Бош саҳифа / Жамият / Янги йилга туҳфалар

Янги йилга туҳфалар

20 декабрда Термиз шаҳрида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг янги ва реконструкция қилинган бинолари фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов, офтальмолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Раҳмон Муҳаммадиев сўзга чиқди. Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

335 ўринга мўлжалланган марказда 17,5 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Янги очилган урология, қизлар саломатлиги, гастроэнтрология ва нефрология бўлимлари муассасанинг янги ва реконструкция қилинган биноларида фаолиятини бошлади. Уларнинг барчаси замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

Биргина бу эмас, бундан ташқари, янги йил байрами муносабати билан яна кўплаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, Қизириқ туман тиббиёт бирлашмаси, тумандаги 43-қишлоқ оилавий поликлиникаси, вилоят перенатал маркази, вилоят Қўғирчоқ театри, Термиз шаҳридаги 12-мактабгача таълим муассасаси, Термиз, Жарқўрғон, Бойсун, Шўрчи, Денов, Музработ, Шеробод туманларидаги “Маҳалла маркази” бинолари қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, Денов туманида 200 ўринли туғруқхона, тумандаги “Фаровон ҳаёт эркатойлари” нодавлат таълим муассасаси, 1-сонли мактабгача таълим муассасаси, Музработ тумани тиббиёт бирлашмаси, тумандаги 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, 18-мактабгача таълим муассасаси, Шеробод туманидаги “Болажон-1”, “Болажон-2” мактабгача таълим муассасалари сифатли реконструкциядан чиқарилиб, аҳоли ва болажонлар учун туҳфа қилинади. Вилоят тери-таносил касалликлари шифохонаси, вилоят кардиология маркази, наркология диспансери биноларининг реконструкция қилиниши билан эса вилоят аҳолиси учун қўшимча замонавий қулайликлар яратилади.

 Қолаверса, Термиз шаҳридаги “Шукрона парвез”, Термиз туманидаги “Болажон минион” нодавлат таълим муассасалари, Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасининг Шарғун ҳудудий бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси, Жарқўр- ғон тумандаги 11-мактабгача таълим муассасаси, шу туманидаги “Какайди” маданият ва аҳоли дам олиш маркази, Термиз шаҳрида маданият ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун қурилган уй-жойлар ҳам янги йил олдидан ўз эгаларига топширилади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan