Бош саҳифа / Жамият / Воҳанинг “мафкуравий харитаси”га бир назар

Воҳанинг “мафкуравий харитаси”га бир назар

Миллатнинг не чоғлик миллат сифатида тараққий этиши бу унинг маънавий қиёфаси, маърифатлилик даражасига боғлиқ. Негаки, маърифат инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтаргувчидир. У инсоннинг ғайратлик бўлишига сабаб бўлади, эътиқодини маҳкам қилади. Айнан маърифат соясида инсон ўзига келадиган зарар ва зулмдан паноҳ топади.

Давлат раҳбарининг мудофаага қанча маблағ ажратилса, маънавиятга ҳам шунча миқдорда ажаратилиши керак, деган фикрини барчамиз эшитганмиз. Ваҳоланки, бу мақсаднинг тагида кўплаб вазифалар жамланади. Бу вазифалар эса ҳеч бир соҳани четлаб ўтмайди.

Албатта, халқни маънавиятли ва маърифатли бўлишга ундаш, юртда, ён-веримизда бўлаётган воқеликларни тўғри таҳлил қила билиш, одамларни уйғоқликка чорлаш борасида Республика Маънавият ва маърифат марказининг ўрни муҳим. Ҳаммамиз кўриб-кузатиб турган ўзгаришлар пайтида ушбу тизим вакиллари қай даражадаги ютуқларга эриша олди? Замона шиддати уларнинг фаолиятида қандай бурилишлар ҳосил қилди экан? Ушбу саволларга жавоб топиш илинжида Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими раҳбари Фирдавс Шариповни суҳбатга тортдик.

—    Ривожланишларга ҳамоҳанг тарзда маънавият ва маърифат тарғиботчилари ҳам янгича ёндашувлар асосида фаолият олиб бораяпмиз. Президентимизнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори эса янгича услубда ишлашимизга асос бўлди. Яъни зиммамизга юкланган вазифаларнинг моҳияти ўзгарди. Мисол учун, қарорда назарда тутилгани ҳолда, эндиликда биз нафақат дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, «оммавий маданият», наркобизнес каби ташқи таҳдидларга, балки жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидларга ҳам қарши самарали ғоявий кураш олиб борамиз.

Бу вазиятда, ички таъсир нима экан деган савол туғилиши табиий. Булар — эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатлардир. Булар бизни ўзимизга билдирмайгина ичимизни кемирадиган, онгимизга, ўзлигимизга путур етказадиган хавфли таъсир кучига эга. Энг ёмони, улар инсонни одамийликдан йироқлаштиради.

— Биламизки, марказ вакиллари ўз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда тарғибот ишларини турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари кўринишида ҳам олиб боради. Хўш, айтингчи, бу каби тадбирларнинг шунчаки эмас, балки бирор бир натижа бериши, улар қамраб олинадиган аудиторияга самаралироқ таъсир кўрсатиши учун қандай режалар ишлаб чиқилди?

— Тарғибот-ташвиқот ишлари аҳолининг ҳудудий, касбий ҳамда ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мутаносиб, мақсадли ва мазмунли ёндашувни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, ўтган йил давомида фаолиятимизда бу ишларнинг илмий асосланган мониторингини таъминлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказила бошланди. Яъни, марказ томонидан ҳудудларда ижтимоий сўровномалар ўтказилиб, уларнинг натижалари асосида ҳудудларнинг “Мафкуравий харита”лари яратилаяпти. Бу эса қайси ҳудудда қандай иллатлар авж олганини яққол ойдинлаштириб беради. Шундан сўнг, биз ҳудудлар кесимида тарғибот-ташвиқот ишларининг мавзуи, таъсир чоралари даражасини белгилаб оламиз.

Чунки коррупция авж олган жойга бориб, эрта никоҳ ҳақида тушунча берсак, у самарали бўлмаслиги аниқ. Аксинча илмий тадқиқот мониторинги натижаларидан келиб чиқиб ҳаракатлансак, мақсадга эришишимиз мумкин бўлади.

—     Ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳит харитасини ишлаб чиқиш бу ажойиб ғоя. Ушбу жараёнда бу йил давомида қилинажак ишлар режасини белгилаб берадиган қандай хулосалар олинди?

2017 йилда Ангор тумани “Янгиобод” маҳалласида эксперимент тариқасида сўровнома ўтказилди. Унда аҳолининг таҳдидлардан хабардорлик даражаси, хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилди. Худди шундай сўровнома вилоятимиз ҳудуди бўйлаб ўтган йил декабрь ойида ўтказилди. Унда воҳа аҳолисининг қарийб 70 фоизи қамраб олинди. Бундан ташқари, вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида “Ёшларнинг маънавий қиёфаси” мавзуида сўровнома ўтказганимизда, талабаларнинг аксарият қисми бўш вақтини тўғри тақсимлай олмаслиги маълум бўлди. Ёки бўлмаса аҳоли ўртасида уларнинг ахборот манбалари ўрганилганда тадқиқотда иштирок этганларнинг аксарият қисми хусусий каналлардаги кўнгилочар кўрсатувларни, чет эл сериалларини кўриши аёнлашди. Улар орасида зиёли қатлам вакиллари ўқитувчилар ва афсуски мактаб ўқувчилари кўпчиликни ташкил этади. Сериалларнинг эса ҳаммасини ҳам томошабинга маънавий озуқа берадиган киноасарлар деб айта олмаймиз. Биргина “Севги изтироби” сериалининг қандай эътирозларга учрагани кўпчиликка маълум.

Бундан кўринадики, аҳоли орасида ҳуқуқий, тиббий маданият билан бирга ахборот маданиятини ҳам шакллантириш, шунингдек, эл-юрт тақдирига лоқайдлик таҳдидидан хабардорлик даражасини ошириш талаб этилади. Бунинг учун марказимиз билан бирга оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот олиш маданиятини шакл лантирувчи адабиётлар энг асосий тарғибот воситасига айланиши керак, назаримда.

— Эшитишимча, айни пайтда марказ томонидан “Уч ёш концепцияси” ишлаб чиқилаётган экан? Бунга эҳтиёж туғдирган омиллар ҳақида тўхталсангиз?

— Фаолиятимиз давомида кўпроқ туманларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилдик. Ўрганишлар давомида яна бир нарса аниқ бўлдики, кўпчилик ота-оналар фарзанди билан тўғри мулоқот қилиш кўникмасига эга эмас. Қолаверса, уларга кўпроқ вақт ажратишга ҳафсала қилишмайди. Модомики оилада бир-бирига бўлган бундай лоқайдлик инсонни жамиятга, атрофдагиларга ҳам шундай лоқайд қилиб қўяди. Ёки бўлмаса, бу қулай вазият ғараз ният билан боқаётган ёт кучларга ҳам қўл келиши мумкин. Ана шу хулосаларга таяниб, Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан ушбу концепцияни ишлаб чиқишга эҳтиёж туғилди. Агар бу лойиҳа маъқулланса, тарғибот материали сифатида бутун республика бўйлаб тарқатилади. Концепцияда асосан, ҳар уч ёш оралиғидаги болалар ёши олиниб, улар билан қандай муомалада бўлиш, тарбия жараёни ҳақида аниқ тавсиялар берилган. Албатта, бу маслаҳатлар илмий тадқиқот хулосаларига асосланади. Бундай таснифланган қўлланма бола тарбиясида жуда асқотади.

— Илгари Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлинмалари жамоатчилик асосида фаолият юритишарди. Президент қароридан сўнг эса бугун уларга алоҳида штатлар жорий қилиниб, алоҳида иш жойи ва интернет тармоғига уланган моддийтехник база билан таъминланди. Бундай имкониятга эга бўлинма раҳбарлари фаолиятидан кўнглингиз тўлаяптими?

 — Туман бўлинмалари фаолияти марказимиз томонидан тайинланган махсус рейтинг асосида баҳоланиб, мониторинг қилиб борилади. Ўтган йил давомида Олтинсой ҳамда Термиз тумани бўлинмалари фаолиятида сусткашликка йўл қўйилгани, рейтинг кўрсаткичлари паст лиги учун бўлинма раҳбарлари алмаштирилди.

— Одамларда китоб мутолаасига меҳр уйғотиш учун фақат насиҳатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун амалий иш кўпроқ натижа бериши мумкин. Маънавият ва маърифат тарғиботчилари бу борада ҳам фаол кўринади…

Ўтган йил давомида маънавият ва маърифат кенгаши ташаббуси ва ҳомийлиги билан 8 та китоб нашрдан чиқарилди. Айниқса, Сурхон воҳасининг рамзи бўлган “Алпомиш” достонининг янги намунада чоп этилишини кўпчилик катта қизиқиш билан қарши олди. Бундан ташқари, бўлимимиз томонидан “Оилаларга маърифат улашиб” акцияси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига 300 га яқин ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари жамланмаси совға тариқасида улашилди. “Болаларга меҳр улашиб” акцияси доирасида эса 72 та оилага ташриф буюриб, 320 дан зиёд бадиий, сиёсий ва шеърий китоблар тақдим этдик. “Устозларга эҳтиром” акцияси доирасида ўқитувчиларимиз, туманларда ташкил этилаётган замонавий кутубхоналар, қолаверса, байрамларда вилоятдаги кўплаб раҳбар лавозимларида ишлайдиган кишиларнинг маънавий савиясини янада кўтариш мақсадида табрикнома ўрнига китоб улашишни йўлга қўйдик.

— Охирги марта ўқиган китобингиз ҳақида тўхталсангиз.

Яқинда “Алпомиш” достонини қайта мутолаа қилдим. Бу достонни илгари ҳам ўқиганман, аммо бу гал тамоман янги хулосалар олдим. Ундан кейин Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” номли қиссасини мутолаа қилдим. Биласизми, қисса орқали маърифатли инсоннинг ҳақиқий қиёфасини кашф қилдим. Зеро, маърифатли инсон ҳеч қачон ўз манфаатини биринчи ўринга қўймайди.

Худди шу каби маърифатли ўқитувчи ҳам болалар дилига фақат эзгулик уруғини сочади. Маърифатли сиёсатчи эса ўз халқини алдаш йўлидан бормайди. У алданган халқ қалбида фақат қаҳру ғазаб тўпланишини, ишончи топталган халқда олдинга ҳаракат қилиш завқи сўниб боришини билади.

Қиссадаги уч қаҳрамоннинг битта болакай ҳаётини асраб қолиш учун ўзларини қурбон қилиши — бу маърифатли инсоннинг маънавий жасоратидир.

Қиссадан ана шуларни англадим.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE