Бош саҳифа / Жамият / Воҳанинг энг ёш депутати

Воҳанинг энг ёш депутати

— Шахзод, эшитишимча, 22 ёшингизда Шўрчи туманидаги “Наврўз” маҳалласи раислигига сайлангансиз. Одатда бундай лавозимга халқимиз кўпни кўрган, элнинг бошини қовуштира оладиган, тажрибали кишини муносиб кўради. Буни қарангки, халқ бу сафар 22 яшар йигитга суянишни хоҳлабди. Хўш, уларнинг ишончини қандай қозона олдингиз?

 — Тўғри, 22 ёшли йигитга маҳалла аҳлининг ишонч билдириши ҳеч бир кутилмаган ҳолат. Бироқ шу нарса аёнки, бугун одамлар ҳақиқатга, адолатга ва самимий, рост сўзлайдиган инсонларгагина ишонади. Мен эса буни амалда исбот этишим мумкинлигига уларни ишонтира олдим.

Минг афсуски, бугунги кунда маҳаллаларимиз фаолиятида оддийгина яшаш тўғрисида маълумотнома беришдан тортиб, ёшга доир нафақа тайинлашда одамлардан таъма умид қилиш буткул йўқолгани йўқ. Ҳали ҳануз аксарият маҳаллаларда таниш-билиш, ошна-оғайнисига ён босиш ёки таъма эвазига хат-ҳужжат тўғирлаб бериш ҳоллари учрамоқда. Мен эса сайлов олди дастуримда биринчи навбатда, ана шундай ноҳақликка чек қўйишга, 25 йилдан буён охиригача қуриб битказилмаган маҳалла биносини ҳомийлар ёрдамида тўлиқ таъмирлашга ваъда бердим. Кўпдан бери ана шу муаммога ечим излаб юрган маҳалла аҳлига менинг таклифим ёқиб тушди. Ва одамларнинг ўзлари мени маҳалла раислигига сайлашди?

— Ёш раис сифатида ваъдангизни қай даражада бажара олдингиз?

 — Биринчи навбатда, ёшга доир нафақа ҳамда моддий ёрдам пулини ҳақсиз равишда олаётган 17 нафар кишининг исм-шарифини рўйхатдан ўчириб ташладим. Ва ушбу маблағнинг фақат ҳақиқий эгалари, кўмакка муҳтож оилалар олишини таъминладим. Маҳаллага бирор бир ҳужжат, маълумотнома сўраб келган фуқаролардан “бланка учун пул ёки қўл ҳақи” олишни, таъма эвазига бирор иш битириб беришни батамом йўқотдим. Энг асосийси, бир ой ичида “Наврўз” маҳалласи биносини ҳомий топиб, уларнинг ёрдами билан тўлиқ қуриб битказиб, таъмирлаттирдим. Нотинч оилалар билан алоҳида ишлашни йўлга қўйдим. Бунда менга маҳалладаги кекса ҳожи отахон-онахонларнинг кўмаги асқотди. Умуман олганда, маҳалладаги барча оилаларнинг аҳволидан хабардор бўлиш, кўмакка муҳтожларни эътибордан четда қолдирмасликка, турли тадбирлар ва оммавий ҳашарлар уюштириб, қўни-қўшниларнинг аҳил яшашлари учун астойдил ҳаракат қилдим.

 — Қисқа вақт ичида “Наврўз” маҳалласидагиларнинг кўнглидан тезда жой олиб улгурганингиз маълум. Аммо бугун талаба бўлишингизга қарамай, бир эмас 14 та маҳаллани ўзида жамлаган 41-Ободон сайлов округи депутатисиз. Хўш, Шўрчи туманидаги 14 та маҳалла аҳлининг вакили сифатида уларга қанчалик нафингиз тегаяпти?

 — Айни пайтда Термиз давлат университетининг архитектура ва қурилиш факультети 3-курс талабасиман. Ҳафтанинг иш кунлари табиийки, таҳсил олиш билан банд бўламан. Лекин ҳафтанинг фақат дам олиш кунлари, байрамларда менга бириктирилган маҳаллаларга бориб, аҳоли билан суҳбатлар, турли тадбирлар уюштираман. Навбати билан ҳар ҳафта битта маҳаллага боришни, аҳолининг муаммоларини ўрганиш бўйича ўзимга режа тузиб олганман. Айниқса, байрамларда албатта, кексаларнинг, кўмакка муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олишга, мактаб ўқувчиларига китоб улашишга ҳаракат қиламан. Бундан ташқари, кредит олиб тадбиркорлик қилиш ё иссиқхона қуриш ниятида бўлганларга амалий ёрдам бердим. Жумладан, “Ойнакўл” маҳалласи фуқароси Рашид Шаймардоновга АТБ “Қишлоқ қурилиш банки”дан 17 миллион сўм миқдорда кредит ажратилишига кўмаклашдим.

— Охирги марта округингиздаги қайси маҳалла фуқароларининг муаммосини ўрганиб, бу бўйича депутатлик сўрови юбордингиз?

— “Зарбдор” ва “Катта совур” маҳаллалари фуқаролари газ баллони олиб беришда амалий ёрдам сўрашганди, уларга 7 та газ баллони етказиб берилди. Бундан ташқари, “Зарбдор” маҳалласидаги 24-умумтаълим мактабида бундан бир-неча йил аввал бошланғич синфларга давлат дастури асосида 150 ўринли қўшимча бино қурилиши керак эди. Аммо 150 ўрнига 70 ўринли бино барпо этилган. Шу сабабли ўқувчиларга синфхоналар етишмайди. Ушбу муаммо юзасидан Шўрчи туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юбордим ва қолган 80 ўринли бино 2019 йилдаги давлат дастурига киритилиши ҳақидаги жавобни олдим.

 — Депутатлик сўровингизга келаётган жавоблар сизни қониқтиряптими?

 — Фаолиятим давомида маҳаллий ҳокимият органларига 40 маротаба депутатлик сўрови юбордим. Бироқ уларнинг 10 таси ўз ечимини топди, холос. Очиғини айтсам, халқ орасида депутатлар фаолияти ҳақида бироз салбий, танқидий фикр- лар юради. Аммо бугун ўзим шу фаолиятнинг ичига кирганимдан сўнггина англаяпманки, муаммоларнинг ечим топиши биргина депутатнинг ўзига боғлиқ эмас экан. Шунданми, бугун депутатлик фаолиятимдан кўнглим тўлаяпти, деб айта олмайман. Чунки бирда сўровларимизга жавоб келса, ке- йинги гал улар эътиборсиз қолиб кетади. Масаласи ҳал бўлмаган одамларнинг эса ҳафсаласи пир бўлиб қолаверади. Баъзан шу ҳолга тушган одамларни кўриб, ёрдам бера олмаётганимдан қийналаман. Балки депутатларнинг ваколат доирасини кенгайтирган маъ- қулдир, деб ўйлаб қоламан.

Кейин сўровларни юборишда ҳали ҳам эскича усулда, яъни хат билан мурожаат қиламиз. Агар сўровларни электрон усулда йўлласак, анчагина вақтимиз тежаларди.

— Ўтган йили 30 июнда бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сизнинг сўз олиб, Президентимизга қарата дадил фикрларни айтганингизни кўпчилик эътироф этганди. Ўшанда юрагингиздан нималар ўтган?

 — Очиғи, Президентимизни кўрсам, ғайратим ичимга сиғмай кетади. Анчадан буён юрагимга тугиб юрган гапларимни, таклифларимни айтмасам, кейин ўзимни койиб юраман. Шунинг учун сўз олиб, аввало, юртдаги ўзгаришлар, ёшларга берилган беқиёс имкониятлар учун миннатдорлик билдирдим. Сўнгра биз ёшлар белимизни маҳкам боғлаб, шундай Йўлбошчининг ортидан дадил боражагимизни билдирдим.

—   Қандай адабиётларни севиб мутолаа қиласиз?

 —    Аслида университетда автомобиль йўллари ва аэродромлар йўналиши бўйича таҳсил олаётган бўлсамда, сиёсатшуносликка қизиқаман. Шунинг учунми, сиёсий йўналишдаги адабиётларни севиб ўқийман. Аммо ҳаётимда бадиий адабиётнинг ҳам ўрни бўлакча. Айниқса, улар орасидан Ўткир Ҳошимовнинг ҳаётий воқеалар асосида ёзилган “Дунёнинг ишлари” қиссасини севиб мутолаа қиламан. Қолаверса, кўпчиликнинг кўнглидан жой олган Муҳаммад Юсуф шеърларини ҳам тез-тез ўқиб туришни хуш кўраман.

—   Келажакдаги режаларингиз…

 —         Университетни тамомлагач, сиёсатшунослик йўналиши бўйича ҳам таҳсил олмоқчиман. Ундан сўнг, қаерда ишламайин, аввал тажриба тўплайман. Чунки билим билан бирга тажриба ҳамоҳанг бўлсагина ҳар қандай фаолиятда ўсиш кузатилади. Энг муҳими, одамларга, халқа нафим тегиши учун астойдил ҳаракат қиламан.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА
суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan