Бош саҳифа / Жамият / Волидам – Макка-Мадинам

Волидам – Макка-Мадинам

Албатта, қилинган барча ишлар Аллоҳ томонидан ниятларга қараб қабул қилинади.

Ҳадисдан

Армон исканжасидаги олтиним

Вақт ажратиб, энамни Макка шаҳрини саёҳат қилдиришни ният қиламан. Гарчи умра зиёратимизнинг режаси таркибида бўлмаса-да, Маккадаги Жабал Алсавр тоғи, Арофат тоғи, Мино тоғи, Муздалифа, Жамарот – шайтонга тош отиладиган жойга, Жин масжиди, Хадича она мақбараси, ҳиро ғорига олиб бораман. Ҳадича онамизнинг масжидларига борганимизда, масжид ҳақига икки ракаат номоз ўқиб бўлгач, энам ҳўнграб йиғлаб юборадилар.

– Эна, энажон, нима бўлди?

– ҳеч, ўзим, негадир ўпкам тўлиб кетди…

Тинмай шукрона келтириб, рўмолининг учи билан мижжаларини артадилар. Яна ўзларини боса олмай, йиғлайверадилар.

– Нима бўлди, жонингиз оғрияптими? – дейман довдираб.

– Йўғ-ей, – дейдилар болаларча ҳиқиллаб, – шундай муқаддас қадамжоларни кўриш насиб этди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қадамлари, табаррук нафаслари уфурган жойларни энам ҳам кўрганларида эди.

Титраб-титраб йиғлайдилар, силкиниб-силкиниб йиғлайдилар. Саросимага тушиб қоламан, нима қиларимни билмай каловланаман. Оҳ, энам-а, энам-а, шундай шукуҳли кунларни кўриш, ҳатто, тушларига ҳам кирмаган, умри бешигини елкалаб пахта далаларида ўтиб кетган онасини қумсаётган энажоним-а. Беш қиз, бир ўғилни оқ ювиб, оқ тараган муштипарим-а. Давлат ишларидан ортиб, иссиқ-совуқ демай, жонини жабборга бериб, томорқада деҳқончилик қилиб, ҳосилини бозорга елкалаб бориб, арзимаган ақчага сотиб келса ҳам нолимаган қимматлигим-а. Болаларимнинг илиги тўлсин, деб қўша-қўша сигир соққаним, қўйлар боққан чўпоним, энам. Сизлар китоб ўқисангиз бўлди, ўлим иш бўлса, ўзим қиламан, деб ўзини ўтга-чўққа урган, парвонам энам. Бир умр ўчоқда ўт қалаб, офтобада чой қайнатган, тонгда қаймоғу нонини ҳозирлаган жонкуярим энам. Отажоним тўшакка михланиб қолганида, елкаларида опичлаб, ўрдалари уваланиб кетган, ушоғим энам. Бир жойли бўлиб қолган 93 ёшли, кўзи ожиз қайнонасини гўдакдек парвариш қилган сабри сариқ, олтиним энам.

Муштдайгина жуссаларини бағримга босиб, юпатолмай ҳалак бўламан. Узоқ йиллар машаққатли ҳаёт йўлларини босиб ўтдингиз. Жонингизни жабборга бериб, меҳнат қилдингиз. Муқаддас жойларни зиёрат қилдирганимда, онасига ҳам бу муборак манзилларни кўриш насиб этмаганидан армон қилаётган фидокорим ўзимнинг.

Гуллар унмайдиган барокат диёридан айрилиш қайғуси

Ватанга қайтиш учун Маккадан Жиддага жўнаш тадоригини кўра бошлаймиз. Бутун дунё мусулмонларини оҳанрабо янглиғ ўзига тортувчи Каъбаи Муаззама жойлашган маскан, Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) таваллуд топган, ул зотнинг болалиги ўтган шаҳар, Ислом бешиги бўлган Маккаи Мукаррамани тарк этиш қанчалик оғирлигини ҳис эта бошлаймиз.

Аэропортга келамиз. Юк халтасини бағрига қаттиқ босиб олган энажоним ана шу оғирлик билан жавдирайди. Самолётга чиқиш эълонлари орасида “Ўзбекистон”, “Тошкент” деган сўзларни эшитиб, юзларига қуёш бўйлайди. “Ана, Ўзбекистон, деди, Ўзбекистон, деди”, деб жонсарак аланг лайди. “Ҳа, ана, яна Ўзбекистон, деди”, дея орқамдан гўдакдек пилдираб, эргашади. Боламдек итоатда бўлишлари менга эриш туюлади. Шу орада чарчаб қолмадингми, тетикмисан, дея менга ғамхўрлик қилиб қўйишга ҳам куч топадилар. Энажоним йўл-йўлакай ўз-ўзларига гапириб кетаверадилар.

– Маккада хурмо дарахти кўп бўлса ҳам кўм-кўк майсазору, боғ-роғларни, гулларни учратмадим. Лекин, барибир, бу ерларда дунёнинг жамики ноз-неъматлари муҳайё экан, улар унчалик қиммат ҳам эмас. Тўрт томонида гиёҳ унмаган тоғ бўлишига қарамай, буюк Зот ўз карамидан мўл-кўл барака берган экан. Лекин бу ерларнинг нимасидир кишини ўзига оҳанрабодек тортиб тураркан, одамлари бой, баракали жойлар экан. Бу ерларда бир умр қолиб кетишга ҳам рози бўлардим-у, синглингнинг қизи кўзи ёрий деб турганди. Лекин, иншооллоҳ, ҳали катта ҳаж зиёратларига ҳам келамиз, уканг, сингилларинг, тоға-ю амакиларинг билан.

– Албатта, айтганингиз келсин, яна келамиз.

Энамда эртанги ҳаётга бўлган ишонч, Яратгандан умидворлик туйғулари яққол сезилиб туради. Самолётга чиқарканмиз:

– Дераза ёнига ўтирсам бўлмайдими, бу муқаддас жойларни яна бир бор томоша қилиб олардим, – дейдилар эмраниб.

– Бўлади, – дейман ҳайратимни яширолмай. Негаки, келаётганимизда ҳам самолётда келган эдик. У пайтда энамда ҳадик ва кучли қўрқув бор эди. Энди эса аллақандай қувонч, ўзига бўлган ишонч, тетиклик волидамни забт этганди. Аллоҳим, ўзингга шукурлар бўлсин! Лекин сендан яна сўрорим кўпдир. Ўтинчим, Маккаи Мадинамни ҳифзу ҳимоянгга ол. Ота-онасини ўзингнинг байтинг – Каъбатуллоҳ зиёратига олиб бормоқни ният қилиб юрган фарзандларнинг ниятларини амалга ошир! Ота-оналари билан ёнма-ён юрганча “Лаббайка”ни айтиб, ҳаж аҳкомларини адо этишларини насиб айла! То қиёмат қадар туғилиб, яшовчи зурриёдларимизни хато ва гуноҳлардан асраб, ота-оналарга иззатда бўлувчи солиҳ фарзандлардан қил, о, Қодир эгам!

Охири.

Боши ўтган сонларда: БиринчисиИккичиси

Райҳона РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE