Бош саҳифа / Жамият / Волидам – Макка-Мадинам

Волидам – Макка-Мадинам

Албатта, қилинган барча ишлар Аллоҳ томонидан ниятларга қараб қабул қилинади.

Ҳадисдан

Мусулмончиликнинг муҳим фарзларидан бири, имкон етган кишининг ҳаж зиёратини адо этмоғидир. Яқинда – Рамазон ойида газетамиз бош муҳаррири Райҳон Раҳимова ана шундай бахтга мушарраф бўлди. Унинг ушбу битикларида Умра сафарида олган таассуротлари, кечинма ва ҳаяжонлари, фалсафий хулосалари ўз аксини топган. Таҳририятимиз мусулмонларнинг яна бир катта байрами – Қурбон ҳайити арафасида кишиларни ҳидоят, иймонэътиқодга даъват этувчи ушбу сафар очеркини эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилди. Қуйида унинг дастлабки қисми берилмоқда.

Энажоним болалигимдан яхши ният қилишни ўргатгандилар. Тоғча тиласанг, адирча беради. Адирча тиласанг, тепаликча оласан, тиламай юраверсанг, ҳеч нарсага эришолмайсан, дердилар. Бу даъватлар гўё сеҳрли сўздай таъсир қиларди. Ич-ичимдан бетиним яхши ниятлар қилиб юрардим. Ўқишга кирайин… дугоналарим ҳавас қиладиган йигитга турмушга чиқайин… икки ўғил, икки қизим бўлсин… тому тошим, ҳовли бошим бўлсин… тенгқурларимдан ўзиб юрайин… бека бўлиб, ширин таомлар сузиб юрайин… Не ажабки, нимаики сўрасам, барисига эришдим. Ҳатто, тоғча сўрасам, адирча эмас, тоғча берди. Адирча сўрасам, тепаликча эмас, адирча берди. Авваллари сўраганларимнинг рўёби кимдан эканлигини билмасдим. Билишга ҳам қизиқмасдим. Берса, бўлди-да, дердим. Кейинчалик сўраганларимни берувчи қодир зот — Ҳақ таоло эканлигини англадим. Энди сўраш асносида масъулият борлигини ҳис қила бошладим. Бергувчимнинг ҳам талаблари борлигини тушуниб етдим.

Сўраганларим амалга ошган сари эҳтиёжларим янаям оша борди. Фарзандларимнинг камолини кўриш, элга тўй бериш, одамларнинг оғирини енгил қилишдек савоббардор бўлиш, йўллар қуриш, кўприкларни таъмирлаш, боғлар барпо этиш, эҳтиёжманд одамларнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашиш. Буни қарангки, ният қилсам, бўлди, бари амалга ошаверди. Биронбир ниятим йўқки, амалга ошмаган бўлса, беадад шукурлар бўлсин!

Шундай ниятларим қаторида яна бир эзгу ниятни дилимга тугдим. Энажонимни Байтуллоҳга етаклаб борсам эди… мендан нима кетди, эмраниб, эмраниб тилайвердим, сўрайвердим. Назаримда, бу сўраганим етиб бўлмас орзудек эди. Чунки энажоним ҳилвираб қолган. Фарзандларининг уйига меҳмон бўлиб бориш тугул, ҳатто, ҳовлига чиқишга малолланардилар. Паркинсон деган хасталик борган сари энамни ўраб-чирмаб олаётгандек. Дир-дир титрайдилар, гўё бугун-эрта узилиб кетадиган япроқдек.

Юрагимнинг туб-тубида, наҳотки, энажонимни Байтуллоҳга етаклаб боролмасам, деган изтироб изиллайди. Лекин энажонимнинг болаликда қулоқларимга қўрғошиндай қуйган сўзлари жаранглайверади, ўзига чорлайверади.

“Яхши ният қил, астойдил ният қилсанг, албатта ниятингга етасан”!

Ич-ичимдан шивирлайман, ё Қодир Эгам, Сен — қудратсан, Энажонимни асра, Каъбаи Муаззамага қушдек учириб бориб, қушдек учириб кел. Мен энамни эмас, энам мени болалигимдагидек қўлларимдан тутиб, етаклаб борсин. Унга куч бер, унга раҳм қил. Нега шундай ният қилганимни билмайман. Шу сўзлар тилимда бот-бот такрорланаверди, айланаверди. Туну кун, ҳатто, тушларимда. Ибодатларимда… тиланавердим… эланавердим….

Баъзан ғаниматимни кўриш, қадоқ қўлларини ўпиб, пешонамга суриш учун қишлоққа бораман.

— Эна, суюнчи беринг, муҳтарам Президентимиз ҳаж ва умра зиёратига бориш учун кенг имконият яратдилар. Энди ҳаж зиёратига бориш учун ариза берган юртдошларимиз ҳар куни муборак Макка шаҳрига жўнаб кетмоқдалар, шунинг учун бизнинг навбатимиз ҳам кун сайин яқинлашаяпти. Биз ҳам Аллоҳнинг муборак уйига кетамиз. Қушдек енгил бўлинг, энажон, дейман.

— Хаҳ, болам-а, мени ўз ҳолимга қўйсанг-чи, қўл, оёқларим ўзимга бўйсунмай қолганини кўриб турибсан-ку, тирикнинг кунига шерик бўлиб юрганимдан хижолатдаман.

Энамнинг гапларига парво қилмайман.

— Кўнглим сезаяпти, кучли бўлинг, қушдек учиб бориб, қушдек учиб келамиз, энажон, дейман, боролмай қолишимиз мумкинлигидан хавотирланаётганимни сездирмайман.

Ассалому алЕйкум, Муборак

ПайFамбар шаҲри!

Не тонгким, худди сўраганимдек, энам билан кўз очиб-юмгунча Мадина шаҳридамиз. Тонгга яқин бизни қарши олган шаҳарни Мадинаи Мунаввара, деб таништирдилар. Бирданига чарчоқ, толиқиш ёддан кўтарилади. Бунчалар гўзал, бунчалар фусункор шаҳар бўлмаса. Исломгача Ясриб деб номланган, 14 асрдан буён Ислом оламининг муқаддас қадамжойи бўлган Пай-ғамбар шаҳри — Ассалому алейкум, дейман пичирлаб. Шаҳарга киравериб, ширин ҳаяжон йўлдош бўлади. Чунки бу муқаддас ерларга Сарвари Коинот —Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг муборак қадамлари теккан. Бу Нурафшон шаҳарда Қуръони Каримнинг кўплаб оятлари нозил бўлган. Катта кўчаларни ёритиб турувчи биллур чироқлар ярим тун бўлишига қарамай, кундуз чароғонлигининг кайфиятини беради. Адоғи кўринмай, намозга шошилаётган турнақатор одамларни кўриб, ҳайратланаман. Энам ҳам савол назари билан менга қарайди.

— Бомдод намозига шошилишаяпти, энажон, дейман, автобусимиз ойнасидан кўринаётган, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бетакрор, беқиёс, гўзал ва муаззам ибодатгоҳи Масжиди набавийга юзланиб.

— Ростданми? — ҳайрон бўлади онам. Намозга шошилаётганларга қизиқсиниб қарайдилар, бу ерда аёллар ҳам масжидда намоз ўқишаркан-да, дейдилар соддалик билан, шошаётганлар орасида ҳадсиз-ҳисобсиз аёлларга ишора қилиб.

Бу муқаддас жойларга энажонимни қўярда-қўймай олиб келганимдан завқланаман. Муборак жойларни зиёрат қилиш бахтига эришишларини чин юрагимдан истаганман. Кўрса, ибодат қилса, руҳияти равшанлашади, қалби ором олади, касалликни ҳам писанд қилмай қўяди, деганман. Бегона юртда, бегона одамлар орасида энам гўдакдек аланглайдилар. Болалигимдаги каби қўлларимдан маҳкам ушлаб олганини кўриб, мен энамни эмас, энам мени етаклаб борсин, деган ниятимнинг рўёбидан ҳаприқаман….

Ташрифимизнинг илк кунида Мадина шаҳридаги меҳмонхоналардан бирига тушамиз. Элликбоши: “Ҳурматли бўлажак ҳожилар! Биз жойлашган меҳмонхона “Зам-зам”, деб номланади, зудлик билан меҳмонхонадаги белгиланган хоналарингизга жойлашиб, бомдод намозини Масжиди набавийда ўқиш бахтига мушарраф бўлиб қолингизлар”, деб эълон қилганида, энам менга болаларча беғубор нигоҳ билан тикиладилар. Демак Зам-зам қудуғи ҳам шу яқин орадамикан? деган саволни ўқийман бу нигоҳлардан. Менимча, Зам-зам қудуғи бу ерларда бўлмаса керак, меҳмонхонанинг номи шунчаки “Зам-зам” бўлса керак, энажон, Масжиди набавийга борамиз, намозга улгурсак, яхши бўларди, дея ҳадаҳалайман. Энажонимнинг бетоблиги бир зум бўлса ҳам ёдимдан чиқмайди. ҳар икки соатда истеъмол қилиши керак бўлган дорисини қўл сумкамга солиб, маҳкам ушлаб олганман.

МуҲташам ва бетакрор майдон!

Эна-бола етаклашиб, Масжиди набавийга борамиз. Бу масжид ҳақида Аҳмад Лутфи Қозончининг “Саодат асри қиссалари”да ўқиганларим кўз ўнгимда гавдалана бошлайди. Меҳмонхона билан масжид орасидаги беш юз метрлик масофада энам билан етаклашиб, масжиднинг тарихини сўзлаб бораман. Мен ҳам “Тарихи Муҳаммадия”да ўқиганларим ёдимга тушаяпти, дейди энам хокисорлик билан. Бомдод намозини муборак масжидда энам билан ёнма-ён ўқиш жараёнида, кўз ёшларим сел бўлади. Наҳотки, о, Қодир Эгам, ақлни шоширадиган муҳташам майдонда, бир вақтнинг ўзида 1 миллиондан ортиқ мусулмон намоз ўқийдиган, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи, очилиб-ёпиладиган катта соябонлари кўркига кўрк қўшиб турган бу муборак масжидда муҳтарамам билан ёнма-ён турганим тушимми, ўнгимми, дея тиззаларимни чимчилаб кўраман. Намоз ибодатларидан сўнг масжид ҳудудини айланамиз. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пай-ғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланиб, завқимизга завқ қўшади. Уч кун давомида Масжиди набавийга келиб кетаверамиз, жону жаҳонимиз билан ибодат қилаверамиз. Юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, фар-зандлар камолини сўрайверамиз. Масжидга ўзгача кўрк бахш этаётган қуббаси ҳамда деворларига Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёзилган исмларини кўзларимизга сурамиз. Масжидун набийда ўқилган намознинг савоби улуғлиги тўғрисидаги битикларни эслаймиз. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги  мингта намоздан афзалдир. Масжидул ҳаром бундан мустасно”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Уч кун давомида Мадинадаги Ухуд тоғи, Қиблатайн масжиди, Қубо масжиди, Қубо музейи, Хурмо боғига борамиз. Бақиъ қабристонида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари Савда, Ойиша, Ҳафса, Зайнаб бинти Хузайма, Умму Салама, Зайнаб бинти Жаҳш, Жувайрия, Сафийя ва Умму Ҳабиба оналаримиз; жориялари Райҳона ва Морияи Қибтия; фарзандлари Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима ва Иброҳим; набиралари Абдуллоҳ, Ҳасан ва Зайнаб розияллоҳу анҳулар ҳамда жуда кўп саҳоба, тобеин ва табаа тобеинларнинг ҳаққига Қуръон тиловатидан сўнг Масжиди набавий, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари, Уҳуд шаҳидлари қабристонини ҳам такрор-такрор зиёрат қилиб енгил тортамиз.

Ўн йилдан сЎнг йилтиллаган

севинч учҚуни

Борган сари энажонимнинг қушдек енгил бўлаётганини кўриб, қувончимни яширолмайман. Макка-Мадинам ўзимнинг, дея қучиб қўяман. Зиёратимиз рамазон  ойининг учинчи ўн кунлигига тўғри келганлиги учун ҳар тонг саҳарликка энажоним уйғотади. Оҳ, бунинг сурурини сўз билан таърифлай олмайман. Онанинг уйқудан уйғотиши нақадар саодат эканлигини ҳис қила оласизми? Онанинг койиб уйғотишининг фароғатини туя оласизми?

— Ҳой, қиз, тура қол! Саҳарликсиз қоласан, ҳамма насибасини еб бўлди! Одам деган шундай жойда ҳам ёйилиб ётадими, тонггача ибодат қилсанг, бўлмайдими, Ахир, бу кунлар ғанимат-ку! Қимматлигимнинг койишлари мойдай ёқади. Ахир, йўлда чарчаганман, дейин десам, етмишни қоралаган энажоним ҳам мен қатори йўл юриб келганини-ю, шунга қарамай, жойнамоз устидан турмай, тасбеҳ ўгириб турганини кўриб, баҳонам ўтмаслигидан ҳафсалам пир бўлиб, сапчиб тураман. Эсимда, болалигимда ҳам энам ҳаммадан олдин туриб, сигир соғар, сутни пишириб, ширчой тайёрлар, кувида пишган сариёғни иссиқ нон билан жанчмиш қилиб есин, дея тонгда иссиқ нонлар ёпган бўларди. Ширин ҳаприқаман. Қарасам, энажоним жилмайиб турган бўлади. Ўзимча ҳазиллашаман, Маккаи Мадиналарга қушдек учиб келган волидаи муҳтарамам ўзимнинг, дея бағримга босаман. Энам қувониб кетадилар. Бундай қувонганларини кейинги 10 йилларда падари бузругимнинг вафотларидан   кейин биринчи бор кўришим. Эсимда, мен республика олимпиадасидан ўрин олганимда, шундай қувонгандилар. Кейинчалик ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кирганимда, шундай яйраган эдиларки, биринчи фарзандим туғилганида, қувонганлари кўзим ўнгида кечагидай гавдаланади. Негадир, ҳайитларда, байрамларда кийимликлар, ҳатто, тилла тақинчоқ олиб берганимда ҳам суюнганини кўрмаганим учун узоқ элларда бўлсак-да, ўзим яхши кўрадиган бугунги севинч учқунларини кўриб, яйраб кетаман.

ШоҲона ошхонадаги

камтарона тамадди

Саҳарликка энам билан бирга чиқаман. Гўдакдек атрофга аланглашини, гир теваракка разм солишини кўриб, жилмаяман. Меҳмонхона ошхонасида саҳарлик ва ифторлик учун шоҳона таомлар тайёрланган бўлади. Шарбатларни айтмайсизми, хоҳлаган меванинг шарбати бор, жўмракни бурасангиз, бас, олдида тайёрлаб қўйилган қоғоз финжонларга қуйиб, ичаверасиз. Энг қизиғи, тагида олов липиллаб турган ялтироқ кумуш қозонлардан таомларни ҳар ким ўзига сузиб олиши кераклигини кўриб, энам бир оз ийманадилар.

— Эҳ-ҳе, дейдилар, —бу ердаги турли-туман ноз-неъматларни кўриб. — Худди эртаклардаги очил дастурхондек экан-а.

Ҳақиқатдан ҳам бўлажак ҳожилар учун хизмат тизими беҳисоб егуликларни қалаштириб ташлаган бўлади. Бўлажак ҳожилар қўлларида товоқчалари билан айланиб юриб, кўнгиллари тусаган нарсаларни олишаяпти. Таомларнинг саноғига ета олмайсиз. Бир томонда тўп-тўп ширинликлар-у, турли-туман мевалар, тансиқ гўштли таомлар, энг ноёб паррандаларнинг гўштлари, балиқ дейсизми, қовурилган тухум дейсизми, Истаганингизча енг, ичинг, завқланинг, лаззатланинг, биз фақат сиз учун хизмат қиламиз, деб қўл қовуштириб турган ошхона хизматкорлари, хоҳласангиз хонангизгача элтиб берамиз, дейишини айтмайсизми.

— Қани, энажон, нима тановул қиласиз? Айтинг, — дейман волидаи мутарамамга.

— Қандай бўларкин?..

— Юринг, энажон, сиз нимани кўрсатсангиз, шуни олиб беравераман.

— Қўйсанг-чи, болам, борига барака-да, нимани лозим топсанг, шуни обкелақол. Шундай бўлса-да, энажонимни тизиб қўйилган таомлар томон етаклайман. Кўриб, кўзи қувонсин, дейман. Энам бир чимдимгина овқат оладилар. Бир стакан мандарин шарбатини тусайдилар.

— Бўлдими, шу холосми? — дейман ажабланиб, — мўл-кўл-ку, тўйиб еб олмайсизми? Фақат биз учун, Ўзбекистон фуқаролари учун шундай шароит яратилган. Баъзи мамлакатларнинг халқлари зиёратга келиб, кўча-кўйда ётиб, ўзлари олиб келган овқатларини еб, кун кўришади бу ерда, энажон, — дейман.

— Қўйсанг-чи, болам, озгина есам, тўяман, исроф бўлмасин-а.

Сафар чоғида неча кун ошхонага тушган бўлсак, шунча кун мана шундай шоҳона таомлар билан таомланамиз, ҳар гал энажоним камгина овқат билан кифояланиб қўядилар. Ҳар гал, қўй, болам, чумчуқникидай қорним бор, озгина овқат есам, тўяман, исроф бўлмасин, -деяверадилар.

Уч кундан сўнг, Мадина шаҳри чегарасидаги Зулхулайфа деган масжидда Умра нияти билан эҳромга кирамиз, талбияни, пичирлаб юракдан айтишни бошлаймиз. Араб тилида “покланиш” маъносини берган эҳромда улуғ зиёратни кўнглига туккан энажоним ҳам руҳий, ҳам жисмоний куч-қувватга тўлгандек туюлади. Умра зиёратини ният қилиб, Масжидул ҳарамга йўл оламиз. Шўрчидан Термизгача машинада тинчи кетиб, жонсарак бўладиган энам Мадина билан Макка орасидаги 430 километрлик узоқ йўлда қилт этмай, ғалати аҳволга тушиб қолади: бир томондан, Мадинаи Мунавварадек гўзал шаҳарни тарк этиш волидамни маҳзун ҳолатга солиб қўйган бўлса, иккинчи томондан, ҳажнинг асосий рукнлари адо этиладиган ва Каъбаи Муаззама жойлашган Маккаи Мукаррамани кўриш орзусида лаблари тинимсиз пичирлаб, эзгулик эртагини айтаётгандек бўладилар.

Райҳона РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE