Во дариғ

0
30

Новелла

Чўлибайир тоғи этакларида сочилиб ётган томларни бирор маротаба сел босганини ҳеч ким, ҳеч қачон эшитмаган. Тўғри, кучли ёмғирлар кўп ёққан. Тентаксой тошиб, қирғоғида ўтлаб юрган мол-ҳолга дахл қилган пайтлари ҳам бўлган. Лекин қишлоқ ҳовлиларига, уйларигача сув кириши — бу ҳеч кимнинг хаёлига келмаган…

Ўша куни сув омборининг кунгай томонида, Боботоғ устида кўринган қуёш тиниқ, қизғиш нур таратар, ёнбағирларида эса булут тўдалари ҳам адашган атарлардек айланиб турарди. Уларни кузатган киши бундай булутлар қасир-қусур момақолдироғу тасир-тусур жала олиб келади, деб ўйламасди.

Қарангки, мендек кўпни кўрган, синчковнинг ҳам шу манзара ўзгариб, ўша адашган атар-булутлар Чўлибайир устигача ўтлаб келиб, томоша кўрсатиши мумкинлигига ақлим етмапти. Биров табиатни биламан, деб мақтанса, асло ишонманг экан. Табиат нима қилишини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Болалар, келин-кепчик далада. Баҳор фаслида қишлоқнинг қўлидан иш келадиган ҳар бир одами далада бўлмай, яна қаерда бўларди? Мома икковимиз невара билан уй боқар. Оғилдаги қўйларга сув бериб хашак ташлаб турамиз. Вақтида емишини бермай кўрингчи, улар нима қилади. Маъраб, тинчингизни бузади ёки қўра эрганагини синдириб, ҳовлига чиқади… кейин қаранг томошани: экинлар оёқости, кўчатлар синдирилган. Келин ой бошида эккан помидор, бақлажон, райҳонлар топталган…

Қариганда ёшлар танбеҳига ким ҳам бардош берарди!

Бир боғ бедани жоди билан кесиб, майдалаб, қўйлар охирига ташладим. Сўнг намозимни ўқиб, тушда мизғиш одатим бўйича пинакка кетибман…

…Бир зум ўтар-ўтмас, худди замбаракдан тўп отилгандай, нимадир гумбурлаб кетди. Бу — Чўлибайир тизмасига суянган Қизилтепанинг бир қисми узилиб, титилиб, худди улкан қозонда қорилган сумалакдек, тошиб, ўтлоқ-текисликка томон оқа бошлади. Улгурган молини ҳайдаб чиқарди, ўзини ҳам сақлаб қолди. Улгурмаган улгурмади: зўрға ўзи селдан қочиб чиқди, подаси қизил “сумалакка” қоришиб кетди. Онда-сонда уларнинг ё боши, ё шохи кўриниб қоларди.

Бу улкан қоришма Тентаксойга силжир, ана-мана дегунча уни тўлдириб, сув йўлини тўсар, сой тошиб, қирғоққа яқин уйларга тўкила бошларди. Ҳозиргина қўйлар ўтлаб юрган ўтлоқларни сув босган, ўрнида чуқур катта кўлмак. Унда қайиқлар сузиб юрибди… Ёмон тез юрадиган қайиқлар. Баъзан қайиқда бирор қўй пайдо бўлиб қолар, баъзан кийим-боши жиққа ҳўл чўпон болакай. “Эсиз, қўйларим! Отамга нима дейман энди?” — “Жонинг омон қолганига шукур қил, болам”, эшитилади нотаниш овоз…

Шилдир…шилдир…шилдир…чалинади қулоққа. Нима бу…ҳовлига, томорқага, мома сув ҳайдадими, дейман. Яқинда суғорган эдим-ку. Бу тиниб-тинчимаган қайсар аёл яна ўз билганидан қолмади-да. Мен тайинлабман тағин: “Ҳадеб суғораверма, кўчатларни сув урса ҳам қуриб қолади”, деб. Йўқ. Унга барибир. Гапимнинг тескарисини қилса, бас. Шундан кўнгли завқ олади, чоғи, бу момаси тушмагурнинг!

Шилдир…Шилдир… Менга бир бало бўлдими. Нега баданим совиб бораяпти? Гиламнинг устига сув оқиб келибдими? Тушимми ё ўнгимми бу? Нима гап ўзи, ё тавба?

Сесканиб кўзимни очдим, эшикдан лойқа сув ичкарига оқаяпти… Бу туш эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун, қўлларимни ҳаракатга келтирдим…Сувнинг чайқалгани, шилдирагани эшитилди. Кийимларимнинг ҳўллигини ҳис қилдим. Демак, мома томорқага қуйган сув жўяклардан тошиб уйга кираяпти. Аммо у нега лойқа?.. Неварам қани? Моманинг ўзи қаерда, қайси қўшниникига кетди экан?

Шу хаёл билан ташқарига отилдим… Ҳовлига чиқдиму, анграйиб қолдим: ҳамма ёқ бир текис сув! Экинлар кўринмайди, пастроқдаги оғилни ҳам сел босган, очиқ эшиги лойқага ботган, нарироғида икки шишак қўй сузиб, гоҳ дарахтларнинг танасига борар, гоҳ уй томонга келар, баландроқ, саёзроқ ерни топса, тик турар, яна бўйнини чўзиб, сузар, қуруқликка йўл изларди… Ён-атроф худди денгизга айлангандай. Ёмғир тинмай қуяр, сув сатҳида миллион пуфакчалар ҳосил бўлар, шу заҳотиёқ ёрилиб, уларнинг ўрнига бошқаси кўринарди. Фақат танаси селга ботиб, шохларида турли-туман қушлар чирқиллаб ётган дарахтларгина шу дамда ягона халоскордай кўринарди.

Демак…шошилиш керак. …Улгурмасам, тақдирдан кўрарман. Шунча йил яшадим, бировга ёмонлик қилганим йўқ. Ўзи кечирсин…

Айтгандай, қуруқлик қайси томонда экан? Ҳаяжонланганимдан шуни ҳам англай олмай қолибман — энг керак нарсани. Ўзимни қўлга олиб, тоғ этагига қарадим… Ярим чақиримлар нарида одамлар тизилиб, сел босган уйларига қараб турардилар… Қўлимга тушган ходани олдимда, сув кечиб, улар томонга интилдим… Неварам, мома ҳам ўша ерда бўлса керак: иш қилиб, Эгамнинг ўзи асрасин-да… Ўғилу келин-чи? Ҳамма-ҳамма…шу хавфсиз тепаликда…

Умрим шу ерларда ўтди. Ҳар бир қаричини-қаери ўр, қаери гўр, яхши биламан. Тусмоллаб, ғорли, чуқур жойларини айланиб, гоҳи хода билан пайпаслаб, текшириб, одамлар томонга кечиб боравердим: сув гоҳ тиззамга, гоҳ белимга, гоҳ кўкрагимга чиқарди. Лойқа бута, шох-шаббалар ҳам юришимни қийинлаштиради…

Шу алфозда минг ўлиб, минг тирилиб, тепаликка, одамларга яқинлашдим. Уларга яқинлашганим сари кўл саёзлашиб, юришим енгиллашганини сезиб борардим. Юз метрлар чамаси масофа қолганда, кимдир мени танидими ёки бу “дунёбехабар”га ёрдам бериш керак, деган фикрга бордими, кўлга тушиб, мен томон кела бошлади…

Одамлар орасида мома ҳам турган экан. У неварани бағрига босиб, қўлида тугуни билан ёнимга келди. “Худога шукур, тирик экансиз”, — деди у. “Нега уйғотмадинг?” — “Эсимдан чиқиб кетибсиз”…

Мен унга ҳеч нима демадим. Аммо кўнглимни бир изтироб тирнаб кетди: “Во дариғ-о, наҳот бутун ҳаётимни шу аёлга бағишлаган бўлсам?!”

…Неварам менга талпинар… ёмғирнинг шашти аста-аста пасайиб борарди.

Бозор Илёс ал-АМИН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг