Бош саҳифа / Жамият / Воҳамизда 200 минг дона кўчат экилди

Воҳамизда 200 минг дона кўчат экилди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан бошланган “Бир миллион дарахт” акциясига Сурхондарёда ҳам старт берилди.

Тадбирнинг биринчи кунида вилоят ҳокими Тўра Боболов, умуммиллий ҳаракат раҳбари Акмал Бурҳонов ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари вилоятдаги мустақиллик майдони ҳудудидаги боғга кўчат экишди. Шундан сўнг, шу куннинг ўзида Термиз шаҳри ҳамда Термиз туманларида 200 минг дона манзарали ва мевали кўчат экилди.

Кўчатларни танлашда ҳудуднинг иссиқ иқлими ва сувсизликка чидамлилиги ҳам эътиборга олинди.

— Бугунги кунда Узун туманидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 5000 дан ортиқ 100 турга яқин манзарали ва мевали дарахт парваришланмоқда, — дейди ўрмон хўжалиги директори Баҳром Маматқулов. — Улар орасида ҳинд серенаси, япон сафораси, лола дарахти каби ноёб турлар ҳам мавжуд. Ушбу акцияга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш ниятида 8 турдаги 5 минг дона мевали ва манзарали кўчатларни олиб келдик.

Эзгу ташаббус дарахтзорларнинг камайиши ва иқлим ўзгаришлари оқибатларига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда оммавий бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳитни яратиш мақсадида ташкил этилди. Акция йилига икки марта — кузда (октябрь – декабрь) ва баҳорда (февралдан апрелга қадар) ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 24 октябрда старт берилган акция Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Наманган, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилди.

Акция доирасида арча, катальпа, каштан, сарв, япон сафораси, қрим соснаси, павловния каби манзарали, беҳи, ўрик, олма, олхўри каби мевали дарахтлар кўчатлари ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб танланди. Шу кунгача республикамизнинг олтита ҳудудида 600 мингдан ортиқ “яшил нуқталар” пайдо бўлди. Бу акцияга жалб қилинган ҳомийлар маблағлари эвазига шунча дона кўчат экилди дегани.

Акция вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳали давом этмоқда.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоят ҳокими аҳоли билан юзма-юз учрашмоқда

Вилоят ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида бўлиб, тумандаги «Наврўз», «Сурхон соҳили», «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan