Бош саҳифа / Жамият / Ярмаркалар халқ хизматида

Ярмаркалар халқ хизматида

Вилоят аҳлининг байрам кайфиятини кўтариш, Янги йил дастурхонини турли арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 10 декабр дан 10 январга қадар Термиз шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори” ҳамда ат Термизий майдонида “Озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси” ташкил этилди.

Байрам арафасида аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар таннархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 50 дан ортиқ ярмарка расталарида гўшт, тухум, картошка, пиёз, мева-сабзавотлар, гуруч, балиқ, ичимликлар ва бошқа турдаги истеъмол товарлари биринчи қўл, яъни ишлаб чиқарувчи ва етиштирувчи тадбиркор ва фермерлар томонидан савдога қўйилган.

— Янги йил байрамини кўнгилдагидек кутиб олиш, воҳамиз аҳлини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган ярмаркада барча маҳсулотлар 30 фоизгача арзонлаштирилган. Нарх-наво, сифат ва тартиб-интизомни таъминлаш мақсадида тегишли бошқарма ва ташкилотлар назорати кучайтирилган. Сотувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, савдо расталари ёмғир-қордан ҳимояланган.

Ярмаркаларга ташриф буюрганингиз ҳамоно байрам шукуҳи қалбингизни қамраб олади. Эртак қаҳрамонлари, безатилган араваларда мева-сабзавотларнинг маржондек тизилгани кўзингизни қувнатса, маҳсулотларнинг нисбатан арзонлиги ва тўлов терминалларининг мавжудлиги чўнтагингизга анчайин фойда келтириб, бозорингизни баракали қилади. Айниқса, болажонлар учун тайёрланган Янги йил совғалари, турли ўйинчоқларнинг сотувга қўйилгани айни муддао бўлган.

— Тухумнинг донасини 500 сўмдан, бир килограммдан ошадиган товуқ гўштининг донасини 12 мингдан сотаяпмиз дейди, — Термиз паррандачилик фабрикаси раҳбари Х. Нормуродов. — Савдо яхши, маҳсулотларимиз харидоргир. Харидлар барчани мамнун қилаётганидан биз тадбиркорлар ҳам хурсандмиз. Бу каби ташаббуслар, ярмарка савдоларидаги қулайликлар халқимиз учун байрам совғасидир.

— Янги йилни Термиз шаҳрида кутиб олаяпмиз, — дейди қўқонлик Ш. Ғоипова. — Қўшнимиз билан керакли маҳсулотларни олиш учун савдо ярмаркасига келдик. Хайриятки, маҳсулотлар арзон, сифати яхши. Терминаллар ҳам ишлаб турибди. Мол ва қўй гўштининг бир килограммини 28 минг сўмдан, балиқнинг бир килограммини 12 минг сўмдан олдим. Режамдагидан ҳам кўпроқ харид қилдим. Мана шундай ярмаркаларнинг ташкил этилиши биз фуқаролар учун қулай ва ҳамёнбоп.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари” одамлар билан гавжум. Эслатиб ўтамиз, айни шундай ярмаркалар вилоятнинг барча туман марказларида ҳам ташкил этилган бўлиб, аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Рустам МИСИРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan