Воҳадошларимиз ҳаж зиёратига кузатилди

0
38

9 август куни 204 нафар воҳадошларимиздан иборат дастлабки гуруҳ “Қарши — Мадина” йўналиши бўйича Саудия Арабистонига кузатилди.

Ҳаж зиёратига отланган воҳадошларимиз ташкилотчилар томонидан гуруҳларга бўлинган ҳолда, белгиланган рейс жадвали асосида муқаддас ислом дини арконларидан бирини адо этиш учун жўнаб кетишди. Сафар олдидан бир қатор сафаролди тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Шеробод туманидаги Абу Исо ат Термизий мажмуасида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, божхона, соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари ҳамда воҳамизнинг 6 та туманидан жами 204 нафар зиёратчилар, гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар иштирок этишди. Унда мутахассислар томонидан ҳаж амалларини мукаммал адо этиш, хорижга чиқиш ва келиш тартибига амал қилиш, саломатликни асраш борасида керакли тавсиялар берилди.

— Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан юқори савияда амалга оширилиши белгилаб қўйилган, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги масъул ходими Абдусалом Фатхуллаев. — Юртдошларимиз учун яратилган шароитларни, бунинг ортидан эса ватандошларимизнинг тартибли равишда адо этаётган ҳаж амалларини, ҳатто, Саудия Арабистони раҳбарияти ҳам алоҳида эътироф этаётганлиги қувонарли.

Зиёратчиларга узоқ сафар олдидан керакли анжомлар, Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари акс этган махсус кийим ва сумкалар, биркалар тақдим этилмоқда.

— Дунёнинг ҳеч бир давлатида ҳаж зиёратига отланган фуқароларига эътибор бизнинг давлатимизда бўлгани каби юқори даражада бўлмаса керак, — дейди Шўрчи тумани “Далварзин” маҳалласида яшовчи Иброҳим Қурбонов хушнудлик билан. Ота-боболарим адо этолмаган ҳаж амали менга, мен сингари пешонаси бахтдан ярқираган юртдошларимизга насиб этаётганидан мамнунман.

Ф. АБДУРАЗОҚОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг