Бош саҳифа / Маданият / ЯНГИ ТОПИЛМА

ЯНГИ ТОПИЛМА

Мозий ўзининг сир-синоати билан ҳозиргача инсониятни лол қолдириб келмоқда. Унинг жумбоқли тилсимлари ҳали ҳануз тўла ечимини топмаган. Тарихчиларнинг вазифаси эса ўтмишни ҳозирги кун билан боғлаш, ундан сабоқ чиқариш ва ёш авлодга бус-бутунлигича етказишдан иборатдир.

Яқинда Термиз шаҳри, “Бўстон” маҳалласи, ибн Сино кўчасида (Қултўраевлар хонадони ўрнида) кўп қаватли уйлар қурилиши жараёнида газ қувурини ўтказиш учун ковланган чуқурдан милодий 14-15 асрга оид дон ва суюқлик маҳсулотларини сақлашда фойдаланилган сопол хум топилди.

Термиз археология музейига топилма ҳақида хабар берган ишчи Ҳаким аканинг айтишига қараганда, трактор газ қувури чуқурини ковлаётганда унинг ковлагич мосламаси тўсатдан қаттиқ жисмга тегади. Қаттиқ жисмнинг хум эканлигини билгач, дарҳол иш жараёнини тўхтатиб, Термиз археология музейига хабар берадилар. Музей ходимлари шу заҳотиёқ қазиш ишларини бошлашди.

Ҳайратланарли томони шундаки, хум тескари: оғзи пастга, остги қисми эса тепага қараган ҳолатда топилди. Хум 2 метр чуқурликдан ковланиб олинди. Шакли овалсимон, баландлиги 1 метр, оғиз қисми жуда тор: гардиши ташқи тарафга қайрилган. Хумнинг сирти қора рангдаги қия чизиқлар билан безалган. Хум музей экспонатлари қаторидан жой олди. Топилманинг остки қисми синган ҳолатда топилди, шу сабабли ҳозир таъмирлаш секторида. Бу топилма 14-15 асрларда Термиз шаҳри темурийлар даврида ҳам гавжум аҳоли яшаш манзилгоҳи бўлганлигини, қолаверса, кулолчилик соҳаси жуда ривожланганлигидан далолат беради.

Ж. ТУРДИЕВ, Р. ХУДОЙБЕРДИЕВ,
музей ходимлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE