Яхши сўз минг дарднинг давоси

0
66

Узоқ йиллардан буён воҳадошларимиз “Термизда тиббиёт олийгоҳи очилади”, деган орзулар, яхши ниятлар қилишар эди. Эзгу ниятнинг ижобатига бу йил гувоҳ бўлдик.

СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА: Нозим Дияров Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилиб вояга етган. Ўрта мактабни тамомлаб Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг педиатрлик иши йўналишини тамомлаган, тиббиёт фанлари номзоди, доцент. 2017 йилдан вилоятимиздаги болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, жорий йилдан Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали директори вазифасида хизмат қилмоқда. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19-20 январь кунлари воҳамизга ташрифлари чоғида Термизда Тошкент тиббиёт академиясининг филиалини очиш тўғрисида таклиф билдирганди. Шу йўсин вилоятимизда олийгоҳлар сони яна биттага ошиб, иқтидорли ёшларимизнинг шифокор бўлиш орзуси рўёбга чиқадиган бўлди. Мазкур олийгоҳ филиалида яратилган шарт-шароит ҳамда истиқболдаги режалар хусусида Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали директори Нозим Дияров билан суҳбатлашдик.

— Вилоятимизда тиббиёт академияси филиалининг очилиши тарихий воқеа бўлди. Албатта, малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ҳам катта масъулият ва меҳнатни талаб қилади. Олиб борилаётган ўқув жараёнлари тўғрисида маълумот берсангиз?

— Олийгоҳ филиалининг очилишини кўплаб ота-оналар, абитуриенлар кутишган эди. Президентимиз тавсиялари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 5 мартдаги 172-сонли қарорига асосан Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилди.

аълумки, ҳар йили сурхондарёлик ёшлар орасида ўтиш балини тўплай олмаган, аммо талаба бўлиш истагидаги минглаб абитуриентлар республикамиздаги тиббиёт олийгоҳларидан қайтишар эди. Ушбу жиҳатлар инобатга олиниб, давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 23 январдаги 12-сонли баённомаси асосида Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалига жорий ўқув йили учун 300 нафар ўрин ажратилди. Бу ўринларга юқори балл тўплаган ва ўқиш истагини билдирган 287 нафар вилоят ёшлари туманлар кесимида қабул қилинди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугун вилоят бўйича 3 мингга яқин врач-мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Шуларни инобатга олган ҳолда 2018-2019-ўқув йилида қабул қилинадиган 350 нафар талабанинг 100 нафари давлат гранти асосида айнан вилоят ёшларини қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, бу йилдан педиатрия йўналишига ҳам талабалар қабул қилинади. Яна бир янгилик шундан иборатки, ушбу йилда ҳарбийларнинг оила аъзолари учун умумий қабул квотасининг 5 фои- зи, ногиронлиги бўлган шахсларга 2 фоиз миқдорида давлат қабул комиссияси томонидан қўшимча ўринлар ажратиш ҳам мўлжалланаяпти. Бу имкониятлардан сурхондарёлик абитуриентлар унумли фойдаланади, деган умиддамиз.

Шу кунгача қабул қилинган талабаларимизга академиямизнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан онлайн тарзда 160 та маъруза ва 64 та амалий машғулот олиб борилди. Ҳозирда филиалдаги 3 та кафедрада элликка яқин маҳаллий ҳамда академия профессор-ўқитувчилари дарсларга жалб этилган. Биринчи семестрни таҳлил қилганимизда талабаларимизнинг ўзлаштириши пойтахт талабалари билим даражасидан фарқ қилмаганини кузатмоқдамиз. Сурхон ёшларининг билимга чанқоқлиги ва иқтидорини академиямиздан келган профессор-ўқитувчиларимиз ҳам эътироф этишмоқда. Бу бошланғич натижалар. Эндиликда талабаларимизни инглиз тилини мукаммал ўрганишга, шу орқали келгусида уларнинг хорижий мамлакатларда малака оширишига шароит яратмоқчимиз. Бундай мутахассисларнинг шу даргоҳда, қолаверса, вилоят шифохоналарида малакали тиббий хизмат кўрсатишини таъминламоқчимиз.

— Ҳар бир олий таълим муассасасининг илмий йўналишлари бўлади, жамоангиз танлови ҳақида маълумот берсангиз?
 

— Албатта, академия филиали, аввало, илмий муассасадир. Таълим билан биргаликда илмий изланишлар ва кузатувлар олиб бориш, ушбу соҳада дунёнинг етакчи илмий муассасалари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Илмий йўналишимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, вилоятда ўзига хос ҳисобланган ва кўп учрайдиган касалликларни ўрганиш ҳамда олдини олишни мақсад қилганмиз. Тадқиқотларимизда асосан — туғма нуқсонлар ва камқонлик профилактикасига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз.

— Бўлғуси шифокор кучли руҳшунос ҳам бўлмоғи лозим. Шу маънода, талабаларнинг китоб мутолаасига, хусусан, бадиий адабиётга яқинроқ бўлишини маъқуллайсизми?

— Шахсан менинг фикрим билан қизиқсангиз, бўлғуси врач романларни кўп ўқиган бўлиши лозим. Чунки романда инсон руҳиятининг бутун мураккабликлари, кечинмалар, тасаввурлар, орзу-умидлар, айтайлик, катта-кичик фожиалар ҳам бўй кўрсатади. Шифокор шу оламни яхши билмоғи, бемор дардига дори билан эмас, сўз билан даво топмоғи керак. Унинг маҳорати шунда. Ёшлигимда “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ва кундалик нашрларни доимий мутолаа қилиб борганман. Энг севимли ёзувчим — Ўткир Ҳошимов. Яна Чингиз Айтматов, Абдулла Қодирий, Чўлпон асарларининг ҳам ашаддий мухлисиман. Бугун талабаларимиз ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўқиши ва қалбидан ҳис қилиши лозим, деб ўйлайман. Инсон руҳиятини билмаслик, етук шифокор бўлишга ҳам ҳалақит беради, назаримда.

Йигирма йиллик иш тажрибамда бирор марта беморларимга укол ёзмаганман, тўғри диагноз ва битта таблетка беморнинг тузалишига кифоя, деб ҳисоблайман. Демак, маҳорат учун зарур бўлган малака руҳиятни яхши билиш, бунга бадиий асарлар ўқиш орқали эришиш мумкинлиги айни ҳақиқатдир.

— Истиқболда қандай режаларингиз бор? 

— Албатта, ҳамма режаларга вақт орқали борамиз. Шундай бўлса-да айримлари ҳақида айтсам. 2020 йилгача мўлжаллаган йўл харитамизда илмий салоҳиятни юксалтириш, олийгоҳимизни ёш малакали кадрлар билан таъминлаш, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ҳудудимизда замонавий қишлоқ оилавий поликлиникаси моделини яратиш, симулация маркази, янги ўқув биносини барпо этиш ҳамда амалий машғулот ўтказиш янгича тартибда ишловчи муляжлар ҳарид қилишни режалаштираяпмиз.

Самимий суҳбатингиз учун
миннатдормиз.

Суҳбатни
Баҳром
НОРМУРОДОВ
ёзиб олди.

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг