Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ёруғ манзиллар сари

Ёруғ манзиллар сари

Истиқлол йилларида юртимизда кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар олиб борилганлиги натижасида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Бу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, ишлаб чиқариш объектлари кенгайди.

Қишлоққа саноатни олиб кириш орқали ишсиз юрган ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда саноат корхоналарига кўплаб имконият ва имтиёзлар берилганлиги тадбиркорларга қўл келди. Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида давлатимиз Раҳбари  томонидан текширувларнинг чекланганлиги, солиқ соҳасида имтиёзлар берилгани соҳани ривожлантиришда қулайликлар яратди.

Бинобарин, сўнгги ўн йилликда юртимизда енгил саноат тизими тараққиёт сари юз тутди. Буни Жар- қўрғон туманидаги “Сурхонтекс” қўшма корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона ходимлари томонидан тўпланган узоқ йиллик тажриба ва малака, хориж технологияларининг янги авлоди босқичма-босқич ишлаб чиқаришга йўналтирилаётганлиги иш суръати ҳамда сифатга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. “Сурхонтекс” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси собиқ “Сурхонтекстиль” корхонаси ўрнида 2013 йилда қайта ташкил этилган эди.

Корхонанинг ўтмиши ва бугунги кундаги ишлаб чиқариш салоҳиятини солиштириб кўрганингизда жуда катта тафовут борлигига амин бўласиз. Ишлаб чиқариш жараёнидаги самарадорлик ва сифатни асло кечаги кун билан қиёслаб бўлмайди. Илгари корхонада 970 киши ишлаган, 2,5 минг тонна пахта хомашёси қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 240 нафар ишчи фаолият юритади, ишлаб чиқариш қуввати эса 5 минг тоннани ташкил этмоқда. Ўртача иш ҳақи 550 мингдан ошади.

2017 йил корхонада 16 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шунинг 90 фоизи хорижга экспорт қилинди. Чет давлатларга экспорт қилинган маҳсулот таннархи қарийб 2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Маҳсулот асосан, Россия, Хитой, Туркия ва Болтиқ бўйи мамлакатларига етказиб берилди. Ўтган йилда 600 минг доллардан зиёд чет эл сармояси асосида корхонага 2 та саваш линиялари учун 4 та дастгоҳ келтирилганлиги сифат ва самарадорликни янада оширди. Натижада, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулот хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди.

Табиийки, корхонада ишлаб чиқариш бир ерда депсиниб тургани йўқ. Таъбир жоиз бўлса, янги технологиялар, янги инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Йилма-йил эски техникалар янгиларига алмаштирилмоқда. Ҳозирги пайтда корхонада асосан, ип калава маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда.

— Ишлаб чиқариш тармоқларини янада кенгайтириш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида “Асакабанк”нинг вилоят бўлимидан қиймати 8 миллион доллар имтиёзли кредит олишни мўлжаллаяпмиз. Ўтган йили “Асакабанк”нинг 9,5 миллиард ҳамда хорижий инвесторларнинг 5 миллиард сўмлик сармояси асосида янги бино қуриб битказилди. Агар давлат дастури асосида  8 миллион доллар маблағ ажратилса, ишлаб чиқариш қувватини йилига 9 минг тоннага етказиш имкониятига эга бўламиз. Ушбу лойиҳаларимиз амалга ошса, 160 та янги иш ўрнини яратиш билан бирга, туманда етиштирилган пахта ҳосилини 100 фоиз ўзимизда қайта ишлашга эришамиз. Айни пайтда бу кўрсаткич, 60-70 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилда хорижга экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказишни мўлжал қилаяпмиз.

Корхонамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2020 йилга бориб янги бизнес-режа бўйича, ип-калавадан ташқари, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Сифат ва самарадорликни таъминлаш мақсадида, корхонамизда Покистон (7 нафар), Бангладеш (1 нафар), Ҳиндистон (1 нафар) давлатларидан келган муҳандис ва технологлар яқиндан ёрдам беришмоқда. Шунингдек, жорий йилда тўқимачилик, пахтачилик кластерларини ташкил этиб, фермер хўжаликлари билан тузиладиган фьючерс (қўшимча даромад олиш учун истиқболли келишув) шартномаларига асосланиб, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш орқали соф даромадни 2 бараварга оширмоқчимиз, — дейди корхона директори Бахтиёр Нормаматов.

Бугунги кунда 3 та автобус ишчилар хизматида. Иш 4 сменада ташкил этилган. Ишчи хизматчилар корхона ҳисобидан бепул 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Байрамларда ишчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари бепул тарқатилади. Ўтган йили саломатлигини тиклаш учун 25 нафар ишчига “Жайронхона”  соғломлаштириш масканига йўлланма берилган. Вилоят ва туманда ўтадиган тадбирларда ҳомийлик қилинмоқда. Жумладан, тумандаги бир нафар кам таъминланган оилага уй жиҳозлари олишда амалий ёрдам кўрсатилган.

“Шуҳрат” медали ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси Гулчеҳра Баротова, “Шуҳрат” медали соҳибаси Гулбаҳор Хуррамова, ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Самариддин Мажидов, бош технолог Ботир Қўзиев, смена устаси Тожи Эрдоновлар ҳақли равишда корхонанинг фахри ва ифтихорига айланишган, десак асло муболаға бўлмайди.

Корхонада ёш кадрларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 37 нафар коллеж битирувчилари ишга қабул қилингани бунга яққол мисол бўла олади.

Ёруғ манзилларни кўзлаб фаолият юритаётган корхона вакиллари имкон қадар юртимиз саноати салоҳиятини ривожлантиришга ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан амалда лаббай деб жавоб беришмоқда.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сохта чипталар…

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Олтинсой туман бўлими тумандаги электр таъминоти корхонаси ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE