Янги биошахобча очилди

0
45

Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда мақташга арзигулик ишлар амалга оширилаётир.

Хусусан, қисқа муддатда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, тизим инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида бу санитария ва экологик хавфсизликни таъминлашга шарт-шароит яратиб беради.

Термиз шаҳрининг “Жайҳун” маҳалласида “Биотехноэко” МЧЖ томонидан чиқиндиларни йиғиш ва саралаш биошохобчаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур биошахобча Термиз шаҳридаги 970 та оила, 2300 нафар аҳоли, 12 та умумий овқатланиш маскани ва 21 та маиший  нуқталарига хизмат кўрсатади.

— Тоза шаҳар барпо этиш учун ташкил этилган биошохобчада чиқиндилар сараланади, аҳолининг ўзи олиб келган шиша, қоғоз, пластик, озиқ-овқат, текстил, резин чиқиндиларини саралашда фаол иштирок этса рағбатлантирилади ва сараланган чиқиндилар қайта ишлашга топширилади, — дейди “Биотехноэко” МЧЖ раҳбари И. Боқижонов  — Биошохобчанинг очилиш маросимида МЧЖмиз томонидан шохобчамизнинг  туман ва шаҳар бўлими ходимлари фойдаланишлари учун 5 та “Дамас” автомашинаси совға қилинди.

Тадбирда сўз олганлар мазкур шохобча шаҳар, айниқса, кўп қаватли уйлар атрофида маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг санитария жиҳатидан сифатли тозалаш хизматлари билан таъминланганлиги даражасини оширишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.

Сайёра АЛЛАЕВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг