Вояга етмаганлар ҳуқуқлари

0
31

Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш тартиби, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ёши, лаёқатида муайян чеклашларнинг, жумладан, ота-оналари, васийлари ёхуд процессуал мулкий жавобгарлиги мавжудлиги билан белгиланади. Жиноят процессуал кодексининг вояга етмаганлар жиноятлари бўйича иш юритиш тўғрисидаги меъёрларига кўра, уларга ҳимоя ҳуқуқининг таъминланиши, қонуний вакиллари ёки ҳомий ва васийларининг иштирок этиши каби бир қанча имкониятлар яратиб берилади. Жиноят процессуал кодексининг 550-моддасига мувофиқ, вояга етмаган шахсни гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида биринчи сўроқ қилишдан бошлаб, суриштирувчи ёки терговчи ишда ҳимоя чининг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради.

Шу мақсадда, вояга етмаган шахсга ва унинг қонуний вакилига ўзлари хоҳлаган ҳимоячини таклиф этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилади. Агар ҳимоячи вояга етмаган шахснинг, унинг қонуний вакилининг ёхуд бошқа шахсларнинг топшириғи ёки розилиги билан чақирилмаган бўлса, суриштирувчи, терговчи ёки суд ишида ҳимоячининг иштирок этишини ўз ташаббуси билан таъминлашга мажбур.

Шунингдек, вояга етмаганларни сўроқ қилишда психолог ёки педагогнинг жалб этилиши ҳамда унинг жиноят процессида вояга етмаганлар ишини кўришда алоҳида ҳуқуқий мақомга эгалиги ушбу туркум ишларнинг ўзига хослигини белгиловчи омилдир. Терговчи бундан ташқари, вояга етмаган шахснинг ўзига хос хислатларини ўрганиш давомида, унинг соғлиғига ҳам алоҳида эътибор бериши лозим.

Вояга етмаган шахс томонидан содир этилган жиноятнинг оғирлигига қараб, шунингдек, ЖПКнинг 221, 238, 242-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ушлаб турилиши ва қамоққа олиниши мумкин. Бинобарин, вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўйилган айбнинг оғирлиги, айбланувчининг шахси, машғулот тури, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи инобатга олинган ҳолда қўллаш мумкин.

Э. АБДУРАИМОВ, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи,
Б. ШАДИКУЛОВ, вилоят прокуратураси бўлим прокурори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг