Яширин цех фош бўлди

0
34

Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиб берилган. Аммо Шўрчи туманидаги деҳқон бозорида айрим фуқароларнинг давлат рўйхатидан ўтмаган қалбаки ёрлиқлар билан қадоқланган идишлардаги ўсимлик ёғини сотаётганликларини қандай изоҳлаш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тезкор тадбирлари натижасида опа-сингил Гулҳаё ва Гулруҳ Маҳмудовалар (исм-фамилияси ўзгартирилган) яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида яширин цех ташкил қилиб, қалбакилаштирилган ўсимлик ёғи ва этикеткасини тайёрлашаётгани аниқланди.

Уларнинг уйидан қалбаки этикеткалар ёпиштирилган бўш полиэтилен идишлар, қозон, фильтрлаш бочкалари, этикеткалар, қадоқлаш ускуналари, мойга ўхшаш суюқлик ва қопқоқлар, муҳр бостирадиган сиёҳдон, ҳисоб-китоб дафтари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Вилоят синов ва сертификатлаштириш марказининг хулосасига кўра, ушбу ўсимлик ёғи ва кунжара маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Қисқаси, номи зикр этилган шахслар ножўя хатти-ҳаракатлари билан фойда ўрнига зиён кўришаяпти. Бу билан нафақат ўзларига, балки жамиятга, энг ачинарлиси, инсон саломатлигига жиддий зарар етказишмоқда.

Х.МЎМИНОВ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш
департаменти бўлим бош инспектори
Р.ТУРСУНҚУЛОВ, департаментнинг Сурхондарё
вилоят бошқармаси бўлим инспектори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг