Бош саҳифа / Таълим / Ёшлар—келажак пойдевори

Ёшлар—келажак пойдевори

Айни кунларда абитуриентлар ўзлари истаган олий даргоҳга ҳужжатларини топшириб, имтиҳон онларини интиқлик билан кутишмоқда. Кимдир ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, тест синовларига тайёргарлик кўраётган бўлса, яна кимлардир топширган йўналишларига қанча талабгорлар борлиги, рақибларининг тайёргарлик даражаси ҳақида бош қотиряпти.

 

Хўш, қайси йўналишга қанча талабгорборлиги, неча нафар абитуриент талаба деган номга муяссар бўлиши ҳақида билишни истайсизми? Айнан қуйидаги мақоламиз орқали муштарийларимизни, айниқса, вилоятимиздаги мавжуд 3 та олий ўқув юртига ҳужжат топширган 48 минг 713 нафар абитуриентни қизиқтираётган  саволларга жавоб берамиз.

Термиз давлат университети

Шу йилгача воҳамизда ягона бўлган ушбу олий таълим муассасасига 2017-2018 ўқув йили қабули учун 36 та бакалавриат таълим йўналишига 1800 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган. Шундан 485 ўрин давлат гранти, 1315 ўрин тўлов-шартнома асосида ўқиш учун ажратилган. 15 та магистратура мутахассисликлари бўйича эса давлат грантига 25, тўлов-шартнома асосида ўқишга 42 ўрин ажратилган.

Асосийси, бу йилги қабул жараёнларининг янада сифатли ва тартибли ўтказилиши таъминланиб, абитуриентларнинг аризалари ўзлари таълим олишлари мумкин бўлган факультет ўқув биноларида ташкил қилинди. Об-ҳавонинг исиб кетиши ҳисобга олинган ҳолда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида университет ҳудудида канцелярия моллари дўконлари, яхна ичимликлар ва ошхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир йўналиш бўйича мутахассис маслаҳатчилар ва тиббиёт ҳамширалари бириктирилди.

Барча таълим йўналишлари, қабул сони, уларга топширилаётган кунлик ҳужжатлар ҳақида ахборот ва қайси фанлардан тест имтиҳонлари топширилиши бўйича маълумот берувчи эълонлар доскаларининг илинганлиги ҳамда “Абитуриент-2017” базасига киритилиши талабаликка даъвогарлар учун яна бир қулайлик бўлди.

 Аграрда эса…

Барчамизга маълумки, жорий йил Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан воҳамизда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали ўз фаолиятини бошлади. Мазкур даргоҳга 9 та бакалавриат йўналиши бўйича 5607 нафар абитуриентдан ҳужжат олинди. Олий таълим олишга иштиёқманд бу ёшлар давлат гранти бўйича 80 та, тўлов-шартнома бўйича эса 215 та ажратилган ўрин учун ўз билимини синовдан ўтказади.

Энг муҳими, қабул жараёни юқори даражада ташкиллаштирилиб, абитуриентларимизга йўналишлар бўйича керакли маълумот ва маслаҳатлар берилди.

—Тест синовларини намунали ўтказиш учун Термиз туманида 9 та бино, 163 та аудитория шай ҳолатга келтирилди. Шунингдек, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда бу йил ҳар йилги тест синовларидан фарқли равишда имтиҳон бўлаётган бино олдидаги ота-оналар кутиш жойига монитор ўрнатилиши мўлжалланмоқда. Ушбу монитор орқали эса ташқаридаги кузатувчилар ҳам аудиторияларда бўлаётган тест жараёнларининг қай даражада ўтказилаётганлигини кўриши мумкин бўлади,  — дейди қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Мирзааҳмад Одинаев.

Эътиборлиси, ушбу олий таълим муассасасига Қаш- қадарё, Бухоро, Хоразм, Навоий вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан ҳам кўплаб ёшлар ўқиш истагини билдириб,  ҳужжат топширишди.

 “Мен технолог бўламан!”

Вилоятимизда технолог кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда бу йил Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали ҳам ўз фаолиятини бошлади.

— Филиалимизнинг биринчи қалдирғочлари сифатида ўқиш учун мавжуд 8 та йўналишга 6560 нафар ўғил-қиз “Мен технолог бўламан!”, деган улкан орзулар билан ҳужжат топширган. Афсуски, бу бахт барча абитуриентларга ҳам насиб этмайди. Белгиланган режага мувофиқ, уларнинг ичида тест синовларидан муваффақиятли ўтган 115 нафари давлат гранти, 260 нафари тўлов-шартнома асосида ўқиш имкониятига эга бўлишади, — дейди қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Шерзод Ибодуллаев.

Энг асосийси, малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида энди 1 август куни бўлиб ўтадиган тест синовларининг адолатли ва холис ўтишини таъминлаб, вилоятимиздаги  олий ўқув даргоҳларига билимли, иқтидорли ёшларни талабалар сафига қабул қилишдир. Бу холисона синовда абитуриентларимизга омад ёр бўлсин!

Бобуржон ХИДИРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE