Янгича ёндашув ва интизом керак

0
70

2018 йил воҳамиз ёшлари учун ниҳоятда қутлуғ бошланди. Бир эмас, бир неча олийгоҳларнинг филиаллари очилиб, умидли ёшларимизнинг олий таълим олиш имкониятлари янада кенгайди. Мамлакатимиздаги тўнғич олийгоҳлардан бири саналган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалининг очилиши ҳам фикримиз тасдиғидир. Ҳозирда мазкур даргоҳда 462 нафар талаба кундузги ва махсус сиртқи таълим шаклларида таҳсил олишмоқда. Албатта, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига, умуман, воҳамиз аҳлига филиалдаги ўқув жараёнлари ва таълим йўналишлари, яратилган қулайликлар ҳақида билиш ниҳоятда қизиқ. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалининг директори

Қаюм Баймиров билан қилган суҳбатимиз ҳам айнан шулар хусусида кечди.

СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА:

Қаюм Баймиров Шеробод туманидаги қадим Буғ қишлоғида, ҳозирда Деҳқонобод номи билан аталадиган гўшада таваллуд топган. Фарғона давлат педагогика институтини тамомлаган, педагогика фанлари номзоди. Узоқ йиллар давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида масъул лавозимларда меҳнат қилган. Жорий йилнинг апрель ойидан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалининг директори вазифасида фаолият юритмоқда. Оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси.

 

— Олийгоҳ Термиз филиалининг очилишига нима сабаб бўлди?

 — Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 19-20 январь кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари чоғида туманлар кесимида вилоятимиз таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масаласи кўтарилган эди. Хусусан, Термиз, Ангор, Шеробод, Музработ, Қизириқ, Бойсун ва Жарқўрғон туманлари мактабгача таълим муассасасалари учун 457 нафар, умумий ўрта таълим мактаблари учун ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг олий маълумот олишига кўмаклашиш, қўшимча 244 нафар олий маълумотли мутахассисга эҳтиёж мавжудлиги исботлаб берилди. Орадан бир ой ўтмасдан, аниқроғи, 5 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу зайл кўплаб ёшларимиз орзусидаги олий таълим маскани фаолиятини бошлади. Филиалда математика ҳамда информатика ўқитиш методикаси, бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш, мактабгача таълим, ўзга тилли гуруҳларда рус тили ва адабиёти таълим йўналишларида талабаларга 33 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ беришмоқда.

—   Янги жамоанинг шаклланишида раҳбарнинг масъулияти кўпроқ. Шу маънода ходимлар ва талабалар билан ишлашда нималарни устувор деб ҳисоблайсиз?

 — Педагогларни тайёрлаш ва улар билан ишлаш доимо катта масъулиятни талаб қилган. Талаба бўлғуси педагог, ўқитувчи эса унинг шаклланишида асосий ишни бажаради. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, дастлаб, ишни миллий тарбиямизнинг асоси бўлган одоб-ахлоқ, қадриятларга ҳурмат кўрсатишдан бошладик. Фарзанд  тарбияни оиладан олади, аммо шахс сифатида жамиятда, маълум муҳитда шаклланади. Биз жамоамиздаги ана шу муҳитни “ўрганишдан уялманг” тамойили асосида яратишга интилаяпмиз. Ўқитувчиларимиз учун “Ўзаро боғланиш — келишиш эмас, тортишиб туриш демак” номли  семинарлар ҳар чоршанбада ўтказиб келинмоқда. Унда янги педагогик, инновацион ғоялар ва дарс ўтиш маҳоратига оид ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Аввалига ўзлаштиришда қийналганлар бўлди, биз уларнинг ўрганишга бўлган иштиёқини рағбатлантирдик. Қисқа вақт мобайнида дўстона илмий-педагогик муҳит яратилди. Илмий йўналишни танлаган талабаларни ҳам шу фао лиятга жалб этишда фаол бўлаётган педагогларимизнинг ишига, касбига бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Энг муҳими,  интизом ишимиздаги асосий мезон эканлигини, акси бўлса, ҳеч қандай мувафаққиятга эришиб бўлмаслигини улар тушуниб етишди. Ҳозирда янги педагог кадрларни жалб этиш юзасидан нуфузли олийгоҳларимиз билан мулоқотлар олиб бораяпмиз. Қолаверса, воҳамиз педагоглари орасида филиалимизда ишлаш истагини билдирганларга ҳам эшигимиз доимо очиқ.

—  Талабалар билан ишлаш жараёни хусусида ҳам айтиб ўтсангиз.

 — Талаба кўпроқ билимни мустақил шаклда ўзлаштиради. Уларнинг мустақил ишлашини,  изланганини шахсан текшириб, таҳлил этиб бораман. Қаердандир кўчирилган, тайёр маълумот талабага ҳеч қандай наф бермайди. Ижодий фикр- лашга, доимо китоб, биринчи манба билан ишлашга ундаймиз. Фанлардан талабалар томонидан тайёрланиб, ҳимоя қилинган мустақил ишларни бепул чоп этамиз. Бу уларнинг шахсий бюджетидаги маблағини тежайди. Талабанинг мустақил ишини фойдаланиш учун ахборот-ресурс марказимизга қўямиз. Шу йўсинда режадаги топшириқлар бажарилиб,  тинг- ловчилар илмий фаолиятга ҳам йўналтирилмоқда. Ана шундай 7 нафар иқтидорли ёшларимизнинг илк илмий мақолалари республика анжуманларининг тўпламларида эълон қилинди.

Ахборот-ресурс марказимизда Wi-Fi зонаси ташкил этилиб, талабаларимиз интернетдаги таълим тармоқларидан ҳам бемалол фойдаланишаяпти. 4 та аудиториямизда масофавий тарзда онлайн дарслар олиб борилмоқда. Машғулотларда айрим фанлардан ўзлаштириши паст бўлган талабаларимизга махсус жадвал асосида қўшимча сабоқлар ҳам ташкил этганмиз. Маълумот ўрнида айтмоқчимизки, фақат ушбу ўқув йилида дарслар 31 июлгача давом этади. Шу боис, пойтахт даги академикларимизни ва олийгоҳ профессор-ўқитувчиларини педагог жамоамизга кўмак учун таклиф этганмиз. Улар томонидан ўқув семинарлари ва маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

— Яқин истиқболдаги режаларингиз?  

Дунёда олий маълумот олиш қийин эмас, аммо шунга муносиб иш топиш мушкул. Шу ҳаёт ҳақиқатини барчамиз чуқур англаб, маҳоратли, ўз касбининг билимдони бўлган рақобатбардош кадрларни тайёрлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйишимиз лозим. Шу боис, янги ўқув йилидан мутахассислик фанларимиз учун махсус лаборатория синфларини ташкил этмоқчимиз. Уларнинг 2 таси бошлан- ғич таълим, 2 таси мактабгача таълим йўналишига мослаштирилган бўлади. Ушбу хоналарда таълимдаги узвийлик тўла маънода ўз ифодасини топади. Келгусида хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатиш истагидамиз. Янгича ёндашув ва қатъий интизом иш услубимиз бўлиб қолаверади.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатни
Баҳром НОРМУРОДОВ
ёзиб олди

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг