Бош саҳифа / Жамият / Воха ва водий хамкорлиги

Воха ва водий хамкорлиги

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ЖУРНАЛИСТ ҲАМДА ИЖОДКОРЛАРИ ИККИ КУН ДАВОМИДА СУРХОНДАРЁДА БЎЛИБ, ВИЛОЯТ “СУРХОН ТОНГИ” ВА “ЗАРЯ СУРХАНА” ГАЗЕТАЛАРИ БИРЛАШГАН ТАҲРИРИЯТИ БИЛАН ЎЗБЕК ВА РУС ТИЛЛАРИДА ҚЎШМА СОН ЧИҚАРИШИБ, ТАЖРИБА АЛМАШДИЛАР

Ҳар қандай ижодкор касб малакаси ва салоҳиятини иккинчи олийгоҳ — ҳаёт дорилфунунидан ўрганади. Бунда интилиш, ўз устида ишлаш, ўзгалар тажрибасидан фойдаланиш бош доя ҳисобланади.

Фарғона вилояти ижодкорлари бундан икки ой илгари вилоят ҳокимлиги ва “Сурхон тонги”, “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти раҳбариятига расмий мактуб йўллаб, қўшма сон чиқариш, тажриба алмашиш борасидаги таклифларини билдиришганди. Ниҳоят, 20 февралда Термиз темир йўл вокзалида Фарғона делегациясини Сурхон воҳаси ижодкорлари нон, туз билан тантанали кутиб олишди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси М. Обидов бошчилигида вилоят матбуот бошқармаси, 22 та газета, 2 та телевидение бош муҳаррири ва етакчи мутахассислар иззат-икром билан шаҳардаги муҳташам “Ассон” меҳмонхонасига жойлаштирилди.

Шу куни соат бирларда фарғоналик меҳмонлар Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да ҳозир бўлдилар. Улар биринчи навбатда “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти, ижодкорларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишар экан, ўз ҳаяжонларини яшириб ўтиришмади.

Ҳамкасбларимиз вилоят матбуот бошқармаси, журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими, ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, “Сурхон ёшлари”, “Термиз оқшоми”, “Маънавият гулшани”, “Давр мезони”, “Жануб вақти” каби таҳририятларда ҳам бўлишди.

— Биз бирор вилоятда бунақанги муҳташам, замонавий қулайликларга эга бўлган, кўплаб газета таҳририятларини ўз бағрига олган “Матбуот уйи”ни кўрмагандик. Ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, — дейди Муҳаммаджон Обидов.

Шундан сўнг ҳар иккала вилоят ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Водийлик ижодкорлар Хитой, Жанубий Корея, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон каби мамлакатларда бўлишиб, тажриба алмашишганини айтишди. Салкам тўрт соат давом этган қизиқарли йиғилишда журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов, вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи Умид Жабборов, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Абдужалил Бобожонов, “Ферганская правда” газетаси бош муҳаррири Гулбаҳор Саидғаниева, “Фарғона тонги” газетаси бош муҳаррири Рустам Орипов, “Водил ёғдуси” газетаси бош муҳаррири Собиржон Дадахўжаев, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Зуҳрахон Алиева, “Устоз” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Шокиров ва бошқа ижодкорлар таҳририятлари фаолияти, ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар.

Сурхон воҳаси матбуоти ва ижодкорлари хусусида “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Райҳон Раҳимова, вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нор қобилов, журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Муҳиддин Абдураҳмонов, Қизириқ туман “Тараққиёт” газетаси бош муҳаррири Чори Алимов ва бошқалар сўзга чиқишиб батафсил маълумот беришди. Шундан сўнг ҳар иккала вилоят ижодкорлари бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этишди.

Фарғоналик ижодкорлар Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида бўлишиб, қизиқарли мулоқот ўтказишди. Кечки пайт ҳашаматли Санъат саройида “Алпомишнинг қайтиши” спектаклини мириқиб томоша қилишди.

— Бу саҳна асари жуда қиёмига етказиб ижро этилганига гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, саҳна декорацияси ва миллий либосларнинг уйғунликда танланиши асар мазмун-моҳиятига ижобий таъсир кўрсатган, — дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Абдужалил Бобожонов.

Эрталаб меҳмонлар Ҳаким Термизийнинг зиёратгоҳ-мажмуасида бўлиб, у ерда амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Улуғ бобокалонимиз руҳига Қуръон тиловат қилишиб, тарихий музейдаги экспонатларни синчковлик билан кўздан кечирдилар.

Меҳмонлар зиёратдан сўнг Термиз туманидаги афғон фуқаролари ўқув марказида бўлишди. Ўқув маркази директори Ойбек Рўзиев меҳмонларни самимий кутиб оларкан, ўқув зали, кутубхона, ошхона, мавжуд тўгараклар, фан кабинетлари, лабораториялар билан таништирди. Хорижлик талабалар учун яратилган замонавий шароитни кўриб, фарғоналиклар бир олам таассурот олдилар. Яна бир янгилик. Яхши ният билан қилинган сумалакни очиб, меҳмонлар эзгу тилаклар қилишди. Яратганга шукрона қилиб, барча сумалакдан татиб кўрди. Бу ерда бўлган ижодий учрашувда делегация раҳбари Муҳаммаджон Обидов, Гулбаҳор Саидғаниева, Зуҳрахон Алиева, Абдужалил Бобожонов, Давлатжон Полвоновлар ўзбек ва афғон дўстлиги, Ўзбекистон томонидан Афғонистонда амалга оширилган тарихий ишлар ва бугунги давлатлараро ҳамкорлик тўғрисида тўлқинланиб гапирдилар. Ижодий учрашувда афғонистонлик талабалар ўзларининг Ватан, халқлар дўстлиги ҳақидаги ижод намуналаридан ўқиб беришиб, куй ва қўшиқлар ижро этишди. Куннинг иккинчи ярмида Термиз шаҳридаги “Сурхон” ресторанида бир пиёла чой устида ижодий суҳбатлар давом эттирилди.

— Сурхон матбуоти ва журналистларидан жуда кўп нарсани ўрганиш керакка ўхшайди, — дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Абдужалил Бобожонов. — Биринчи навбатда, менга бу газетанинг дизайни ва мақолалари жуда ёқди. Сурхон воҳасидаги “Матбуот уйи”нинг ташқи ва ички кўринишига гап йўқ. Иккинчидан, бутун Сурхондарёдаги қурилиш кўлами мени ҳайратга солди.

Бу даврада Фарғонадан келган меҳмонларнинг деярли барчаси сўзга чиқиб, воҳа ҳаёти, ижодкорлари, олган таассуротлари ҳақида қисқа ва лўнда фикр билдиришди. “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Райҳон Раҳимова водийликларга ўз миннатдорчилигини изҳор этиб, шу даврада ёзилган, сиёҳи қуриб улгурмаган, меҳмонларга бағишланган шеърини ўқир экан, барча бирдек қарсак чалиб юборди. Делегация раҳбари Муҳаммаджон Обидов, қўшма сон учун, тажриба алмашиш ва меҳмондорчилик учун ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

Сурхондарёлик ижодкорлар Р. Раҳимова, М. Абдураҳмонов, С. Норқобиловлар бошчилигида меҳмонларни Термиз темир йўл вокзалида кузатиб, Фарғонада учрашгунча, деб самимий хайрлашдилар.

СУРАТЛАРДА: учрашув
ва тадбирлардан лавҳалар.
И. АМИРҚУЛОВ
суратга олган

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги”
мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE