Бош саҳифа / Жамият / Воҳа туризми: имконият ва истиқболлари

Воҳа туризми: имконият ва истиқболлари

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг туризм соҳасига бўлган алоҳида эътибори туфайли мамлакатимизда ва вилоятимизда туризмнинг янги истиқболлари очилиб, турли йўналишларда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Вилоятимиздаги бой тарихга эга қадамжо зиёратгоҳлар, археологик ва тарихий обидалар туризмни кенг жорий этишга имкон беради. Бугунги кунда воҳамизда 504 та моддий ва маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Ҳаким ат Термизий, Исо ат Термизий каби улуғ олим ва ҳадисчилар мақбаралари, Узун туманида нақшбандия таълимотининг асосчиси, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи халифаси Алоуддин Аттор зиёратгоҳи, Олтинсой туманида “Силсилаи Олия” таркибига кирувчи улуғ зотлардан бири Муҳаммад Зоҳид мақбараси ва туркий тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси, шоир Сўфи Оллоёр қадамжоси ҳамда у зот томонидан барпо қилинган масжид каби обидалар шулар жумласидандир. Термиз туманидаги Кокилдор ота, Қирққиз, Султон Саодат ёдгорликлари, Чоргумбаз масжиди,Бойсун туманидаги Ҳазрати Эшон бобо зиёратгоҳи ва шифобахш суви, Ҳазрати Султон Валий зиёратгоҳи, Жарқўрғон туманидаги Хўжа Самандар Термизий зиёратгоҳи ва шифобахш суви, Олтинсой туманидаги Хўжаипок ота зиёратгоҳи ва шифобахш суви, Узун туманидаги Оқ остона бобо зиёратгоҳи каби тарихий обидалар ҳам вилоятимизда туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий хал қаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Имом Термизий ва Термизий алломаларнинг беназир меросини чуқур ўрганиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Шеробод туманидаги Имом Термизий мақбараси ҳудуди ободонлаштирилди ва замонавий жомеъ масжиди, Термиз шаҳрида жомеъ масжиди, Имом Термизий илмий-амалий маркази бинолари бунёд этилди.

 Шунингдек, вилоятимиздаги жаҳонга машҳур археологик ва тарихий обидалар ҳудудда археологик туризмни ривожлантириш имконини беради. Зурмала минораси, Қоратепа будда ғор ибодатхонаси, Фаёзтепа, Далварзинтепа, Зартепалар, Жарқўтон оташкадаси, Кампиртепа, Сополлитепа, Тешиктош ғори, Жарқўрғон минораси, Зараутсой қоятош расмлари, Саид Оталиқ мадрасаси, Термиз археология музейи каби маданий мерос объектлари билан танишиш мақсадида ҳар йили минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар воҳамизга ташриф буюрмоқдалар. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 3 майда “Сурхондарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга асосан вилоятда учта кичик туризм зонаси:

1. Бойсун кичик туризм зонаси — Омонхона ва Дарбанд қишлоқлари, Зовбоши тоғли ҳудуди.

 2.Сариосиё кичик туризм зонаси — Хонжиза тоғ тизмалари ён бағирлари ва Сангардак қишлоғи ҳудудлари.

 3.Шеробод кичик туризм зонаси­— Шалқон қишлоғи, Хўжаикон туз кони ва мевали боғлар ҳудуди ташкил қилинди.

 Кейинги икки-уч йил давомида вилоятимизда туризм соҳасининг ривожланиши йўлида бир қанча салмоқли ишлар қилинди. Замонавий меҳмонхоналар ва уй-меҳмонхоналарда туристлар учун барча шароитлар яратилаётганлиги,янги туристик фирмаларнинг очилаётганлиги,кўплаб маданий мерос объектларининг таъмирланаётганлиги бунинг ёрқин далилидир.

 Вилоятда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ бир қанча муаммолар ҳам бор.

 Туризм соҳасида етук мутахассислар ва, жумладан, таржимонларнинг етишмаслиги, фаолият кўрсатаётган гид-таржимонлар малакасини ошириш, муомала ва кийиниш маданиятига эътибор қаратиш зарурлиги, “O’zbekiston havo yo’llari” ва “O’zbekiston temir yo’llari” компаниялари билан келишган ҳолда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб,билетларни онлайн тарзида харид қилишни йўлга қўйиш ва йўловчиларга шаффоф хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, Сурхондарё тўғрисида ихчам “Сайёҳлар учун қўлланма” ва фотоальбом тайёрлаб, уни бир неча тилларга таржима қилиш ва сайёҳлик фирмалари, сайёҳлар ташриф буюрадиган дўконларда сотишни йўлга қўйиш, вилоятнинг туризм салоҳияти, мавжуд маданий объектлар, диққатга сазовор жойларини тарғиб қилувчи блоггерларни ташкил этиш, жамоат жойларида ва катта йўл ёқаларида замонавий ва миллийлик уйғунлашган овқатланиш шохобчалари ва санитария-гигиена хоналари очиш кабиларни амалга ошириш лозим.

 Шунингдек, маҳаллий аҳолининг ҳам хориждан келган турист ларга бўладиган муомала маданиятини ошириш учун таълим муссасаларида, маҳаллаларда ва бошқа ташкилотларда тарғибот ишларини олиб бориш зарур.

Сурхон воҳаси нафақат чет эллик фуқаролар, балки республикамизнинг кўпчилик фуқаролари учун ҳам ҳали очилмаган қўриқдир.Биз — барча воҳадошлар келган меҳмонларни яхши кутиб олиб,уларнинг иззатига етсак, ўз-ўзидан туристлар сонининг кўпайиши, бу билан вилоятимиз иқтисодиётининг ривожланишига ва халқимиз турмуш даражасининг янада юксалишига эришамиз.

Акмал АБДУРАҲМОНОВ,
ТерДУ магистранти

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE