Бош саҳифа / Жамият / Воҳада папайя етиштириш мумкин…ми?!

Воҳада папайя етиштириш мумкин…ми?!

Сурхондарё ноёб наботот ҳамда бетакрор ҳайвонот оламига эга диёр! Воҳа шифобахш ва доривор ўсимликлари билан ҳам ажралиб туради. Борлиқнинг бундай бебаҳо туҳфалари инсон саломатлигига фойдаси тегиши баробарида мусаффолик асоси ҳамдир.

Мўътадил  ва  иссиқ  иқлимли  Сурхон  заминида  йилнинг  тўрт  фаслида деҳқончилик қилиш мумкин. Сўнгги йилларда кам учрайдиган ўсимликларни етиштириш   учун талай хайрли ишлар амалга оширилди.

Томорқа ва иссиқхоналарда апельсин, лимон, банан, мандарин каби цитрус мевалар оммалашган бўлса, айни кунларда ноёб ва инсон саломатлигига нафи тегадиган папайя кўпайтирилмокда.

— Папайя  Жанубий Америка, Ҳиндистон, Малайзияда кенг тарқалган, — дейди зироатчи Неъмат Астанақулов. — Уни қовун дарахти, деб ҳам атайдилар. Баландлиги 6-8 метрга етиши мумкин. Совуққа чидамсиз, танаси анжир каби ковак, ҳосили узунчоқ, майда қовунга ўхшаб кетади. Бананга хос ғужжа ҳолда 4-5 та тугади. Папайя уруғи 10-15 сантиметр оралиқ, 2-3 сантиметр чуқурликда чириган гўнг ва қумли ерда экилади. Униб чиқиш муддати 15-25 кун. Намлик 70-80 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Ўсимликка кимёвий ва биологик усул (анжир каби) билан ишлов берилади. Бир йилда 6-8 мартагача суғориш тавсия этилади. Уч-тўрт йилдаёқ мевага киради. Йилига икки марта (июнь ва декабрь ойларида) ҳосил терилади. Қовун ва ҳандалакдек хуштаъм, мевалари қизғиш сариқ ёки сариқ бўлади. Ярим килодан уч килогача тош босиши мумкин.

— Папайя етиштириш йўлга қўйилгани айни муддао, — дейди шифокор Хуррам Худойқулов. — Унинг таркибидаги талай ноёб микроэлементлар, «А», «В», «С», «Д» дармондориларнинг инсон саломатлигига катта фойдаси бор. Альбумин, темир моддаларига бой. Қанд касаллигига чалинганларга истеъмол қилиш тавсия этилади. Ошқозон-ичак, ўт пуфаги, жигар, умуртқа, бўғин остеохондрози, жигар, камқонлик касалликларига фойдали. Энг асосийси, организмда тўпланиб қолган тузлардан фориғ қилади. Ич кетишни яхшилаш, гижжаларни йўқотиш хусусиятига эга. Меваси ва уруғи ҳосил бўлаётган рак тўқималарини бошланғич босқичда йўқ қилиши исботланган. Ундан ажойиб шарбат ҳам тайёрлаш мумкин. Меъёрида шакар аралаштирилган суюқлик овқат ҳазм бўлишида ёрдам беради…

Айни кунларда Қаш- қадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги тажриба хўжаликлари ҳамда хонадонларда етиштирилаётган папайяни келажакда кенг майдонларга экиш режалаштирилган.

Муслимбек БОТИРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan