Бош саҳифа / Жамият / Йигитга мардлик ярашар

Йигитга мардлик ярашар

Шўрчи тумани “Бахшитепа” маҳалласида яшовчи Бегимой Абдижабборова 72 ёшида Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошыармасининг ташаккурномасини олганда кенжатойи Ҳусниддининг болалиги кўз олдидан ўтди: 5 ўғил ва 2 қизнинг ичида энг кенжаси бўлса-да, Ҳусниддин сира эркалик қилмасди, ишдан қочмасди. Ҳатто, акаси ва опаси учун ўз орзусидан воз кеча олишдек жасорат ҳам кўрсатганди. Ҳусниддин олий ўқув юртига шартнома асосида ўқишга кирганди. Бироқ ҳам акаси, ҳам опаси шартномада ўқиётгани, ота-онасининг қийналиб қолишини ўйлаб, у ўқишни ташлаб, пойтахтда ўқиётган талаба жигарларининг кам-кўсти учун ишлашга қарор қилди.

У кўп йиллар шу тариқа меҳнат қилди. Аммо, кам бўлгани йўқ. Орада муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, касб-ҳунар коллежида ўқиди, ички ишлар органи тизимига ишга киргач, ИИВ сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсида таҳсил олди. Шундан сўнг, Сирдарё вилояти ИИБ ТХТБга қарашли Ховос темир йўл бекатидаги тармоқ ИИБ Чиноз темир йўл кўпригини қўриқлаш отряди навбатчилик қисмида инспектор навбатчиси вазифасида ишини давом эттирди.   

  Унинг олий маълумотли бўлиш орзуси ушалмаган бўлса-да, ота-онасининг дуосини олишдек бахтга муяссар бўлди. Чунки, ота-она дуоси кишини энг улуғ мартабаларга кўтариши бор гап. Мана исботи, бугун Бегимой момо ўғлининг кўрсатган жасорати учун ташаккурнома олди. Унда “Шундай мард, жасур ўғлонни вояга етказганингиз учун сизга раҳмат” деган жумлалар ёзилганди. Бегимой момо бу сўзларни ўқиётиб, вужудини худди чумоли ўрмалашига ўхшаш жимирлаш босди, юраги ҳапқирди, лаблари шукроналик айтиб титради, кўзларида қувонч ёшлари милтиллади…

  Ҳозирда вилоят Транспортда ХТБ «Қумқўрғон» бекатидаги бўлинма навбатчилик қисми инспектор-навбатчиси бўлиб фаолият юритаётган катта сержант Ҳусниддин Янгибоев хизмат олиб бориш вақтида Қумқўрғон темир йўл бекати марказий паркида турган юк вагонларни текшириш давомида вагонлардан бирининг таг қисмида шубҳа уйғотувчи нарса борлигини аниқлаган ва зудлик билан бошқарма навбатчилик қисмига ахборот берган. Ушбу вагон Дарбанд темир йўл бекати марказий паркида Бошқарма тергов-тезкор гуруҳи томонидан холислар иштирокида очиб кўрилганида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган. Катта сержант Ҳ.Янгибоев ушбу ҳаракатлари билан жиноятни фош этиб, жуда кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг республикамиз ҳудудидан темир йўл орқали олиб ўтиб кетилишига чек қўйган.

  Ҳусниддин Янгибоев билан суҳбатлашсангиз, унинг юраги тоза, бир сўзли мард йигит эканига амин бўласиз. Сурхонча айтганда, сўзида ҳам, юришида ҳам, ҳатто ҳаракатларида ҳам бир жайдарилик зоҳир эканини кўрасиз. Ўз вазифасини сидқидилдан адо этадиган танти қаҳрамонимиз 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрамида Президентимизнинг фармони билан жамиятда тинчлик-осойишталик ҳамда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати, шарафли ва муқаддас бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун “Жасорат” медали билан тақдирланди.

—  Ватанини асраш, уни турли ғараз ниятли кишилардан ҳимоя қилиш шу диёрда туғилиб, ўсган ҳар бир йигитнинг бурчидир, — дейди катта сержант Ҳусниддин Янгибоев. — Камтарона меҳнатларим эвазига ушбу мукофотга муносиб кўришганидан бошим осмонга етди. Менга билдирилган бундай ишонч мени яна дадилликка, фидойи бўлишга ундайди.

Суҳбат орасида у акаси унинг ҳам маслакдоши, ҳам устози бўлганини, ҳаётда доим тўғри йўл-йўриқ кўрсатганини қистириб ўтди. Шунингдек, онасининг дуолари ҳамон уни суяб, мадад бериб турганини бот-бот таъкидлади. “Мен онамни бошимда кўтариб яшайман” деган сўзлари бизни ҳам тўлқинландирди.

Ҳаётда яқинларини қадрлай билиш ҳам бир мардлик, жасорат аслида. Бундай одам қоқилса ҳам, йиқилса ҳам оғриқлар билинмайди. Чунки уни елкасидан тутувчилар, суягувчилар бор. Уларнинг меҳри синовларни мардонавор енгишга ёрдам беради. Қувонарлиси, Ҳусниддиннинг бу фазилатларини унинг улғаяётган икки фарзанди ҳам кўриб, ўрнак олиб ўсаяпти.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Anemiya «urfi»

Unim kam, bunim kam, ustiga ustak qonim kam, deya zorlanishdan ma’ni yo‘q. Negaki, bularning barini …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan