Бош саҳифа / Жамият / Волгадан Амугача ёхуд “Мен Ўзбекистондан мамнунман”, — дейди Алексей Карлинский

Волгадан Амугача ёхуд “Мен Ўзбекистондан мамнунман”, — дейди Алексей Карлинский

Одам ўз аксини бор бўйича кўриши учун ойнага қараса, кифоя. Жуда жўн. Зоҳиру ботин ҳар доим ҳам муштарак бўлавермайди, лекин, кимнингдир суврати-ю сийрати ҳақида сўз юритганда истаймизми, йўқми фикрларимиз салмоғи бир томонга барибир кўпроқ тош босади. Холис фикрга ҳамма ҳамиша муштоқ. Айниқса, юртинг ҳақида бўлса…

Ўзбекистонга сафар олдидан узоқ иккиландим. Мени бу юрт қандай қабул қиларкин?

Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурим Тошкент, Самар- қанд ва унга қўшни Афғонистон билангина чегараланганди. Барчангизга маълум, жаҳон ҳозирги даврда қисқа ва кенг кўламли ахборот хуружларини бошдан ўтказиб келмоқда. Шундай бир вазиятда менда иккиланиш пайдо бўлиши табиий эди. Россиядаги ўзбекистонликлар билан ҳамсуҳбат бўлдим, интернетдан маълумотлар олдим. Лекин барибир…

Бухоро аэропортида қуёш иссиқ тафти билан қарши олди. Енгил машиналарда шаҳарга кириб борар эканмиз, ўзимни “Минг бир кеча” эртакларига тушиб қолгандай ҳис қилардим. Доимий ҳамроҳим бўлмиш фотоаппарат “шиқ-шиқ”, бу гўзалликни мангуликка муҳрлаш ила банд эди. Сафаролдидаги бироз иккиланиш тумандай тарқаб кетди.

Самарқандда эса мендаги ҳайрат икки ҳисса ортди. Европа ва Осиёнинг кўпгина мамлакатларида бўлганман, аммо ўтмиш ва бугуннинг уйғунлашган ҳолатини айнан Ўзбекистонда кўрдим.

Кўҳна тамаддун намунаси бўлмиш қадимги меъморий обидалар ва шиддат билан ўсиб келаётган XXI аср архитектураси елкама-елка бўлсада, бир-бирининг чиройига раҳна солмайди.

Саховатли ўзбек замини ҳақида эшитганларимни шу давргача чўпчакнамо бир ҳикоя деб ўйлардим. Бозорларга оралаб эса, ўз кўзим билан кўрдим. Ўзбекистоннинг нафақат замини, балки одамлари ҳам саховатпешалигига гувоҳи бўлганимни мисол тариқасида айтиб бермоқчиман.

Сурхондарёдаги сафаримиз чоғида дарахтлар соясида тарвуз сотаётган кекса деҳқон ёнида тўхтадик. Тарвуз биз томонларда танқислиги барчага маълум. Пирамидасимон уюб қўйилган катта-катта тарвузларга қараб, кўзларимиз яйраб кетди. Беш дона тарвуз харид қилдик. Уларни машинага ортиш асносида таржимонимизни кекса деҳқон бир четга тортиб, нимадир деди ва юкхонамизга яна тўрт дона тарвуз ортилди. Илиқ табассум билан келган таржимон саволомуз боқишимизга изоҳ берди:

—     Меҳмон эканликларингни билиб, бобо тўртта тарвуз совға қилди:

Гарчи, бу ҳолат бизга ҳайратомуз туюлсада, сизлар учун табиий ҳол, чунки саховатпешалик ўзбек характерининг ажралмас қисми эканлигини шу заминга қадам қўйиб, амин бўлдим.

Ҳозирда юртингизда муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда телевидение ва радио орқали берилаётган янгиликлардангина хабардормиз. Ислоҳотлар самараси бўлмиш “Халқ қабулхона”лари эса бунга яққол мисол эканлигини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу юрт- да инсон манфаатларининг ҳар недан устунлиги қувонарли ҳол. Мен қатор Европа давлатларида ҳам ҳали бу қадар юксак эътиборни кўрмаганман. Юртингиздаги тинчлик ва сокинлик эса жаҳонга ибрат бўлгулик даражада.

Сурхондарё саёҳати асосан чекка қишлоқларда кечди. Мени ҳайратлантирган ва ҳаваслантирган икки воқеа бир умрга хотирамга муҳрланди.

Қизириқ қишлоқларидан бирида меҳмон бўлдик. Ҳовлига киришим ҳамоно тарвуз еб ўтирган беш-олти чоғли болакайлар эътиборимни торт- ди. Энг ажабланарлиси: уларнинг атрофида чала ейилган тарвузларга қараб, қотиб қолганимни кўрган таржимон кула-кула изоҳ берди:

— Болалар фақат тарвузнинг энг ширин жойи, юрагини ейдида!

Биргина оддий оиладаги ҳолат юртдаги тўкин-сочинликни яққол кўрсатиб турарди. Бошқа изоҳга ҳожат ҳам қолмади…

Кейинги сафар маршрутимиз Бандихон қўрғонидаги мусиқа ва санъат мактабига белгиланган эди. Замонавий бинолар қад кўтараётган эсада, чўл шашти яққол билиниб турган ва чекинмаган жойда қандай мактаб бўлишини мен ўзимча тасаввур қилиб улгургандим. Бироқ… Мактаб биносига етиб келишимиз ҳамоно тасаввурларим ўзгарди. Мактаб биносига киргач, бир нарсага амин бўлдим, санъат ва маданиятга эътибор ҳам бирорта мамлакатда жумладан Россияда ҳам давлат миқёсига кўтарилган эмас. Мактабнинг моддий-техник базаси ва мутахассислар кўлами жиҳатидан Россия санъат даргоҳларидан анча илгарилаб кетган десам, адашмайман.

Маданий-маърифий ислоҳотларнинг инъикосини эса туман ижодкорлар даврасида гувоҳи бўлдим. Қизириқ туманида йигирма чоғли ижодкорни жамлаган ўзига хос йиғинда иштирок этиш насиб этди. Теран фиклар ила бойиган ижодкорлар гурунгидан завқландим. Кези келганда, Россиянинг катта шаҳарларида ҳам фикран яқин одамларни ягона клубга жамлаш амри маҳол. Солиштирадиган бўлсам, чекка бир тумандаги маърифатга бу қадар эътибор таҳсинга лойиқ.

Мен архитекторман. Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон архитектураси менга болаликдан таниш. Бобом Карлинский Евгений Давыдович ўз вақтида Ўзбекистоннинг талайгина қурилиш комплексларида, жумладан юртингизни қўшни Афғонистон билан боғловчи “Ҳайратон” кўприги қурилишида ҳам иштирок этган. Ўзбекистон архитектураси билан юзаки ҳиссиз қоғозлардаги лойиҳалар орқалигина танишишнинг ўзи кам, албатта.

Ҳали цивилизация етиб келмаган чекка қишлоқлардаги лойдан қурилган уйларни синчиклаб кузатдим. Меъмор ўлчами билан қурилганда ҳам бу уйлардан ҳеч бир камчилик топмадим, тан олиб айтишим керак: архитектура билимига эга бўлмаган одамлар қўли билан тикланган уйлар меъморчиликнинг барча талабларига жавоб беради. Энг эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир уйнинг олдида дарахт бор. Дарахтсиз уй деярли кўрмадим. Бу юртингизда санъат ва маданиятдан ташқари, бунёдкорлик ҳамда ободонлаштиришга ҳам юқори эътибор берилганидан далолат. Агар мен мана шундай қишлоқда яшасам, шаҳарликларга ҳавас қилмаган бўлардим.

Қизириқ туман нашри “Тавраққиёт”да оз-моз камчиликлар кўзга ташланган бўлсада минтақанинг бош нашри “Сурхон тонги” ва унинг рус тилидаги муқобили “Заря Сурхана” газеталари билан танишиб Ўзбекистонда сўз эркинлиги қуруқ гап эмаслигига шахсан амин бўлдим. “Сурхон тонги” юртингиздаги ошкоралик принципининг ўзига хос эталони, десам адашмайман.

Бухоро аэропортида қуёшнинг иссиғи бироз ёқимсиз туюлганди. Сафар охирлаганда бир ҳақиқатни англаб етдим, одамларининг қалби, меҳри илиқ бўлган юртнинг қуёши ҳам тафтли бўларкан.

Сурхон диёрида амалга оширган энг хайрли ишларимиздан бири — бу шаксиз ал Ҳаким ат Термизий мақбарасини зиёрат қилиш бўлди. Ислом Арабистон ярим оролида туғилган, лекин Ўрта Осиёда тарбиялангани рост. Икки буюк муҳаддис ал Бухорий ва ат Термизийларга макон бўлган бу юрт ҳақидаги фикрларим ва илиқ таассуротларим адоқсиз. Уни мухтасаргина қилиб уч сўзга жой қилмоқчиман:

Мен Ўзбекистондан миннатдорман!

Сурхон диёри ҳақида эса қанча сўзлаган билан на тасвир этиб бериш, на тасаввур этиш мушкул. Уни кўз билан кўриб, ҳайратланиш керак, вассалом.

Мен Алексейнинг фикрларини айнан келтирдим. Хорижлик меҳмонга микрофон тутиб, икки оғиз таассурот эшитиш бошқа гап. У билан ҳамроҳ бўлиб ҳар бир фикрини қайд этиб бориш эса бутунлай бош- қа гап.

Мақолани ўзбекчага ўгириб, оққа кўчирувчи
Абдумансур ҒАФФОРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Яхшилар кўмаги Бехзодни ҳаётга ишончини қайтарди

Бир куни Бехзод мактабда тўсатдан бошланган оғриқдан кўксини чангаллаганча йиқилди. Синфдош дўстларию ўқитувчилари бир амаллаб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan