Бош саҳифа / Жамият / Волидам – Макка-Мадинам

Волидам – Макка-Мадинам

Давоми.
Боши ўтган сонда.

Албатта қилинган барча ишлар Аллоҳ томонидан ниятларга қараб қабул қилинади.
Ҳадисдан

Сизга таъзим,
Имом Бухорий!

Макка шаҳридаги осмонўпар меҳмонхонада ҳожиларни кутиб олиш хизмати аллақачон шай турган бўлади. Автобусдан тушишимиз билан хизматчилар югура келиб, юкларимизни олишади. Йўл чарчоғи чиқсин, деб юмшоқ ўриндиқларга чўкишимизни таклиф қилишади. Қўлларини кўксиларига қўйиб: “Ассалому алейкум ва раҳматуллоҳу ва баракатуҳу, Ассалому алайкум, Имом Бухорий”, дейишади.

Онам ҳам ҳайрон, ҳам хижолат бўлаверадилар. Вой, қўйинг, болам, қўйинг, ўзимиз эплайверамиз, дейди қорамағиз йигитчага. Йигитча энамнинг сўзларига эътибор бермайди. Икки қўлини қовуштириб, Жазоколлоҳу ҳойрон. (Оллоҳ сиздан рози бўлсин), дейди. Энам яна севиниб кетадилар. Сўзларини тушунмасам ҳам бир яхши гап айтди-ёв, дейдилар.

– Бу ерларда ҳам Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва обрўлари шу қадар баланд эканки, қаерга борсак ҳам ўзбекистонликларни “Бухорийлар” деб аташаркан, – деб ажабланадилар.

Дарҳақиқат, меҳмонхонадаги шароитлар кўнгилга таскин беради. Бу ерда Ўзбекистондан келган зиёратчиларни Имом Бухорий наслидан деб ҳурматлашларини кўриб, завққа тўламиз. Ўзбекистондек юрт фуқароси эканлигимиздан, дунё танийдиган аждодларимиз борлигидан фахр ҳиссини туямиз. Тез орада 12-қаватга кўтариламиз. Бу ерга ҳам саҳарликка етиб келган бўламиз. Саҳарликдан кейин Байтуллоҳга боришимизни эълон қиладилар.

“Арвоҳ ҳозир”
деганлари ростмикан?

Негадир энажоним ҳаяжонлана бошлайдилар. Каъба шу яқин атрофдамикан-а, Зам-зам қудуғини кўзимиз билан кўрармиканмиз? – деб савол берадилар-у, сокин бўлиб қоладилар.

– Нимани ўйлаяпсиз, энажон? – деган саволимни жавобсиз қолдирадилар.

– Энажоним, қўрқитманг, бирон жойингиз оғрияптими? – дейман бетоқат бўлиб.

– Йўқ, болажоним, яхшиман, хавотир олма.

– Унда нега бошқача, паришонсиз?

– Ўзим шундай, кеча отанг тушимга кирганди, бардам, бақувват, чиройли либосларда, хавотир олма, мен ҳам сизлар билан биргаман, дейди. Арвоҳ ҳозир, деганлари шумикан-а, қизим, негадир отангнинг биз билан бирга эканини ҳис қилаяпман.

Энажонимнинг охирги сўзларидан бўғзимга аччиқ нимадир тиқи-лади. Наҳотки… дейман ҳаяжонланиб. Мен энамни жуфтидан айрилган кабутарга менгзаб юрардим. Аслида эса жуфтликлар жисмонан айри бўлсалар-да, руҳан ҳамиша бирга эканликларига гувоҳ бўлиб турганимдан ҳайратланаман. Ўзимча отамнинг руҳларига пичирлаб, Қуръон тиловат қиламан. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи Рожиун.

Охирги вақтларда энамни тобора енгиб олаётган, силласини қуритаётган, ҳар икки соатда дори истеъмол қилмаса, ҳаракатларига чанг солаётган касаллик мен Маккага олиб келганим учун чекинди-ёв, деб ўйлаётган эдим. Ҳа, ҳа, мен гумроҳ, энажонимга куч бераяпман, деб фахрланиб юрган эканман. Муштипарим аслида отамнинг руҳидан куч олаётган экан-да.

Илоҳий оҳанрабо

Уриниб қолмасинлар, дея шу яқин атрофдаги дўконлардан сўраб-суриштириб ногиронлар аравачасини харид қиламан. Энам аравачани кўриб, хафа бўладилар. Шундан-шунга келиб, Каъбани аравада тавоф қиламанми, мени ўз ҳолимга қўй, ўз кучим, ўз оёқларим билан тавофга бораман, дейдилар. Эгнимиздаги эҳром билан бомдод номозини “Ал-ҳарам” масжидида ўқиймиз. Атрофга аланглаймиз. Лекин ҳадеганда, Байтуллоҳга кўзимиз тушавермайди. Элликбошидан, “Каъба қаерда, ахир?” дея бетоқат сўрайверамиз. Мендаги Каъбага интиқлик ҳаяжони энамда ҳам борлигини сезиб тураман. Лекин негадир энам савол бермайдилар. Тинимсиз дуода бўлаверадилар.

Энамни етаклаб, ичкарилаймиз. Гўё илоҳий оҳанрабо бизни ўзига томон чорлаётгандек. Одимлаган сари қадамларимиз унмаётгандек бетоқатланаверамиз. Юрагимизнинг туб-тубидаги энг эзгу, энг соф орзу-ниятларимизнинг рўёбини сўраб бораверамиз. Атрофимизда сон-саноқсиз одамлар ибодат билан машғул. Куннинг исталган вақтида мана шу манзаранинг гувоҳи бўлаверасиз. “Масжид ул-ҳарам” жойлашган ҳудуд ва кўчалар ибодатга келаётган ва намоздан чиқаётган мусулмонлар билан тирбанд, гавжум. Макканинг барча марказий кўчалари айни шу нуқтада туташади. Ва ниҳоят, Масжидул-ҳарам юраги, махсус мато – кисва билан ўралган гўзал Каъбаи Муаззама кўзга ташланади. Ё Раб, негадир энам ҳам, мен ҳам, ҳатто, ён-атрофимиздаги турли тилларда сўзлашувчи оқ танли, қора танли бўлсин, кўнглида имон учқуни бор барча мусулмон биродарларимиз ҳам ҳўнграб йиғлашни бошлайдилар. Азалий ва абадий орзуси ушалиб, талбияни янаям кучли ҳаяжон билан айта бошлайдилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”.

Байтуллоҳ қаршисига келганда, қалбни ифодалаб бўлмайдиган ҳис-ҳаяжон қамраб олади. Каъбаи шариф деворларидан таралаётган муаттар мушк иси юракларни тўлқинлантириб юборади.

Энажоним билан Каъбатуллоҳнинг жануби-шарқий бурчагидаги ҳажарул асваднинг рўпарасидан тавофни бошлаймиз. Каъбани бир айланиб тавофни бошлаган жойимизга келганда, бир тавоф ҳисобланади. Каъбани бир айланиб, ҳажарул асваднинг рўпарасига келганда “Бисмиллаҳи валлоҳу акбар”, дея қўли билан унга ишора қилган энам ўша қўлини меҳр-муҳаббат билан ўпадилар, сўнгра завқ билан иккинчи тавофга киришадилар. Каъбани бешинчи марта айланаётганимизда, осмондан танга ташласа, ерга тушмайдиган оломон орасида ташвишлана бошлайман. Наҳотки, энамни Каъбага яқин олиб боролмасам. Наҳотки, энажоним Оллоҳнинг муқаддас уйига лабларини босолмаса, қўллари билан сийпалолмаса? Астойдил ният қила бошлайман. Негаки Роббимнинг жон қадар яқинимда эканини сезиб тураман. Ё Раббим, энажоним учун Каъбага йўл оч, муқаддас уйингни қучиб, тавоф қилиши учун мадад бер.

Сўнгги айланишимизда, ўз-ўзидан муқаддас тош томонга йўлимиз очилиб бораётганини кўриб севинч ёшларимни тўхтата олмайман. Энажонимни Каъба томонга етаклайман. Кўз очиб-юмгунча бўлган фурсатда энамнинг Каъбани қучиб, ҳўнграб йиғлаётганини кўриб, дилим ҳаприқади. Оллоҳу Акбар! Субҳаноллоҳ! Алҳамдулилаҳ! Ўзингга шукурлар бўлсин! Ўзингга шукур! Сўнгра муқаддас уйнинг шарқий томонига – Байтуллоҳ эшиги қаршисига интиламиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда алоҳида эътироф этган Мақоми Иброҳим (Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқ излари сақланган жой)ни ҳам зиёрат қилиш асносида вужудимизга тобора ором оқиб кираётгандек, руҳиятимиз ҳузур топаётгандек бўламиз.

Сафо ва Марва тоғлари орасида саъй қилиш жараёнидаги вожиб амалда энам бир оз чарчагандек бўладилар. Мен елкамга опичлаб олишни таклиф қиламан. Қўйсанг-чи, ўзим бориб-келаман, дейдилар. Секин-секин одимлаб, саъйни ҳам якунлайдилар.

Халоскор
оби зам-зам

Илоҳий файзу тароват билан зийнатлаб қўйилган Матоф майдонидан (Каъбатуллоҳ жойлашган саҳн шундай аталади) Зам-зам булоғи томонга юрамиз. Ҳали чақалоқ бўлган Исмоил алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан туҳфа этилган, илоҳий ҳикматга эга ушбу муборак булоқ сувини кўриш, ундан қониб ичиш ҳар бир мўминнинг улуғ орзуси саналади. Энам Иброҳим алайҳиссалом давридан буён оқиб турган Зам-зам сувидан тўйиб-тўйиб ичадилар, юз-қўлларини ювадилар. Мени ажаблантиргани шуки, Зам-зам сувини ичган энам ичмаса туролмайдиган дорисига ҳадеганда эҳтиёж сезмай қўядилар. Шу тариқа Умра ҳаж рукнлари бажо этилган бўлади, Умра аҳкомлари якунланади. Энажонимнинг суннати муаккадани тўлиқ ўз имкониятлари билан бажара олганларидан завққа тўлиб, бағримга босаман. Бу буюк зиёратни эплай олганликлари учун Аллоҳга шукроналар айтаман.

Шу етти кун ичида энам икки маротаба Байтуллоҳда умра ҳаж арконларини собитқадамлик билан ўз оёқларида, ўз куч-қувватлари билан қушдек енгил бўлиб адо этдилар. Ота-оналари, момо-боболари, умидворлари ҳақига дуолар қилдилар. Каъбанинг қаршисида офтоб тиғига қарамай, ҳожат намозларини ўқидилар. Энажоним ҳам, ўзим ҳам бутун қалбим, руҳим ва баданим ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилиш асносида Аллоҳни зикр қилиш, қироат қилиш ва Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтиш саодати насиб этгани учун шукроналар келтираман. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзларимиз эса уни қайта-қайта кўришни истайди. Мусулмонлар қалбидан жой эгаллаган бу улуғ диёр – Макка ва Мадинага бошларим ерга теккунча таъзим қиламан.

Шаҳарлар онаси

Энамни юзлаб муҳташам меҳмонхоналар, супермаркетлар, маъмурий бинолар, минорлари кўкка бўй чўзган масжиди олийларни томоша қилдираман. Cавдо расталари ва дўконлардаги кийим-кечак, эсдалик буюмлар, минг турдаги тасбеҳлар, мушку анбар ва китоблар сотиладиган бозорчага олиб кираман. Бозорда, асосан, маҳаллий ёшлар ва қўшни мамлакатлардан ишлаш учун келган кишиларнинг савдо қилаётганига гувоҳ бўламиз. Ҳожилар эсдалик учун олаётган тасбеҳлар, жойнамозлар, турли-туман тақинчоғу сувенирлар асосан Ҳиндистон, Покистон, Япония, Миср, Малайзия, Хитой каби дунёнинг турли давлатларидан келтирилишини билган энажоним:

– Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан, ваҳий манзили бўлган бу муқаддас Маккани ислом оламининг уриб турган юрагига менгзайдилар. “Маккаи Мукаррама тарихда бекорга “Уммул-балад”– “Шаҳарлар онаси” деб номланмаган экан-да, – дейдилар.

– Набираларимга ақиқ мунчоқ ҳарид қилсайдим.

Совға-саломни ўз қўллари билан харид қилишларини хоҳлайман. Нарх-навони ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитсинлар, дейман. Энам нархларни ўзимизники билан солиштира бошлайдилар.

– Ассалому алайкум, ҳожи онажон, келинг, харид қилинг, ўзбек сўмига ҳам савдо қилаверамиз, – сотувчининг ўзбек тилида равон сўзлашидан энам ҳайратга тушадилар.

– Э, болам, ўзбекчани биласизми? – дея сотувчини сўроққа тутадилар.

– Ҳа, онажон, бизлар – ўзбекмиз, ота-боболаримиз асли ўзбекистонлик бўлишган.         

Соддадил энажонимнинг ҳайрати борган сари ошади. Ўзини Нурмуҳаммад Нурали Маҳкамбой ўғли деб таништирган, соф ўзбек тилида сўзлаётган сотувчи йигит билан энам она-болалардек тил топишиб кетади. Ўша давр тузумининг ноинсоний сиёсати ва мислсиз қатағонлари туфайли боболаримиз ўтган асрнинг 20-30-йилларидаЎзбекистондан хорижий мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур бўлганлар. Отамнинг оталари бобом Тилламуҳаммад Қилич ўғли Ўзбекистондан чиқиб кетаётганларида тахминан 10-15 ёшларда бўлган эканлар. Бизга ҳикоя қилиб беришларича, аввал Афғонистон, кейин Покистон ва Туркия ҳудудларида яшаганлар. “ХХ асрнинг 60-йилларида Саудия Арабистонига кўчиб ўтганлар. Бу ерда ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоқлар биргаликда бир ном билан “туркистонликлар” деб аталади. Бу ерда биз ўзимизнинг келиб чиқишимизга қараб “Бухорий”, “Термизий”, “Фарғоний”, “Андижоний”, “Самарқандий”, “Марғилоний”, “Насафий”, “Намангоний” деб таништирамиз. Бизнинг келиб чиқишимиз асли Термиз яқинидаги Шеробод туманининг Ғамбур қишлоғи томонлардан. Қўнғирот уруғининг айинни шохига мансубмиз. Раҳматли боболаримиз Ўзбекистондан келган ватандошларимизга асли Ўрта Осиёдан эканимизни билдириш мақсадида “Термизий” номини ўз исм-шарифимиздан кейин қўшиб айтишимизни васият қилганлар. Бу ерда Имом ал-Бухорий, Ат-Термизий, Абдуқодир Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд каби улуғ инсонларнинг таълимоти юксак ҳурматга сазовор.

Энди энажоним чинакамига анграйиб қоладилар.

– Демак бу ерларда ўзбеклар кўп экан-да, Нурмуҳаммад болам? – дейдилар меҳрлари товланиб.

– Шундай, онажон, Саудияда 300 мингдан ортиқ ўзбек яшайди. Бу ерда ўзбекларга Бухорийлар сифатида қарайдилар. Шунинг учун ҳам турли-туман имтиёзлар берилиб, солиқлардан дархон қилинадилар. Бу ерда бизнинг тижорат билан шуғулланишимиз учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинага ҳаж зиёратига келган юртдошларимиз билан дийдорлашамиз. Бу ердаги ўзбек юртдошларимиз орасида вазирлар, генераллар, диний ва дунёвий илмларнинг билимдонлари, профессорлар ҳам бор. Ўзбек ватандошларимиз Мадинаи Мунаввара шаҳрида ўзларининг ҳисобларидан “ВАҚФ”га асос солганлар. Қанчаданқанча миллатдошларимиз улардан баҳраманд бўладилар. Падари-бузрукворларимиз ва волидаи меҳрибонларимиз бизларга: “Ҳеч қачон юртларингни, тилларингни унутманглар, чунки тилни унутган Ватанни унутади. Ватанни унутган эса имонни унутади”, – деб уқтирганлар.

Оталар насиҳатига садоқатли арабистонлик юртдошимиз билан энамнинг хайрлашгиси келмайди. Икки дона Қуръон китобини совға қилган бу қўнғирот йигитни қайта-қайта Ўзбекистонга таклиф қиладилар. Эсизгина, шундай зукко ўзбекларимиз бегона юртларда яшаб юришган экан-а, – дея бошларини сарак-сарак қиладилар.

(Давоми келгуси сонда)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE