Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Воҳамизда яна бир йирик лойиҳа

Воҳамизда яна бир йирик лойиҳа

Муҳтарам Президен-тимиз ўтган йил 19-20 январь кунлари Сурхон воҳасига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишиб, халқ хўжалигининг барча соҳаларини жадал ривожлантириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эдилар.

Шуни қувонч билан таъкидлаш лозимки, ўтган вақт давомида Юртбошимиз қўйган вазифаларни бажариш мақсадида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Воҳамизда саноат, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 3 триллион 12 миллиард 994 миллион сўмлик 423 та лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилиб, 7 мингга яқин янги иш ўрни бунёд этилди. Айниқса, берилган топшириқлар ижросига мувофиқ воҳамизда цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги бунёдкорлик ишлари учун бугун катта таянч бўлмоқда.

Ушбу маҳсулотга талаб ва эҳтиёжнинг юқорилиги инобатга олиниб, Шеробод туманида иккинчи йирик цемент заводи қуриладиган бўлди. Туманнинг Кўҳитанг қишлоғида Жанубий Кореянинг NCG Engineerring Co. Ltd. компанияси билан ҳамкорликда қуриладиган йирик цемент заводига тамал тоши қўйиш муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз ҳокими Тўра Боболов ва Жанубий Кореянинг NCG Engineerring Co. Ltd. компанияси бош директори жаноб Жанг Ил Квеон иштирок этди.

Ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг қиймати 170 миллион доллар бўлиб, завод тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 1 миллион тонна юқори сифатли портланд цементи истеъмолчиларга етказиб берилади. Энг муҳими, мамлакатимиз истеъмолчиларининг цементга бўлган талаби қондирилиб, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш назарда тутилган. Яна бир қулай томони шундаки, бу корхона туфайли 400 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли фойдали меҳнат билан банд бўлади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўринга эга бўлган бу йирик завод лойиҳа бўйича 2021 йилда қуриб, фойдаланишга топширилиши лозим. Президентимиз раҳнамолигида хорижий давлатлар билан ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик туфайли юртимизда янги-янги йирик саноат корхоналарининг бунёд этилаётгани ўзбек миллий иқтисодиёти ривожида муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE