Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Воҳа пилллакорлари ютуғи

Воҳа пилллакорлари ютуғи

Вилоят пиллакорлари зафар қучишди. Она Ватан сурхондарёликлардан 1500 тоннадан зиёд “кумуш тола” қабул қилди. Бирин-кетин тўққизта туман пилла етиштириш мажбуриятини бажарди. Айниқса, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманлари “Агропилла“ МЧЖлари пешқадамлик қилишмоқда.

Ҳурматли Президентимизнинг ипакчилик саноатини тубдан ривожлантириш тўғрисидаги фармонидан руҳланган соҳа ходимлари улкан ғалабага эришмоқдалар. Жарқўрғон тумани қуртхоналарида ҳосил баракали бўлди. Бугунгача қабул пунктларига 225 тоннадан ошиқ сифатли ва харидоргир маҳсулот топширишди. Жорий йилда туман меҳнаткашлари 3692 қути ипак қурти парваришлашди. Шундан 3250 қутиси оилавий звенолар ва фермерларга тарқатилган бўлса, қолган ипак қурти туман “Агропилла” МЧЖ тасарруфида ташкил этилган 8 та инновацион қуртхонада боқилди. Туман “Агропилла” МЧЖ раҳбари Музаффар Жабборов ёш бўлишига қарамай, соҳада анча тажрибали эканини намойиш этди. Суюн Ўрозов бошлиқ “Соатмурод Ўроз” фермер хўжалиги аъзолари 18 қути ипак қуртидан бир тоннадан ошиқ ҳосил топширишган бўлса, Азамат Жумаев бошлиқ “Бегали Адҳамбек” фермер хўжалиги пиллакорлари 1.3 тонна кумуш тола топширишга эришдилар.

Амалдаги йилда 203 тонна пилла топшириш мажбуриятини олган туман пиллакорларининг умумий хирмонига Абдумалик Ибодуллаев, Саодат Бекмуродова каби юзлаб оилавий звеноларининг аъзолари ҳар қути ипак қуртидан 60-65 килограммдан пилла етиштириб ҳиссаларини қўшдилар.

— Бу мавсум тўрт марта ипак қурти боқишни режалаштирганмиз, — дейди Музаффар Жабборов. — Биринчи мавсумда ипак қурти боққан звенолар ҳосил топширишни ҳали давом эттиришмоқда. Давлат режасини ортиғи билан бажарган звенолар иккинчи марта ипак қурти боқишга киришишди. Иккинчи мавсумда 7,5 тонна сифатли пилла етиштирилади.

Қумқўрғон “Агропилла” МЧЖ раҳбари Кумуш Жанабаева ишчи ходимлари билан тиним билмай, кеча-ю кундуз пиллачиларга камарбаста бўлиб ишламоқда. Туман “Агропилла” МЧЖ таркибида 68 нафар доимий ва 510 нафар киши мавсумий иш билан таъминланган. Пиллакорларга барча шарт-шароитлар яратилган. Кумуш Жанабаева 20 йилдирки, соҳада ишлаб келмоқда. “Ўзипаксаноат” компанияси томонидан моддий ёрдам берилаётгани туфайли пиллакорларнинг ҳамжиҳатлик билан қилган меҳнатлари эвазига қабул пунктларига 1320 тонна сифатли хомашё топширилди.

Воҳа “кумуш тола” хирмони юксалишига режани бажарган Жарқўрғон тумани пиллакорлари 225 тонна, Қумқўрғон тумани меҳнаткашлари 220 тонна, Шеробод тумани “кумуш тола” ижодкорлари 145 тонна, Денов тумани пиллакорлари 125 тонна, Қизириқ ва Музработ туманлари пиллачилари 110-115 тоннадан ҳосил топшириб, муносиб ҳисса қўшдилар.

Меҳнат зафарига юзлаб оилавий звенолар ҳамда фермер хўжаликлари қўшган ҳисса салмоқлидир. Маъмура Ҳасанова, Дилором Мўминова, Чиннихол Тўраева, Наргиза Эшбоева, Сайёра Жўраева, Лола Бердимуродова, Шафоат Тоштемиров, Сожида Маннозова, Саида Боболиева, Бозоргул Муҳаммадиевалар бош бўлган оилавий звенолар пиллакорлари ҳар қути ипак қуртидан 70-80 килограммга етказиб ҳосил олишган бўлса, “Махматқул Жўра ўғли”, “Акмал Миржалол”, “Бекали Адхамбек”, “Жарқўрғон юксак хирмон машъали” каби ўнлаб фермер хўжалигининг ҳар бири 1-1,3 тоннадан “кумуш тола” хирмонини яратди.

Воҳамиз қуртхоналаридаги қолган ҳосилни териш ва топшириш қизғин давом этмоқда. Шўрчи, Олтинсой, Термиз туманларида ҳам режа эрта-индин бажарилади.

Айтиш керакки, топширилган ҳосил “Сурхон ипаги” МЧЖ цехларида қайта ишланмоқда. Тадбиркор раҳбар Бекзод Тўрабоев бошлиқ МЧЖ жамоаси қуруқ пилладан тайёр матолар ишлаб чиқаришаяпти. Бу эса вилоят иқтисодига катта даромад келтиради. Пиллакорларга барча имконият ва шароитлар яратилган. Меҳнат ҳақлари ўз вақтида берилмоқда. Айрим ижтимоий тармоқларда эса пиллакорларга ҳақ берилмаяпти, деган нотўғри хабарлар тарқатилди. Пиллакорлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб, суҳбатлашганимизда тамоман бунинг акси бўлиб чиқди.

Айтиш жоизки, вилоят “Агропилла” тизимидаги корхоналар фақат пилла етиштириш билан чекланмай, тут кўчатларини хам парваришламокда. “Агропилла” МЧЖ қошида товуқчилик, асаларичилик ва бошқа сердаромад соҳалар ҳам ривожлантирилаяпти.

Дастлабки довондан ошган пиллакорларимиз иккинчи марта ипак қурти парваришлашга ҳам киришдилар.

Саидвафо БОБОЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan