Бош саҳифа / Жамият / Воҳада Наврўз!

Воҳада Наврўз!

Яшариш ва янгиланиш рамзи саналган Наврўз умумхалқ байрамини бу йил мамлакатимиз аҳолиси янада катта тайёргарлик, янада шоду хуррамлик билан қарши олдилар. Юртдошларимизнинг қалбига кўтаринки кайфият бахш этиб, она заминимиз узра беназир таровати билан кириб келган бетакрор айём шукуҳидан қалблар завқ-шавққа бурканди, десак муболаға бўлмайди. Борлиқ, олам яшил либосда, кеча ва кундуз тенглашган файзли онларда воҳадошларимиз бир бирларига омонлик, юртга осойишталик, хирмонларга ва дастурхонларига мўл-кўл ризқу насиба тилашади.

Халқимизнинг ардоқли байрами Наврўз айёмини юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик, хайр-саховат тимсоли сифатида қадрлашимиз, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири инобатга олиниб, бетакрор айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб вилоятимиз ҳокимининг ташаббуси билан бу йилги байрам тантаналари Термиз туман “Отчопар” мажмуасида шаҳар ва туманларимиз марказларидаги истироҳат боғларида, маҳаллаларда ва қиру-адирларда сайил тарзида муносиб нишонланди. Унда табиатнинг инсоният кайфияти билан уйғунлиги, ҳар гиёҳнинг она замин узра умид билан ниш отиши, неъматларининг беназир эканлиги, фараҳбахш кунлар қадр-қиммати ва шукроналик туйғусига даъват этувчи турли маънавий-маърифий тадбирларга алоҳида аҳамият қаратилди. Халқ сайилларида варрак учираётган болажонлар борлиғидаги қувонч ҳар қачонгидан юксакроқ эди.

Эрта тонгдан “Отчопар” мажмуасида яшариш ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўз умумхалқ байрамини воҳамиз аҳолиси чин маънода катта шоду хуррамлик билан қарши олдилар. Байрам сайлига ошиқаётган воҳадошларимиз сафининг кенглигидан билдикки, барча орзиқиб кутган бу айём шунчалар ардоқли.

Барча туман, корхона ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари томонидан ясалган ҳар бир қўрғон ўтовида боқий қадриятларимиз намунаси акс этган. Халқимиз чеҳрасидаги мамнунлик, шоду хуррамлик баҳор нафаси билан уйҚунлашиб кетганининг гувоҳи бўласиз. Байрам сайлида халқ ўйинлари, турли спорт мусобақалари, созанда ва раққосаларнинг жўшқин чиқишлари, масхарабоз ва дорбозлар иштирокидаги ўйинлар Наврўз шукуҳига янада тароват бахш этди.

Сайилларда Наврўз таомларидан сумалак, ҳалим, ёрма пиширилиб дастурхонларга тортилган. Байрам сайлида энг мазали сумалак, ош, кўркли ўтовлар кўрик-танлови ўтказилиб, энг намунали деб топилганлари вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди. Айниқса, элимизнинг ардоқли хонандалари Озодбек Назарбеков, Ҳосила Раҳимова, Баҳром Назаров, Лобар Умарова, Наргиз ва Машҳурбек каби санаткорларимиз томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, миллий либосларда байрам файзига файз қўшган оналаримиз, опа-сингилларимиз ижросидаги халқ қўшиқлари, бахшиларнинг термалари иштирокчиларга ҳаловат улашди.

Сайилга ташриф буюрган хорижликлар ва қўшни вилоят вакиллари Сурхон воҳасининг бетакрор анъаналарга гувоҳ бўлишдилар. Айниқса, номдор полвонлар давра айланган миллий кураш бўйича кечган беллашувлар барчада катта таассурот қолдирди.
—Барибир, миллий курашимиз бошқача-да. Бутун борлиғинг жўшқинланиб кетади. Вилоят ҳокимлигига минг раҳмат, ҳеч бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмаган. Ҳақиқий сайл бўлибди,—дейди кураги ерга тегмаган полвон Абдулла Тангриев.

Сайлнинг иккинчи куни ҳам сайилгоҳ воҳадошларимиз билан лиммо-лим бўлди. Унда донғи кетган чавандозларимиз кўпкари ўйинларига янада завқ бағишлади. Деярли барча туманлардан ташриф буюрган Жамшид, Музаффар, Нурали, Шерзод, Ғайрат, Алишер, Шоди, Элбек, Олим чавандозлар маҳорати ҳаммани лол қолдирди.
—Ҳақиқий чавандоз отнинг тўқимига улоқни тортдими, шериклари ундан улоқни узиб ололмайди. Тўғрисини айтсам, бугунги сайилдан роса роҳатландим,— дейди 76 ёшни қаршилаган Чори чавандоз.

Кўпкари ўйинларида йигирмага яқин соврин қўйилди. Кенг майдонда ор талашиб улоқ айирган чавандозлар вилоят ҳокимлигининг борғиси, яъни қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. То кечгача давом этган кўпкаридан барча бир олам таассуротлар билан қайтишди.
—Термизийлар юртига меҳрим бошқача. Мана бу сафарим айни Наврўз байрамига тўғри келди. Аҳолининг кўтаринки кайфияти, байрам сайилининг юқори савияда ташкил этилгани менда катта таассурот қолдирди. Нуротага борсам ҳали бу ҳақда воҳадошларимга тўлқинланиб айтиб бераман,—дейди Навоий вилоятидан ташриф буюрган, 68 ёшни қаршилаган отахон Алиқул Нурмуҳаммадов.

Бир сўз билан айтганда, меҳр-оқибат айёми ҳисобланган, халқимизнинг маънавиятини безаб турган умрбоқий қадриятлар айёми воҳамизда ўзига хос эътибор ва эъзоз билан нишонланди.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE