Бош саҳифа / Жамият / Ёшлар иттифоқи – ёшларнинг чинакам кўмакдошига айлансин!

Ёшлар иттифоқи – ёшларнинг чинакам кўмакдошига айлансин!

Вилоятимизда жами 1 миллион 444 минг 739 нафар ёш йигитқиз бор.
14-30 ёшлилар 762 минг 503 нафарни ташкил этади.
542 минг 588 нафар ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси.
Уюшмаган ёшлар сони 180 минг 398 нафар.
Ўтган йил давомида 79 маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилди ва унда
1 минг 987 нафар ёш иш билан таъминланди.
2465 нафар ёш тадбиркорлик, фермерлик билан машғул.

Ёшлик — умрнинг энг шиддатли, илмга чанқоқ, кучга тўлган беғубор даври. Шу боис, биз унинг ана шу шиддатига, салоҳиятига мудом суяниб, ёшлар келажагимиз давомчилари, дея умидланамиз. Уларнинг манфаатини таъминлаш билан эса эртанги ёруғ кунимизга замин ҳозирлаймиз.

Юртимизда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, ўтган йил 30 июнда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилишининг ўзиёқ ёшларнинг ечилмаган муаммоларига эътиборни жалб этиш, уларни ҳаётда ҳал қилувчи кучга айлантириш йўлида ташланган дадил қадам бўлди.

— Хабарингиз бор, Ўзбекис- тон ёшлар иттифоқи фаолиятини бошлашга киришар экан, ўз олдига катта мақсад ва вазифаларни қўйди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Оҳунжон Умаров. — Албатта, қисқа вақт ичида уларни тўла-тўкис амалга оширишнинг имкони йўқ. Шундай бўлсада, биз ўтган давр мобайнида ёшлар орасига кириб боришга, уларнинг муаммоларини, таклифларини эшитиб, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, ижтимоий кўмак беришга ҳаракат қилдик. Мисол учун илгари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати даврида турли тадбир ва учрашувлар фақат таълим муассасаларидаги ёшларни қамраб олган бўлса, биз нафақат ўқувчи ва талабаларни, балки воҳамизнинг энг чекка ҳудудларидаги ўзини жамиятдан айро ҳис қилаётган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашдик, дилдан суҳбат қилдик. Уларнинг озгина бўлсада дунёқарашини ўзгартиришга, жамиятда фаол бўлишга, ўз фаровон ҳаётини ўзи яратиши мумкинлигига ундадик. Бу кўпчиликда, хусусан, уларнинг ота-оналарида яхши таассурот уйғотди.

Иттифоқнинг вилоят Кенгаши қошида ўнга яқин турли йўналишдаги бўлимлар фаолият олиб бормоқда. Улар ёшларни тадбиркорликка жалб қилишдан тортиб, маънавий-маърифий, спорт ва саломатлик, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишгача бўлган йўналишларни қамраб олади. Мазкур йўналишлар бўйича ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида тарғибот тадбирлари ўтказилиб, улар билан яқиндан суҳбат қилиняпти.

Жумладан, 2017 йил давомида ташкилот тизимлари томонидан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш, тўғридан тўғри мулоқот қилишлари учун жойларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари билан 101 та “Ҳоким ва ёшлар”, 83 та “Судлар ва ёшлар” учрашувлари, “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳалари ўтказилди. Учрашувлар давомида 2 503 нафар ёшлар томонидан берилган таклифлар ва саволлар ўрганиб чиқилиб, 2 330 та мурожаат ижобий ҳал қилинди.

Айниқса, ташкилот ташаббуси билан ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи 100 нафар вояга етмаганлар учун ўтган йилнинг июль-август ойларида тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилгани 58 нафар ёшнинг хулқини ижобий томонга ўзгартирди. Улар  Иттифоқнинг тавсияномалари билан тақдирланди ва тегишли тартибда туман, шаҳар ички ишлар идоралари профилактик ҳисобидан чиқарилди.

Вилоят Кенгаши томонидан вилоятдаги мавжуд таълим муассаларда ўтган йил июль-декабрь ойларида 65 маротаба давомат тадбирлари, интернет-кафе, тунги клублар, ресторан ва барларда 22 та тунги рейдлар ўтказилиб,  100 нафардан ортиқ вояга етмаганларга тегишли чоралар кўрилди.

Иттифоқнинг яна бир ташаббуси, бу — туманлардаги жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган оила фарзандлари ҳолидан хабар олиб, уларга ногиронлик аравачалари олиб бергани бўлди. Бундай саховатли иш кўплаб инсонлар қалбига қувонч улашди, уларда яшашга бўлган иштиёқ, умид уйғотди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гигиена ва экологик маданиятни ошириш бўлими томонидан “Саломатлик ва экология посбонлари” кўнгилли ёшлар гуруҳи тузилиб, улар учун Термиз шаҳри ҳамда Денов туманларида маҳорат дарслари ташкил қилинди. Унда 90 нафар кўнгилли ёш соғлом турмуш тарзини шакллантириш, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, ёшлардаги психологик муаммоларга ечим топиш, ОИВ, ОИТС, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари бўйича бирламчи маълумотга эга бўлишди.

Бундан ташқари, жойларда уюшмаган ёшлар учун спорт тўгараклари, таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчилари ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлардан таркиб топган “Жамоатчи ёшлар” гуруҳининг ташкил этилиши  уларни жамият ишига аралашишга, фаол бўлишга ундамоқда. Гуруҳга аъзо бўлган ёшлар ўтган йилнинг 1 декабридан Иттифоқнинг туман (шаҳар) кенгашларида ташкил этилган тунги навбатчиликда фаол иштирок этади. Ўз навбатида, бу бир йўла жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳам олдини олишда ижобий натижага эришиш имконини яратади. Бу ишда жонбозлик кўрсатганлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан таъсис этилган “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медалига тавсия этилади. Шунингдек, уларга келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаш учун тавсияномалар берилади.

—     Бугунги кунда ёшларни қийнаётган муаммолардан бири бу ишсизликдир, — дейди Оҳунжон Умаров. — Шу боис жорий йил давомида ёшлар учун бўш иш ўринларини яратишга ва “Ёшлар учун энг кўп иш ўрни яратган намунали ҳудуд” деган номни оқлашга астойдил бел боғлаганмиз. Бу айнан вилоят Кенгашининг 2018 йилдаги йўналиши ва ўзига хос имиджи бўлади. Бунда, албатта, ёшлар тадбиркорлигини кенг йўлга қўйиш, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш муҳим вазифаларимиздан бири саналади.

Вилоятимиздаги истеъдодли ёшлар ҳам ташкилот томонидан турли танлов ва маданий дастурларга жалб этилиб, муносиб рағбатлантирилди. Бу уларга ўз иқтидорларини намоён этиш имконини берди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги «Республика ёш ижодкорлар кенгаши» томонидан ўтказилган I республика «Ёш ижодкорлар форуми»да вилоятимиздан 8 нафар ёш иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишлаб «Конституция билимдони» кўрик-танлови ташкил этилди. Унда тавирий санъат йўналиши бўйича Шеробод туманидаги 66-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулҳаё Шокирова иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган «Ёш китобхон» кўрик-танловига 12 минга яқин китобхон ёшлар жалб этилди.

Мақола тайёрлаш жараёнида яна бир нарсага, ташкилот вакилларининг ўз ишидан ҳали қониқмаганлигига амин бўлдик. Бу эса уларни кейинги фаолият даврида янада катта масъулият ва жонкуярлик билан фаоллик кўрсатишга ундайди. Бугун воҳамиз ёшлари ҳаётига аста-секинлик билан кириб бораётган мазкур ташкилот энди том маънода уларнинг қалбига кириб боришига, ёшларнинг чинакам суянчиғи, кўмакчиси, нажоткорига айланишига умид қиламиз.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшларга берилган имтиёзлар:

Таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғи биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтирилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3 йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уйжой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Иттифоқнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Иттифоқ тизимида кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи, етакчилик қобилиятини намоён этган ёшлар, шунингдек, бошланғич ташкилотларда етакчи, сардор сифатида фаолият кўрсатган фаол ёшлар олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилинади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE