Воҳада экотуризм ривожланади

0
65

Президентимизнинг  2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони  ва 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни  таъминлаш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятимизда ташқи ва ички туризмни янада ривожлантириш дастури, чора-тадбирлар  режаси ишлаб чиқилган.

Воҳамиз  туризмни     ривожлантиришда  қулай имкониятларга эга. Расмий  рўйхатга олинган  375 та тарихий, маданий, меъморий мажмуалар, бетакрор  археологик  ёдгорликлар, табиат  мўъжизалари  мавжудки, бу  бош- қа  ҳудудларда такрорланмайдиган жиҳатлардандир. Бугунги  кунда  бутун  дунёда туризмнинг  11 та йўналиши йўлга қўйилган. Воҳамизга  келаётган  сайёҳлар эса асосан, тарихий обидаларни томоша қилиш  ва  зиёрат туризми  учун  келаётир.

Сурхондарёда   экотуризм йўналиши  ҳам   анчагина  истиқболли.  Ҳудуднинг ўзига хос  бетакрор  табиати тоғ ва тиббиёт, агро-экотуризмини  ҳам    кенгроқ  йўлга  қўйишга   имконият яратади.  Вилоятнинг  шимолий-ғарбий  қисми  Кўҳитанг, Бойсунтоғ  ҳамда  Ҳисор  тоғлари  билан  ўралган.

Ана шу тоғлар бағрида Сариосиё, Денов, Олтинсой, Бойсун, Шеробод туманлари бор.  Эндиликда  бу  тоғлар этакларида, Шеробод, Бойсун, Сариосиё  туманларида тоғ туризми  кластерлари  фаолияти  йўлга  қўйилади.  Кўҳитанг  тоғлари этагида бунёд этилиши кўзда тутилган кластер таркибига  қадим  қадриятларга эга, табиати  фусункор  Шалқон қишлоғи, Хўжаикон туз  кони ва сиҳатгоҳи, Шерободнинг машҳур  анорзорлари киради. Бойсун  тоғи  кластерига  эса машҳур  Омонхона  сиҳатгоҳи, Дарбанд қишлоғи, Зовбоши тоғли ҳудуди  қамраб  олинади. Ҳудудининг катта қисмини тоғлар ташкил этувчи Сариосиё туманидаги тоғ туризми кластерига эса Сангардак қишлоғи ва бетакрор Сангардак шаршараси, Узун туманининг Хонжиза қишлоғи киради.

Мазкур туризм зоналарида сайёҳлар учун барча шароитларга эга меҳмонхона ва  сиҳатгоҳлар, туристик аҳамиятга эга бино  ва  иншоотлар  бунёд   этилиши  кўзда тутилаётир. Тан олиш керакки, юқоридаги жойларнинг  ҳамда  воҳадаги  бошқа  экотуризм  манзилларининг  ҳолати кўнгилдагидек эмасди.

Хусусан, Омонхона  ва  Хўжаипок сиҳатгоҳларидаги тартибсизликлар, Сангардакдарё  ёқасидаги  тирбандликлар, Шал- қон  адирликларида уюлиб  қолган  чиқиндилар  кўнгилни  хира  қиларди.  Эндиликда маҳаллий  ҳокимият  ва  масъул  идоралар  вакиллари  ҳамкорлигида  бир қатор  истиқболли  лойиҳалар  ишлаб чиқилмоқда, таъсирчан  чоралар  кўрилмоқда.  Халқ  депутатлари  туман  Кенгашларининг сессияларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза  қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинмоқда.

Ҳудудларда,  шаҳар ва туманлардаги табиатни муҳофаза қилиш инспекциялари тугатилиб, Сурхондарё вилояти  экология  ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат  инспекторлари  шаҳар ва туманларга бириктирилди. Яъни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир қонун ижроси устидан давлат назоратини амалга ошириш мақсадида вилоят  бошқармасида 110 нафар инспектор  фаолият  кўрсатади. Шундан шаҳар ва туманларга 78 нафар давлат инспектори  бириктирилган.

Воҳанинг асосий сув манбаларидан Қизилсув (Сариосиё, Денов, Шўрчи туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи), Қорасув (Бойсун, Музработ, Шеробод, Ангор туманларидан оқиб  ўтувчи), Хўжаипок (Олтинсой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи) дарёларининг  қирғоқбўйи атрофларини  чиқиндилардан  доимий  тозалаб  бориш  талаб этилади.

Вилоят бўйича бир йилда атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори жами 56,9 минг тоннани ташкил қилиб, шундан 94 фоизи ёки 53,7 минг тоннаси ҳаракатланаётган 128,6 минг дона автотранспорт   воситасининг  ҳиссасига  тўғри  келади.

Экотуризмни  кенг миқёсда йўлга қўйишда вилоятдаги айрим ҳудудлар ўзига хос истиқболга эга.  Масалан, ёзи иссиқ, қиш  мавсуми ҳам анчагина илиқ келадиган Термизнинг  иқлими   ҳам   ўзгача. Бу табиий иқлим шароити, экологияси  бир  қатор  хасталикларга  шифо  бўлиши  Жайронхона  шифо  ҳудуди  мисолида ҳам исботланган. Бойсун  туманидаги  тоғли  Мачай қишлоғи ва унга ёндош бир қатор қишлоқлар атрофида бир нечта  жаҳонга  машҳур  ғорлар  мавжуд. Зовталашсой дарасидаги Тешиктош ғоридан инсоният тамаддунининг неандертал  типига  оид  8-9 ёшли бола скелет суяклари ва ўша даврнинг ҳаётий намуналари топилган. Кейинги  минг йилликларга тегишли Мачай ғори, Соҳибқирон  ҳаёти ва ҳарбий ҳаракатлари  билан  боғланган Амир Темур ғори ҳам сайёҳларни қизиқтирмасдан қолмайди. У ердан инсон ақлини-да шоширадиган  табиат  мўъжизаларини  ҳам  истаганингизча  топиш  мумкин.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда экотуризмнинг ривожланиши ҳудуд иқтисодиётининг  ўсиши, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги таъминланишида   ҳам  ўзига  хос  ўрин  тутади.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг