Бош саҳифа / Спорт / “Ёшлар шахмат тахтаси” Термизда ўтади

“Ёшлар шахмат тахтаси” Термизда ўтади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ташаббуси билан  ўтказилаётган анънанавий “Ёшлар шахмат тахтаси” республика очиқ турнирининг финал босқичига бу йил Термиз шаҳри мезбонлик қилмоқда. Мусобақанинг очилиши олдидан оммавий ахборот воситалари  ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Спортнинг мазкур турига қизиқувчилар сонининг йил сайин ортиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта. Мамлакатимиз ёшлари орасидан истеъдодли шахматчиларнинг етишиб чиқаётгани ва нуфузли мусобақаларда эришилаётган улкан ғалабалар катта умид уйғотмоқда. Бу йил ўн биринчи бор ўтказилаётган “Ёшлар шахмат тахтаси”  республика мусобақасининг бош мақсади ҳам айнан чекка қишлоқларимиздаги ўқувчилар орасидан янги номларни кашф қилиш, уларни профессионал спортга кириб боришида кўмаклашишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда  турнинг ҳудудий саралаш босқичида 589 минг нафар ўқувчи ёшлар иштирок этди. Бу ўтган йилга қараганда 60 минг нафарга кўп. Аммо соҳада ҳали қатор вазифалар ҳам борки, вилоятларда мусобақанинг мактаблараро босқичини ўтказишда сусткашликларга йўл қўйилмоқда.

Куни кеча республика турнири  иштирокчилари бўлган 168 нафар ёшлар  Термиз темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди. Шу куни улар шаҳар марказидаги мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, ал Ҳаким ат Термизий мажмуасини зиёрат қилдилар. Спортчилар Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Термиз археология музейида ҳам бўлишди.

Матбуот анжуманида сўз олганлар иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳақида тўхталди. Турнирнинг бош ҳаками Акром Ташхаджаев  мусобақа Низом талаблари, турниролди ўтказиладиган маҳорат дарслари ҳақида гапирди. Ҳакамлар баҳсларда адолат бўлишини тўла таъминлашини айтиб, кўп сонли ота-оналар ва мураббийлар истагига кўра бу йил 10 ёш тоифасида ҳам баҳслар ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек, мазкур ўқув йилидан шахмат умумтаълим фанларига  киритилиши мўлжалланаётгани ҳам айтилди.

Анжуман якунлангач, мусобақа ўтказиладиган “Амударё” соғломлаштириш оромгоҳида бўлдик. Бу ердаги шароитлар билан танишиб, ота-оналар ва мураббийлар билан суҳбатлашдик.

— Биз Хоразм вилоятидан келдик,— дейди Ёрқиной Рўзиметова. — Икки фарзандим, Нодирбек ва Нилуфар жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлишган. Уларга эргашиб келаётган ўғлим Акбаршоҳ мусобақанинг 8 ёшлилар ўртасидаги беллашувларида иштирок этади. Яратилган имконият ва шароитлардан барча ота-оналар бениҳоя мамнун.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE