Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Янги навнинг баракаси

Янги навнинг баракаси

Қумқўрғон туманидаги “Тўғон” маҳалласида истиқомат қилувчи Намоз Шербўтаевлар оиласини  моҳир пиллакорлардан бири деб билишади. Бир вақтлар хонадоннинг кайвониси бўлган марҳум Менгнор момо ҳам пилла боқиб, шундан қадр топган инсонлардан эди. Ҳаловатидан кечиб, эрта тонгдан то кеч қоронғусигача ипак қурти парвариши билан андармон бўлган онахоннинг фарзандлари ҳам шу меҳнат машаққатларини тортиб улғайишди.

Мавсум бошланди дегунча пилла боқиладиган хоналар тозаланиб, суваларди. Сўрилар тайёрланиб, қоғоз ўрамлари тўшаларди. Ҳамма кичик қутиларда олиб келинадиган ипак қуртини кутишарди. Хонадон аҳли ҳар йили такрор бўладиган юмушни янги меҳмонни кутгандек қарши олар эди. Меҳнатда қадоқ бўлган қўлларда заррадек ғимирлаётган ипак қурти тез орада кўзга ташланиб қоларди. Абжир йигитлар тутзорлардан, хонадонлардан тут баргларини кесиб келтиришар, қизлар, келинлар эса уни саранжом этишарди. Ипак қурти нозик, у алоҳида парваришни талаб этади. Тозалик, озодалик, хона ҳарорати мўътадиллигини сақлаш, айниқса, ҳашаротлардан уларни ҳимоялаш ишларига доимий эътиборли бўлиш зарур. Ипак қуртининг кушандаси бўлган чумолига ўз вақтида чора-тадбир қўлланиши унинг нобуд бўлишининг олдини олади. Моҳир пиллакорлар эса буни яхши билишарди.

Намоз Шербўтаев бу йил ҳам яхши ниятлар билан 4 қути ипак қуртини олди. Хонадон аъзолари яқин бир ой давомида туну кун  машаққатли меҳнат қилиб, аввалги йилларга қараганда мўл ҳосил етиштирдилар. Янги Хитой навли ипак қурти ўз вақтида қилинган меҳнат натижасига кўра муддатидан олдин етилиб, уларни териш ишлари бошлаб юборилди. Қайнонасидан ўрганганларини бугун қизлари, келинлари ва маҳалладошларига ҳам ўргатиб келаётган Ҳайитгул Шербўтаева Намоз аканинг яқин маслакдоши. Фарзандларини оқ ювиб тараган оила бекасининг бугун турмушдаги ибрати, меҳнатсеварлиги атрофдагиларга ҳам ибрат бўлмоқда. Айтиш жоизки, жорий мавсумда 4 нафар оила аъзосининг мавсумий ишда бандлиги таъминланди. Уларга туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан меҳнат дафтарчалари очилиб, иш ҳақи тайинланди. Жамият томонидан пилла озуқаси учун қарийб 2 гектарлик тут плантацияси ҳам улар ихтиёрига берилиб, мавсум учун зарур бўлган сунъий даста, қоғоз, термометр, оҳак кабилар етказиб берилди.

— Пилла дегани бир-икки киши билан бўлмайди,— дейди Намоз ака. — Ҳудудимизга тайинланган агроном Ойбек Ойтуғонов, бош агроном Кумусгул Жаннабоева кун ора келиб пилла ривожини кўриб, керакли тавсияларни бериб турди. Аҳил қўшниларимиз Нарзибой Менглибоев, Ҳусан Ҳайитовлар оиласи, фарзандлари ҳамда уйдаги техникалари билан кўмакка келишди. Бири тут кесган, яна бири тракторда уни ташиган бўлди. Янги навнинг синовли даври ортда қолди. Хитой навли ипак қурти парваришида барг сарфи 20 фоизга кам эканлигини амалда кўриб билдик.

Пиллакорларнинг фикрига кўра, авваллари бир қути ипак қуртидан 45-50 килограмм пилла етиштирилган бўлса, янги нав ипак қуртидан 60-65 килограмм ҳосил олиш мўлжалланаяпти. Режани ортиғи билан бажариб, иккинчи мавсум учун ҳам ҳозирлик кўрилмоқда. Намоз Шербўтаев келгусида 10 гектар ер олиб, у ерда ўз маблағига инновацион пиллахона қуриш ҳамда қўшқатор усулда янги тутзор яратиш ниятида. Унда маҳалладаги 20  кишининг иш билан таъминланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, маҳалла гузарини ҳам барпо этиш, у ерда қишлоқ хотин-қизлари, йигитлари меҳнат қиладиган маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш  режалаштирилган.

Қумқўрғонликлар пиллачиликда катта тажрибага эга. Бу йил тумандаги 3 минг 150 та ички звеноларга туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 минг 553 қути ипак қурти тарқатилди. Туманда биринчилардан бўлиб “Раҳмонали Шарипов”, “Жало- йирлик  Фарҳод”, “Чаёнтепалик Санжарбек”, “Муртазо  Дониёр” фермер хўжаликлари давлат режаларини бажардилар.

— Туманимиз “кумуш тола” ижодкорлари биринчи мавсумда 193 минг 500 килограмм пилла топшириш мажбуриятини олган, —  дейди туман “Агро пилла” МЧЖ раҳбари Фарҳод Қобилов. — Ички звеноларимизда илк ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.  300 нафар ишчи мавсумий иш билан банд. Иккинчи мавсум учун ҳам тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Жорий мавсумда самарали фаолият олиб бораётган илғор фермер хўжаликлари ва ички звенолар доимий рағбатлантириб борилмоқда. Бу эса мавсумни янада уюшқоқлик билан якунлаш имконини бермоқда.

Баҳром НОРМУРОДОВ,
Самижон ЖИЯНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan