Бош саҳифа / Таълим / Ёруғ кунлар келди, ишонинг

Ёруғ кунлар келди, ишонинг

Ўқитувчилар ҳам худди ёзувчи-шоирлардек қалами устидан нон ейди, деган гапларни ёши улуғлардан кўп бора эшитганим бор. Меҳнати — захмат, кўз нурин тўкиб, қалб қўрин бериб хизмат қиладиган зиёлилар том маънода юксак эътиборга лойиқдир.

Олийгоҳни тамомлаб, пойтахтдан Сурхоннинг энг иссиқ гўшаси — Термизга келин бўлиб тушганим ҳозиргидек ёдимда. Пастқамгина қишлоқ мактабида иш бошлаганман. Юзлари офтобдек, кўзлари меҳр га тўла болалар, боринг ки шундай одамларни илк бор Сурхонда кўрганман. Кейинчалик бошқа соҳалардан иш таклиф қилганлар ҳам кўп бўлди, аммо ўқитувчиликдан воз кечиб кетолмадим. Кўз олдимдан ҳамон қоракўз ўқувчиларим, юзларини ажин қоплаган ҳамкасбларимнинг нурли чеҳралари, самимияти асло кетмасди-да.

Муҳтарам Президентимизнинг биз зиёлиларни қанчалар эъзозлашини доимо ҳис этиб турамиз. Айниқса, кейинги вақтлардаги қатор маърузаларида ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш ҳақида билдирган ибратли таклифлари қулоғимиз остида жаранглаб турибди. Куни кеча “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чеккан давлатимиз раҳбари соҳа истиқболига қанчалар жон куйдираётгани яққол намоён бўлди. Қарор билан жамоамизни таништирар эканман, айрим ўқитувчиларнинг кўзидаги севинч ёшларини кўриб, тўғриси жуда таъсирландим. Бор гап ҳам шуки, “Энди ўқитувчиларни ким ҳимоя қилади?”, деган вақтлар ҳам бўлган. Пахта теримининг сўнггигача сарғайишлар, ободончилик ишларида турнақатор юришлар, узундан-узоқ мажлисларда бефойда туришларни айтинг. Кун ўтмай келган текшир-текширлар, коммунал ва бошқа тўловлар учун мажбурий ушланмалар, қолаверса, уюм-уюм ҳисоботлар ўқитувчиларимизни эрта қаритди, чоғи. Ҳафсаласиз, қалбига чироқ ёқсанг ёришмайдиган ўқитувчи қаддини ростлаган, умидини қайтарган ушбу қарор мамлакат зиёлиларини худди қайта ҳаётга қайтаргандек бўлди.

Ҳамманинг тилида эзгу хабарнинг шукронаси. Газетада чоп этилган қарор матни эса қўлма-қўл. Нималар ёзилибди, сўрайди ҳамкасблар бир-биридан. Мана, ўша янгиликлар. Қарор билан, энг аввало, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, бунинг учун уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, педагогларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мунтазам спортга жалб қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Умумий ўрта таълим муассасаларининг базавий тариф ставкалари жорий йилнинг 1 сентябридан, қолаверса, 2019 йилнинг 1 январидан ошириладиган бўлди. Ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда психолог штат бирликларининг белгиланиши эса оғриқли муаммога ечим бўлди. Қувонарлиси, ўқитувчилардан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналларини юритишдан ташқари, бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланди. Эндиликда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагоглар энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофотларига эга бўлади. Таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган ва давлат мукофотларини олган педагогларимиз эса имтиёзли равишда саломатликларини тиклайдилар. Ўқитувчиларга имтиёзли кредитлар ажратилиши, хусусан, истеъмол кредитларига автотранспорт воситаларини харид қилиш имкониятига эга бўлиши ҳам улкан қулайликдир.

Қарордаги муҳим янгиликлардан яна бири шуки, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, санъат, маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллар топширилади.

Таълим соҳасига қаратилаётган бу юксак эътибор бугун ҳар бир зиёлини фидойиликка чорлаши шубҳасиз. Фаолиятимизда янги бир давр бошланмоқда. Энди ўқитувчилик чинакам шараф ва -эъзозли касб бўлади.

Шоҳида АРИПОВА,
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, сенатор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова, Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ОЛИМ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan