Янги қарор бандликка кўмаклашади

0
34

Бугун тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш шунингдек, аҳолининг бандлигини таъминлаш муҳим масалага айланди. Чунки аҳоли ишли бўлса, оиласида барака бўлади, жамият юксалади. Бандлик масаласи инобатга олинган ҳолда жорий йил 14 июлда Президентимизнинг “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3856-сонли қарори қабул қилинди.

Унда аҳоли бандлигини таъминлаш давлат органларининг иш самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига жорий йилда 150 миллиард ва 2019 йилдан эса 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағ ажратиш белгиланди.

Ишсизлик муаммоси вилоятимиз учун ҳам оғриқли нуқта ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, вилоят бўйича ишсизлар сони 112335 нафарни (10 фоиз) ташкил қилиб, уларнинг асосий қисми Қизириқ 7586 (12,9 фоиз), Бойсун 5172 нафар (11,6 фоиз), Ангор 5625 нафар (11,1 фоиз), Музработ 6376 нафар
(11,2 фоиз), Узун 7738 (11,1 фоиз) нафарни ташкил этади.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят бандлик хизмати идораларига иш сўраб келган 24934 нафар фуқаронинг 4777 нафари ёки 19,2 фоизи иш билан таъминланган.

Мазкур қарорга мувофиқ, ҳудудий жамғармалар даромад қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиб, бўшаб қолган маблағлар ҳудудий жамғармаларнинг асосий вазифаларини амалга ошириш учун йўналтирилиши белгиланган.

Бандликка кўмаклашиш жамғармасига республика бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи ва ҳудудий жамғармаларнинг маблағларига асосан “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ва “Халқ банки”да кредит линияларини очиш ва кейинчалик мазкур банк лар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш мақсадида йўналтирилади.

Микрокредитлар 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йиллик муддатга Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоиз миқдордаги фоиз ставкаси, шу жумладан, тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдордаги маржа билан энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларини ва қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ажратилади.

Бундан ташқари, аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлмаган қишлоқларда сартарошхона, якка тартибдаги буюртма бўйича кийим тикиш, пойабзал таъмирлаш, ҳаммом бўйича фаолиятни ташкил этган, якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлардан озод этилиши назарда тутилган.

И.ТУРДИЕВ,
вилоят прокуратураси прокурори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг