Воҳада форель балиғи етиштирилмоқда

0
37

Дараи Ниҳон бўйлаб тўрт минг метрдан зиёд баландликдан ўзан оладиган жўшқин Тўпаланг дарёсининг тоғ этаги ҳавзасида бунёд этилган “ГЭС давлат унитар корхонаси” ҳудудида жойлашган “Глобал Агро фиш” хусусий корхонаси бугун форель балиқ етиштириш билан шуғулланади. Бу соҳа нафақат туманимизда, балки вилоят миқёсида ягонадир.

Балиқнинг, форель (хонбалиқ, ё гулмоҳи) турини етиштиришни, Аъзамжон Аҳмадқулов кўпдан бери ўйлаб юрарди. Ниҳоят хусусий корхона очишга эришди…

Дастлаб, Польша давлатидан 150 минг дона форель уруғи (икра)ни келтирди. Ишнинг яна бир қийин жиҳати, икрани инкубация қилиш эди. Бунинг учун балиқчиликни пухта биладиган мутахассисни топиш зарур. Россиянинг Выборгский туманида балиқчилик корхонасида ишлаган Жўрабек Тоғаймуродов корхона раҳбарига манзур бўлди. Боз устига, Жўрабек келажакда форель етиштиришни ташкиллаштириш ниятида Россиядан икки жуфт инкубация ваннасини келтирган экан…

Айни дамда узунлиги 10 метр, эни 4 метрга тенг ҳовузларда 2 тонна балиқ парвариш қилинмоқда. Қувонарлиси шуки, жорий йил соҳани янада ривожлантириш учун корхона Полшадан форелнинг диплоид ва триплоид туридан 200 минг дона икра келтирди. Мақсад триплоид форелини кўпайтириш.

— Икки йилдан кейин икра (уруғлик) ўзимиздан чиқади, — дейди “Глобал Агро фиш” хусусий корхонаси мутахассиси Ж. Тоғаймуродов. Хориждан сотиб олмаймиз. Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи чоғида балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун муҳим топшириқлар берганидан руҳланиб, “Ипотека банк” АТБдан 500 миллион сўм кредит олдик. Туман ҳокимияти 6,5 гектар ер ажратди. Яқинда ҳовузлар сонини кўпайтириб майда форель балиқларини жойлаштирамиз. Айни дамда ички бозорларимизни тоза маҳсулот билан таъминлаяпмиз. Ниятимиз — келгуси йиллардан бошлаб, қўшни Афғонистон ва Тожикистон давлатларига Тўпаланг дарё сида етиштирилаётган форель балиқларини экспорт қилиш ҳамда янги иш ўринлари яратишни режа қилганмиз.

Ҳовуздаги каттаю кичик форель балиқларини кўриб ҳайратга тушдик. Тиниб-тинчимай меҳнат қилаётган Акрам, Икром, Илҳом Бобомуродовлар ушбу корхонага келганларидан хурсанд. Чунки балиқ парвариши уларга аллақачон “хобби”га айланган. Муҳими, иш топиб, ҳар ойда 1-1,5 миллион сўм маош олишади.

“Глобал Агро Фиш” ходимларининг ниятлари бир дунё. Биз ҳам бу корхонанинг аҳил жамоасига омадлар тилаб, келажакда республика миқёсида ҳам довруғи баландроқ бўлиб, экспорт соҳасида ҳам юқори марраларни забт этишига аминмиз.

Солеҳ МУҲАММАДЖОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг