Бош саҳифа / Жамият / Ёшлар диний эҳтиёж – манфаатлари ва интернет

Ёшлар диний эҳтиёж – манфаатлари ва интернет

Ёруғликка тоқат этолмаган зулматнинг оқибат барча сирлари фош бўлгани ҳақида кўплаб рамзий ва ҳаётий ҳикояларни ўқиганмиз. Бундай ўхшаш ҳолатларнинг барча замонларда, одамлар ҳаётида ҳам рўй берганига тарихнинг ўзи гувоҳ.

Аммо, инсонларни тўғри йўлдан адашиб, залолат сари кетмоғига доимо илм-маърифат, халқ қадриятлари ва тажрибалари йўл бермаган. Бугун глобал интернет тармоғидаги айрим дин ниқоби остида бузғунчи ғояларни тарғиб этаётган сайтларнинг уринишлари ҳам ана шу манзарани ёдга солади.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг шу борада қимматли бир ўгити бор. Айтадиларки, “Эй доно одам, сен энг аввало, нарсаларнинг моҳиятини бил, уларнинг алдамчи шаклига ишонма”. Қанча замонлар ўтсада эскирмайдиган бу ҳикматнинг мағзида инсониятни огоҳ этувчи ҳақиқат мужассам. Яъни, нарса ёхуд ҳодиса, маълумот моҳиятини англамай туриб у ҳақда хато фикрга бориш, алдамчи нарсаларга ишониш доно одамнинг иши эмаслигини эслатмоқда.

Фан-техника тараққиётининг меваси бўлган интернет майдонидаги маълумотлар бугун чегара билмас, тақиқсиз манбага айланди. Аслида эзгулик мақсадида яратилган тармоқ, афсуски, ёлғон ва залолатга ҳам бирдек хизмат қилаяпти. Интернетдан фойдаланиш кўникмасига эга бўлганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётгани хавотиримизни янада оширади. Сир эмаски, интернетдаги бузғунчи манбалар ҳали эътиқоди шаклланмаган ғўр ёшларимизнинг онгини заҳарлаб, уларни жанг майдонларида қурол кўтариб, номаълум мақсадлар йўлида қурбон бўлишига сабаб бўлганди. Бугун тарғиботнинг энг сўнгги усулларидан фойдаланаётган диний-экстремистик сайтлардаги кимсалар ўзларини анъанавий дин вакили сифатида кўрсатиб, ҳамон олғирлик пайидалар.

“Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади”, деган нақлни эслайлик. Диний саводи бўлмаган кишининг тўғри билан ёлғонни фарқлаши мушкул. Шу ўринда қайд этмоқчимизки, интернетда ёшларнинг диний соҳадаги ақлий-интеллектуал қобилиятини ривожлантирувчи, маънавий-ахлоқий камолотига кўмаклашувчи, ҳаёт қадри ва иродавий сифатларни шакллантирувчи ишончли манбалар ҳам борки, уларни таниш ва билиш лозим. Энг мақбули интернетдаги uz доменидан бошқа диний-исломий мазмундаги сайтлардан фойдаланмаслик мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, жиҳод, шаҳидлик, ҳижрат, куфр каби истилоҳларни нотўғри талқин этувчи, юртимиздаги жараёнларни кескин ва нохолис баҳоловчи, юклаб олиш осон, аммо экстремистик мазмундаги аудио, видео ҳамда электрон китобларни сақловчи, кўринишдан беозор, бироқ фақат мусулмонлар аъзо бўлиши мумкин бўлган социал тармоқ, улар ичидаги блог ва виртуал жамиятли сайтларга кирмасликни тавсия этамиз.

Огоҳ бўлингки, шубҳали сайтлар орасида сиёсий, иқтисодий ҳамда бошқа мақсадларни кўзлаган миссионерлик ва прозелитизм, эзотерик (ботиний), бутпарастлик мазмунидаги диний ҳаракатларга чорловчи ахборотлар ҳам бор. Бу ахборотларнинг хавфлилиги реал воқеликни ўзгартиришга қаратилган виртуал дунёни яратишда, ёшларнинг онги ва хулқини, қадриятлар ва турмуш тарзини ўгартиришда намоён бўлади.  ҳаётда ўз ўрнини топишга интилмаган, оқибат ўзидан эмас жамиятдан норози бўлган ёшларга тезда бойиб кетишни ваъда этаётган ёлғончилар тағин мазҳабсизлик, жиҳодга тарғиб, такфир (бошқаларни куфрда айблаш), расмий диний раҳнамоларни обрўсизлантиришни мақсад этадилар.

Бугунги постмодерн жамиятда асосий зиддиятлар билим ва билимсизлик ўртасида юз беришини ҳисобга олсак, энг асосий устувор вазифамиз ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилмоқдир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва муносиб қаршилик кўрсатиш мақсадида миллий контентни ривожлантириш, ахборот ресурслари ва интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган экстремизм ва терроризм ғояларининг мамлакатимиз ҳудудида тарғиб қилинишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш вазифаси қўйилди. Жумладан, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, диний таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш орқали иқтидорли, салоҳиятли, диний ва дунёвий фанларни чуқур ўзлаштирган, мафкуравий хуружларга қарши тура оладиган, турли оқимларнинг ёт ғояларига раддия бериш қобилиятига эга малакали диний соҳа мутахассисларини тайёрлашнинг янги, босқичма-босқич тизимини шакллантириш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, давлат тилидаги таълим, илмий-маърифий, ёшлар эҳтиёжларига мос замонавий ахборот ресурсларини, мультимедиа маҳсулотларини яратиш ва тарғиб қилиш механизмларини такомиллаштириш масалалари ҳам эътиборга олинган.

Маҳмуд МАЖИТОВ,
ТерДУ катта ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan