Бош саҳифа / Маданият / Янги уй-кутубхона

Янги уй-кутубхона

музработликларга яна бир туҳфа бўлди

Хонадонида кичик кутубхонаси бор китобсеварлар ҳақида эшитганмиз. Аммо, бутун умри давомида йиққанларидан замонавий уй-кутубхона ташкил этиб, бошқаларни ҳам мутолаага ундаётганлар камдан кам топилади.

Музработлик Дўстқобил Қодиров эса 82 ёшни қоралагунча 10 мингдан ортиқ китоб-хазинани йиғиб улгурибди. У кишининг бундай китобсеварлиги эвазига вилоят ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар кўмаги билан тумандаги 7-умумтаълим мактаби ёнидаги ташландиқ бино ўрнида тўрт хонадан иборат, кўркамгина уй-кутубхона барпо этилди. Халқ таълими фахрийси, нуроний отахоннинг номи билан аталувчи бу мўъжаз зиё масканида 10 мингдан ортиқ китоблар жамланган бўлиб, яна 16 та замонавий компьютер, проектор, электрон доска ҳамда мебель билан жиҳозланди. Қарабсизки, бу манзил музработликларнинг севимли жойига, педагог ўқитувчиларнинг эса ноанъанавий дарс ўтишлари учун қулай масканига айланди.

Ушбу уй-кутубхонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Ўзбекистон халқ артисти  Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Масудов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли драматург Қўчқор Норқобил ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

— Мактабимиз ёнида шундай замонавий уй-кутубхона қурилганидан жуда хурсандман, — дейди 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азимжон Нурманов. — Айниқса, бу ердаги компьютерлар интернет тармоғига уланган. Энди шу ердан туриб республикамизнинг турли ҳудудларидаги кутубхоналарга кириб, истаган китобимизнинг электрон нусхасини олиш имконига эгамиз.

Тадбирда шунча китобни жамғаришнинг ўзи катта жасорат, деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. Чиндан ҳам, Дўстқобил отанинг бундай ташаббусини барчага ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Негаки, энди нуронийнинг тўплаган китоб-хазинаси нафақат оила аъзоларига, балки шу атрофда яшайдиган мактаб ўқувчиларидан тортиб, бутун бошли маҳалла аҳлига ҳам маърифат улашади.

Ф. УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan