Бош саҳифа / Спорт / Ёшлар фестивали Сурхондарёдан бошланди

Ёшлар фестивали Сурхондарёдан бошланди

Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан вилоятимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида “Ўзбекистон ёшлари — янги замон бунёдкорлари” шоири остида ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб Сурхон воҳасида ташкил этилаётган мазкур фестиваль ёшларнинг ибратли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга яқин кўмакдош, маслакдош бўлаётган соҳа вакилларини рағбатлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Қолаверса, фестиваль доирасидаги қатор лойиҳалар орқали ҳудудларга ижтимоий инвестицияларни киритиш, ёшлар инфратузилмасини ривожлантириш, дунё халқларининг инновацион ютуқларини ижтимоий-маънавий ҳаётга жалб этиш, шу орқали ёшлар турмуш даражасини янада кўтариш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбия лаш, таълим, спорт, тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятларида амалий ёрдам бериш кўзда тутилаяпти.

Фестиваль аввалида, вилоят “Матбуот уйи”да тарғибот гуруҳлари таркибида бўлган депутатлар, ҳуқуқшунослар, психологлар, тадбиркорлар, ёш олимлар, ёзувчи-шоирлар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, рассом ва спортчилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев Бош Қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилаётган фестиваль воҳа ёшларини янги ташаббуслар сари руҳлантиришини таъкидлади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши раиси ўринбосари Б.Очилов, Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Т.Бекназаров мард ва олийжаноб Сурхон аҳли, шижоатли ёшлари ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлардан мамнунлигини билдирар экан, Конституциямиз ва қонунларимизда ёшлар манфаати, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлигини қайд этди. Фестиваль кунлари бўладиган мулоқотлар ва учрашувларда уларга имкон қадар амалий ёрдам бериш, келгусидаги режалар учун таклифлар олиш мақсад қилинаётганини билдирди.

Ёшлар фестивалининг “Карьера куни” лойиҳасида ёшлар бандлиги таъминланиб, улар меҳнат қилаётган жамоаларда иш шароитлари билан яқиндан танишилди. “Мувафаққиятга эришиш сирлари”, “Бизнес саёҳат”, “Ёшлар билан очиқ мулоқот” лойиҳаларида эса ўз бизнесини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилди. “Конституция ҳафталиги” лойиҳасида тренинглар, викториналар ҳамда мунозаралар бўлиб ўтди. “Фарзандлик бурчим”, “Ўзбекистон Қуролли кучлари — матонатли ҳаёт мактаби” лойиҳалари доирасида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ҳамда спорт беллашувлари ташкил этилди. “Келажак бунёдкорлари” лойиҳасида эса вилоятимизда жорий йилда давлат мукофотлари ва нишонлари билан тақдирланган ёшлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, “Ёшлар кутубхонаси”, “Юқори малакали бепул тиббий хизмат”, “Спорт ҳафталиги”, “Болалар китоби”, “Камалак юлдузлари”, “Ёшлар нашрлари кунлари” каби лойиҳалар ва акцияларда ҳам чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган умидли ёшлар, истеъдод эгаларининг қобилиятлари синовдан ўтказилди. Китобхонлик маданиятини тарғиб этувчи учрашувларда ижтимоий муҳофазага муҳтож оила фарзадларига китоблар тўпламлари тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, фестиваль режасига мувофиқ, эҳтиёжманд ёш оилаларга янги уй-жойларнинг калитларини топшириш, сунъий қопламали спорт майдончаларини ишга тушириш ҳамда ёшлар иштирокида веломарафон ўтказиш ҳам мўлжалланмоқда. Фестиваль Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳамда таниқли санъаткорлар ва эстрада хонандалари иштирокидаги гала концерт билан якунланади.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE