Бош саҳифа / Жамият / Ёруғ кунлар умиди

Ёруғ кунлар умиди

Термиз туманида ташкил этилган олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази давлатларимиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга, турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Ушбу ўқув марказида олий таълим бўйича 17 та, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бўйича эса 16 та йўналишда талаба ёшлар ўқитилаётир. Афғонистонлик ёшлар чуқур илм ўрганишни мақсад қилишган. Бу ерда Руҳшона Ҳакимий, Асила Ноибзода, Абдуқодир Ғайрат сингари истеъдод эгаларини истаганча топиш мумкин. Шунингдек, Абдуллоҳ Ҳомидий – ажойиб нотиқ, Муҳаммад Мансур Барлос – оташнафас шоир. Улар билан суҳбат доимо мароқли кечади. Афғонистонлик ёшлар эшитишни ҳам билади. Яна бир жиҳат ўз фикрини, гарчи у хато бўлса ҳам суҳбатдоши онгига сингдиришга ҳам уринади.

Улар кўпинча отамерос касбларни танлашади. Темирчининг фарзанди темирчи, санъаткорнинг фарзанди санъаткор, ҳокимнинг фарзанди ҳокимликка интилади. Бу ҳам қўшни юртдаги реал ҳолатни яна бир бор ойдинлаштиради. Бу ёшлар билан суҳбатлашар экансиз, уларнинг тафаккур даражаси оилаларининг мавқеидан келиб чиқиб шаклланганлигини кузатасиз. Салим Фироқий – Балх вилоятидан. У афғон юртидаги мансабдор оиланинг фарзанди. У билан нафақат ўз юрти, Ўзбекистоннинг бугунги тезкор ривожланиши ва жаҳон ҳамжамиятидаги воқеликлар ҳақида теран мушоҳада билан суҳбатлаша оласиз.

— Афғонистон фуқароси сифатида мамлакатдаги ҳаётни, вазиятни ичкаридан биласиз. Юртингизда ҳам тинчлик ўрнатиш, мамлакатни барқарор ривожлантириш учун қандай тўсқинликлар мавжуд?

— Ўзбекистонинг давлат раҳбарларини бизнинг мамлакатда ҳам яхши кўришади. Нега?. Боиси, улар доимо Афғонистоннинг тақдирини ўз ҳалқи ҳал қилиши лозимлигини, чеккадаги кучлар аралашмаса мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаб келишади. Бу ҳақ гап. Токи, менинг юртим ўзи мустақил давлат сифатида шаклланмас экан, муаммоларга ҳам ечим топиб бўлмайди.

— Нима деб ўйлайсиз, Афғонистондаги урушнинг охири борми?

— Отам ҳам айнан менинг ёшимда уруш тугаб қолар, дея умид қилган экан, орадан чамаси қирқ йиллар ўтди ҳамки, уруш олови гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб ёниб турибди. Эртадан умид бор, холос. Болалигимнинг бир қисми Покистонда ўтган, урушдан қочиб яшаганмиз, АҚШ қўшинлари Афғонистонга кирганидан сўнг, яна мамлакатга қайтдик. Бироқ томонлар ўртасида жанглар эса ҳамон тингани йўқ. Оиламизнинг бир қисми пойтахт Қобулда истиқомат қилади, ярми эса Балх вилояти маркази Мозори Шарифда. Икки шаҳарни боғловчи йўлнинг хатарлилиги боис, оғалар, яқинларимиз бир-биримизнинг дийдоримизга ҳеч ҳам тўймаймиз. Уруш Афғонистон халқининг жонига теккан. Юқорида таъкидлаганимдек, биз афғонлар ўз давлатимиз тақдирини ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлиб, миллий муросага келсаккина, уруш оловини буткул ўчириш мумкин.

— Афғонистонлик ўзбеклар кунни қандай қарши олади?

Афғонистонда диний анъаналарга амал қилиш жуда кучли. Ўз ўрнида айтиш керакки, бу анъаналар, баъзан бидъатга, хурофотга ҳам айланиб кетган. Тонг худди бу ердагидек кутиб олинади. Бомдоддан сўнг, ҳовлилар супуриб-сидирилади. Таомлар тайёрланади. Ўзбекистоннинг теле ва радиоканалларини томоша қиламиз. Менинг юртимда, хусусан, хонадонимизда тонгда ишга, ўқишга йўл олинар экан, сўнгги бор дийдорлашилаётгандек хайрлашамиз. Боиси, тонгдан шомгача бўлган умримиз, тақдиримиз Яратганнинг қўлида.

— Афғон тупроғида буюк алломаларнинг ҳоки қўйилган. Уларга нисбатан юртингизда муносабат қандай?

— Навоий шахси ва ижоди бутун туркий халқлар дунёсида машҳур эканлигини Афғонис тондан ташқарига чиқиб, сўнгра билганман. Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида 6-7-синфларда икки-уч соатгина дарслар ўтилади. Навоийни менинг юртимда яхши билишмайди. Бугунги кунда мен билан Термизда таҳсил олаётган ҳиротлик ҳамюртим ҳам бор. У ҳам бирор марта улуғ алломанинг қабрини зиёрат қилмаганини, билмаслигини айтди. Термизда Навоийнинг пойига гулчамбарлар қўйганимизда, у буни тушуниб етиб, ёзги таътилда Ватанга борганида, албатта, зиёрат қилишини билдирди. Қобулда Бобурнинг қабри жойлашган манзилда Боғи Бобур бор. У ер бирозгина гавжум. Ғазна томонларда ҳам буюк мутафаккирларнинг ҳам қабрлари борлигини айтишди.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE