Бош саҳифа / Жамият / Яхшидан боғ қолади

Яхшидан боғ қолади

Сариосиёлик  таниқли боғбон  Носирхон ҳожи Тўрақуловни кўпчилик яхши танийди. Ишнинг кўзини биладиган, уқувли оқсоқол фермер. Отахон бош бўлиб келаётган “Боғу бўстон” фермер хўжалиги аъзоларининг қиру адирликдан иборат қақроқ, қаровсиз ерларда барпо этган боғ-роғларини бугунги кунда мўъжиза, дейиш мумкин.

У айнан қақраб ётган тошлоқ ерни танлаб, боғ бунёд этишга киришганида айримлар “Сувсиз ерда боғ бўларканми?”, дея  кулганди. Отахон оби ҳаётсиз қир-адирларни улкан тажриба майдонига айлантирди. Кўчатларни қадашдан бир йил олдин хандақлар қаздириб, уни қишнинг қор ва кўкламнинг ёмғир сувларига тўйинтирди. Яхши етилган ерга энг сара навли кўчатлар ўтқазди. Ниҳоллар бехато унди. Ёзнинг чилласида сув ташиб, уларни томчилатиб суғорди. Бугун  бу  ерни  жаннатга менг- заш мумкин.

Яна бир гап, Носирхон ота даромадидан ўз фаровонлигинини кўзламайди. Доимо хайрли ишларга сарфлайди. Хусусан, боғбон кўмаги билан тумандаги Зарчоб қишлоғидан оқиб ўтувчи Тўполанг дарёси устида 33 метрлик темир-бетон кўприк бунёд этилди. Тоқчи қишлоғида эса 120 ўринли мактаб  қурилди. Бундай мисолларни кўплаб  келтириш  мумкин. Ёши тўқсондан ошган  Носирхон ота азиз умрини авлодларга ўзидан гўзал мевазор боғлар қолдиришга, эл учун эзгу ишлар қилишга бағишлаяпти. Ибратли меҳнатлари орқали эл назарига тушган бу табаррук  отахон  бир  неча  бор давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Носирхон ота Тўрақулов 2003 йилда “Шуҳрат” медали билан, “Ташаббус — 2011” кўрик-танловида эса Президент соврини — “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди.

Отанинг  доимо ҳар бир эзгу ишдаги  ташаббускорлиги  таҳсинга  лойиқ. Яқинда тумандаги “Чилонзор” маҳалласидаги “Боғу бўстон” фермер хўжалигида ташкил этилган “Тут сайли” ҳам фикримиз  тасдиғидир. Сариосиё  туман  ҳокимлиги, туман маънавият ва  маърифат  Кенгаши, “Боғу бўстон” фермер хўжалиги ҳамкорлигида ташкил этилган сайил  чинакам халқ сайлига айланиб кетди.

Улуғ ёши тўқсон ёшга ҳатлаган сариосиёлик таниқли боғбон  Носирхон ота Тўрақуловни узоқ йиллардан буён биламан.  Азиз умрини авлодларга ўзидан гўзал мевазор боғлар қолдиришга  уринаётган отахоннинг  ғайрати ҳамон ичига сиғмайди. Хайрли ташаббуслари  таҳсинга  сазовор. Бугунги хайрли тадбирни ҳам, том маънода, маънавият сарчашмаси,  дейиш  мумкин.

Отахон бунёд этган бу манзиллар  ижодкорларга доимо илҳом манбаи бўлиб келган.

Тумандаги таълим муассасалари, ташкилотлар, халқ дасталари, ижодкорлар  сўлим  боғ  қўйнида  ўз  чиқишларини, иқтидорларини  намойиш  этишди. Эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларидан  бир  неч тасининг  суннат  тўйлари  ҳам  ўтказилди.

— Ўз меҳнатинг билан шу юрт равнақига ҳисса қўшишдан, эл корига ярашдан ҳам ортиқроқ бахт борми дунёда?! Аслида, инсон умрининг мазмуни ҳам айнан шу, — дейди “Сариосиё” газетаси бош муҳаррири  А.Раҳмонов. —  Носирхон отанинг ҳаёти ана шундай ибрат бўлгулик. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида новвойхона, сартарошхона ва тикувчилик цехи қуриб берди. Тоқчи, Газарак, Кичиккўл қишлоқларига табиий газ ўтказиш, “Гулшан”, “Қулмозор” маҳаллаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ йўлларини ободонлаштиришга ҳомийлик қилмоқда. Бугунгидек хайрли сайиллар ташкил этаяптики, отанинг бу ғайратлари биз ижодкорларга ҳам илҳом бахш этаётир.

Сайилда  танловларда ғолиб бўлганларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва сов- ғалар топширилди.

Райҳон РАҲИМОВА,
Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тандир гўшт сайлию от минишда ким маҳоратли?

15-17 июнь кунлари Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ёшлар фестивали бўлиб ўтади. Унда бешта муҳим ташаббус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan