш этади. Бу  жараёнда тўғри йўлдан озиш, турли ёт ҳаракатларга қўшилиб қолиш ҳолатлари ҳам минг афсуски учрайди. Шу маънода инсонларнинг жамиятдаги ўрни ва турли ижтимоий муносабатларнинг табиатини ўрганувчи соҳа — психология алоҳида ўрин эгаллайди.

Ижтимоий соғлом муҳитни шакллантириш, ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини жорий этиш, шахснинг маънавий камол топишини психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятда психологик билимларни кенг тарғиб этиш мақсадида  вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика “Оила” илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришнинг  ижтимоий-психологик масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. Улардан бири Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида ҳам бўлиб ўтди. Унда Термиз шаҳар, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Ангор ва Термиз туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгашлари раислари, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмалари, халқ таълими бўлими вакиллари, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари директорлари ва уларнинг маънавият ишлари бўйича  ўринбосарлари, психологлар иштирок этди.

Семинарда ёшлар тарбиясида ота-она масъулияти, ўғил-қизларимизда умумбашарий қадриятларни шакллантиришнинг ижтимоий-психологик масалалари борасида сўз юритилди. Маърузачиларнинг ҳаётий воқеалар билан исботланган фикр- лари ва ибратли ривоятлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

— Воҳамизда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, Ўзбекистон қаҳрамонлари ҳамда қатор мукофотлар соҳиблари етишиб чиқаётган бир пайтда айниқса, ёшларимиз орасида жиноятчилар, турли оқимлар тарғиботчиларининг ҳам борлиги ачинарлидир, — дейди психология фанлари номзоди, дотцент Н. Соғинов. —  Уларнинг барчаси бир ҳаводан нафас олиб, бир хил неъматлардан баҳра олишгану аммо уларда эътиқод ҳар хил бўлган. Айни шу жиҳат кимдандир фидокорлик, кимдандир хиёнат кўринишида намоён бўлмоқда. Биз психологларнинг асосий вазифамиз эса  ўз билимларимиздан ёшларни ёт оқимлардан асрашда қурол сифатида фойдаланиб, бугунги сиёсий жараёнларни тўғри таҳлил қилишга ўргатишдир,

Албатта, ўлмас ва умумбашарий қадриятларимиз ҳамда эзгу ғоялар йўғрилган бундай тадбирлар ёшлар онгу тафаккурига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan