Воҳанинг экспорт имконияти

0
82

Вилоятимизда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун қулай шароит ҳамда имкониятлар яратиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

—     Воҳамизда ишлаб чиқарилаётган ва етиштирилаётган маҳсулотларга чет давлатлар катта қизиқиш билан қарашмоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Тўра Боболов. — Жумладан, 2017 йилда вилоятда 27 та экспортёр фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 38 нафарга етди. Шу ўринда экспортёрлар нафақат маҳсулотлар олди-сотдиси, балки кластерларини ташкил қилиш бўйича ҳам ўз таклифларини билдиришмоқда.

Вилоят божхона бошқармасида экспортга юборилаётган барча турдаги маҳсулотларни “Термиз”, “Жарқўр- ғон”, “Денов” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тез фурсатларда расмийлаштириш тизими яратилган. Масалан, “Termiz Kargo Centr” МЧЖ ҳудудида жойлашган “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали ҳозирда экспорт қилиш учун олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситаларининг замонавий рентген мажмуаси орқали божхона кўригидан ўтказилиб, расмийлаштирув ишлари тез фурсатда амалга оширилиб, экспортга йўналтирилмоқда. Мазкур божхона маскани орқали бир суткада ўртача 70 га яқин автотранспорт воситалари чуқур назоратдан ўтказилаяпти. Айтиш керакки,  давлат раҳбари томонидан ҳудудий экспорт ҳажмини камида 30 фоизга ошириш, импортни эса 30 фоизга оптималлаштириш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқиш ва шу асосда ишларни ташкил этиш белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқ ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ҳар куни 2 соат экспорт ва 2 соат импорт масалалари бўйича чуқур таҳлил олиб борилмоқда. Натижада, ўтган икки ой мобайнида экспорт ҳажми 17,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 миллион АҚШ долларига, ёки 60,6 фоизга кўпайган. Экспорт ҳажмининг ошиши билан бир қаторда яратилган енгилликлардан келиб чиқиб, экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 72 фоизи Афғонистонга, 10 фоизи Россияга, қолган 18 фоизи Туркия, Хитой, Украина, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.

ЭЛЕКТРОН ҚУЛАЙЛИК
ВАҚТНИ ТЕЖАЙДИ

Бу ерда шунингдек, экспорт ишларини “Бир дарча” тамойили бўйича амалга ошириш механизми қўлланиб келинмоқда. Аҳамиятлиси, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан тегишли сертификат ва рухсат бериш тўғрисидаги ҳужжатлар учун аризанинг ягона электрон шакли расмийлаштирилиб, сертификат идораларга электрон тарзда юборилади. Ўз навбатида, улар ҳам тадбиркорларга керакли ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштириб беришади. Бу эса тадбиркорларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаб, давлат хизматларига бўлган ишончини оширмоқда.

“Termiz Kargo Centr” МЧЖ ҳудудида, замонавий меҳмонхона ҳам бунёд этилган бўлиб, унда чет эллик тадбиркорлар ва маҳаллий ишбилармонларнинг ўз бизнесини самарали олиб бориши ва дам олишлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар мавжуд.

СУВ ЙЎЛИНИНГ АФЗАЛЛИГИ

Вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган алоҳида экспорт имконияти бу қўшни Афғонистон билан боғлаб турган “Термиз дарё порти”дир. Дарё порти орқали темир йўл вагонлари ва автоуловларда келган юклар туширилади ва уларни ташиш учун мўлжалланган баржаларга ортилади. Шундан сўнг, юклар Термиз портидан Ҳайратон портига етказиб берилади. Биргина Афғонистонга  ҳар ой дарё порти орқали ўртача 25 минг тонна юк ташилади.  Термиз дарё портида божхона назорати зонаси бўлиб, 6 та ёпиқ турдаги омборхона бор. У бир вақтнинг ўзида 30 минг тоннагача юкни сақлаш имкониятига эга. Шунинг учун портнинг очиқ майдонида бир вақтнинг ўзида 3 мингга яқин 20 ва 40 футли контейнерларни сақлай олади. Буларнинг барчаси маҳсулотларнинг экспорт-импорти ҳамда транзит мақсадларига хизмат қилишга сафарбар этилган.

Гавҳар МАҲМУДХОНОВА,
Азиз АБДУЛФАЙЗОВ,
вилоят божхона
бошқармаси ахборот
хизмати ходимлари

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг